Тўрт йил олдин миллатлараро тўқнашувга саҳна бўлган Ўш шаҳрида янги мэр сайланди

Сайлов натижалари эълон қилиниши билан ҳокимият олдидаги майдонни собиқ мэрнинг тарафдорлари тўлдирган Фото муаллифлик ҳуқуқи kloop.kg
Image caption Сайлов натижалари эълон қилиниши билан ҳокимият олдидаги майдонни собиқ мэрнинг тарафдорлари тўлдирган

Ўш шаҳар собиқ мэри Мелис Мирзақматов сайловларда рақиби Айтмамат Қадирбаевга ютқазган. Шаҳар марказий майдонида Мирзақматовнинг тарафдорлари митинг бошлаб юборган.

Чоршанба кунги ўтган сайловларда Қадирбаев 25 овоз тўплаган ва 19 та овоз олган рақиби Мирзаҳматовни ортда қолдирган.

Натижалар эълон қилиниши билан собиқ ҳоким Мелис Мирзақматовнинг бир гуруҳ тарафдорлари сайловлар бўлиб ўтган ҳокимиятга бостириб киришга ҳаракат қилган. Ҳокимият биносига қараб тошлар улоқтирилгани айтилмоқда.

Ўша заҳоти ҳокимият ёнидаги марказий майдонни Мирзақматовнинг тарафдорлари тўлдирган. Маҳаллий журналистлар намойишчиларни бир неча мингта эканини ёзди. Майдонда отлиқлар ҳам кўринган.

Сайлов натижалари эълон қилингандан тахминан бир соат ўтиб собиқ ҳоким Мелис Мирзақметов майдонга йиғилган тарафдорларининг олдига чиқиб нутқ сўзлади.

“Баҳорда янги кучлар билан келиб буларнинг ҳаммасини жойига қўямиз. Ёки бу нарсани Худо қилади. Ҳокимиятни босиб олганимиз билан ҳеч нарсага эришмаймиз”, - дея клооп.кг сайти Мирзақматовнинг гапларидан иқтибос келтирган.

Мелис Мирзақматов тарафдорларини тарқалишга чақирган.

Сайлов арафасида Ўш мэрини Қирғизистон Бош вазири Жонтўра Сотболдиев вазифасидан озод қилган эди.

Мелис Мирзакматов анчайин ўзбошимча, марказий ҳукуматга бўйсунмайдиган шахс сифатида танилганди.

Қирғизистон жанубида 2010 йили юз берган миллий низоларнинг бир йиллиги арафасида Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзакматов Би-би-си билан суҳбатда унга қарши бўлган кучлар уни наркобарон, бандит қилиб кўрсатишга ҳаракат қилгани, бироқ шаҳар ҳокимияти бажараётган ишлар бу айбловларнинг бари асоссиз эканини исботлаганини айтган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўш шаҳри янги хокими Айтмамат Қодирбоев 1966 йили Ўш вилоятининг Қорасув туманида туғилган.

Олий маълумотли, Қиргизистон давлат дорилфунининг иқтисодиёт факультетини битирган.

Айтмамат Қодирбоев Ўш шаҳрида темир-бетон маҳсулотлари корхонаси раҳбари, 2007 йилнинг 14 сентябридан буён Ўш вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2010 йилнинг 13 май куни ағдарилган президент Курманбек Бакиев тарафдорлари вилоят хокимияти биносини босиб олган пайтда «халқ ҳокими, губернатор» дея эълон ҳам қилинган.

2012 йилнинг 12 март куни Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш ва ривожлантириш давлат дирекцияси бош мудирининг биринчи муовини лавозимига тайинланганди.

Бу мавзуда батафсилроқ