Қирғизистон: қирғиз-тожик чегарасида вазият кескинлашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Askar Baimuratov
Image caption 11 январ кунги ҳодисада ҳар икки томон бир-бирини айблайди

Қирғизистон Давлат чегара хизматининг билдиришича, қирғиз-тожик чегарасида вазият яна таранглашган.

"Давлат чегарасининг қирғиз-тожик ҳудудидаги вазият ўзгарди",- дейилади қирғиз томони тарқатган баёнотда.

Унда айтилишича, 11 январ куни қирғиз ва тожик чегарачилари ўртасида отишма юз берган Боткен вилоятининг Оқ-Сой ҳудудида вазият кескинлигича қолмоқда.

Қирғиз тарафининг билдиришича, сешанба куни икки давлат чегара хизматлари ўртасида кечган музокараларга Тожикистон вакиллари "тўла жанговар анжом ва бронежилетларда" келишган.

"Музокаралар чоғида тожик томони Кок-Таш-Ак-Сай" автойўли қурилишига қатъий қаршилик кўрсатиш ниятида эканини билдирди", - дейилади қирғиз чегара хизмати тарқатган хабарда.

Жанговар шайлик

Қирғизистон Давлат чегара хизмати "Қирғизистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун барча зарур ҳозирлик чораларини кўргани, шу жумладан, эҳтимолий қуролли ҳужумни қайтаришга тайёр"лигини айтган.

"Барча куч тизимлари билан биргаликдаги ҳаракат масалалари ишлаб чиқилган", - дейилади баёнотда.

Қирғиз томони Тожикистон чегарачиларининг "бу каби тажовузкор ҳаракатлари вазиятни мураккаблаштириши ва икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларга путур етказиши"ни таъкидлаган.

Қирғизистон Тожикистонни юзага келган баҳсни "кучни кўрсатиб қўйиш йўли билан эмас, балки тинч йўл -музокаралар орқали ҳал қилиш"га чақирган.

11 январ куни Боткен вилоятининг Оқ-Сой қишлоғида юз берган отишмада икки тожик чегарачиси яраланган.

Ҳар икки томон ҳодисада бир-бирини айбламоқда.

Тожик тарафининг айтишича, Қирғизистон 7 январда эришилган келишувга хилоф равишда баҳсли ҳудуддаги йўл қурилишини давом эттиришга уринган.

Аммо Қирғиз чегара хизмати мабуот котиби Гулмира Бўрибоева Би-би-си билан суҳбатда йўл қурилиши Қирғизистон ҳудудида олиб борилаётганини айтган ва қурилиш ишлари давом этишини айтган.

Душанба куни Боткен вилоят марказида кечган музокаралар чоғида икки томон чегара баҳсини ечиш юзасидан келишувга эришгани, унга мувофиқ чегара минтақасида Қирғизистон ва Тожикистон ички ишлар вазирликларининг патрул гуруҳи фаолияти йўлга қўйилиши маълум қилинганди.

Қирғиз томони икки давлат бош вазир ўринбосарлари қўшма текширув юзасидан келишувга эришганликларини ҳам билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ