Тожикистон ва Қирғизистон зиддияти ортида нима бор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Askar Baimuratov
Image caption Чегарасиз чегара муаммолари

11 январ куни рўй тожик-қирғиз чегарасида рўй берган қуролли тўқнашув икки мамлакат ўртасида жиддий қарама-қаршилик пайдо бўлишига бир баҳя қолдирди.

Икки мамлакат чегарачилари иштирокидаги отишма оқибатида камида саккиз ҳарбий жароҳатланди.

Бу қўшни давлатлар чегарасида рўй бераётган илк зиддият эмас.

Аммо ҳозирга қадар, икки ўртадаги «қон қизиши» бу каби қуролли ва қонли тус олмаган эди.

Кузатувчиларга кўра, ҳар икки ўртада сарҳадлар ва сув масалалари ҳал этилмагани сўнгги зиддият заминида ётган асосий сабаблардандир.

Бу ечилмаган масалалар юзасида ҳар икки мамлакат фуқаролари тез-тез «ёқалашиб» турадилар.

Бу ёқалашишлар эса кўпинча ҳуқуқ-тартибот ходимлари аралашуви билан бостирилади.

Шунингдек, мутахасисларга кўра, чегара ҳудудларда демаркация ўтказилмагани ва «дарвозалар ланг очиқ» қолаётгани ҳам айни муаммолар кучайишига сабаб бўлмоқда.

Эскириб бораётган “янги” муаммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳар икки томоннинг даъволари бор

Чегараларни аниқлаб олиш масаласида эса икки томон ҳукумат вакиллари бир неча марта учрашишди, маслаҳат ва муҳокама қилишди.

Икки давлат раҳбарлари ҳам айни масалани ўзаро муҳокама этдилар.

Аммо ҳар икки томон ҳам турли мавқеини эгаллагани боис демаркация масаласини ҳал этиш имконсиз бўлиб қолаётир.

Тожикистон ва Қирғизистон ўзаро 900 чақиримлик чегарага эга.

Бу ҳудуднинг аксарияти демаркация қилинмаган.

Чегара чизиғи эса ўта нисбий ва аксарият ҳолатларда бир кўчадан ва ё бир жамоатдан ўтади.

Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳоли орасида гоҳ сув, гоҳида томорқа ва баъзан яйловлар ўртасида муаммолар чиқиб туради.

Ҳар иккала давлат ҳам турфа йиллар нашр қилинган хариталар асосида ўз ерини талаб қилмоқда ва кузатувчиларга кўра, бу каби ёндашув барча муаммоларнинг бошидадир.

Тожикистон чегараларни 1924-1939 йиллар Қирғизистон эса 1958-1959 йилларда нашр этилган хариталар асосида белгилашни истайди.

"Шўролар даврида айрим ҳудудлар икки давлатнинг маҳаллий раҳбарлари орасида ижарага алмашилиб турилган. Масалан, яйловлар…Кейинроқ эса Қирғизистон Олий Совети бу ерларни «ўзиники» қилиб эълон этган. Ўша пайт Тожикистон раҳбарияти бу ҳақда билмаган ҳам…Шунинг учун ҳам айни «ўзиники» қилиб олишга доир бирор бир ҳужжат имзоланмаган. Энди эса тожикистонликлар Қирғизистоннинг Шўро давридаги қарорлари устида баҳс қилмоқдалар», дейди тожикистонлик сиёсатшунос Шерали Ризоев.

Сўнгги зиддият рўй берган ҳудудни ҳам ҳар икки томон ўзиники деб ҳисоблайди.

Аввалроқ имзоланган давлатлараро келишувга кўра, бу баҳсли ҳудудларда қурилиш ишлари ва ё бошқа хўжалик лойиҳалари тақиқланади.

"Сўнгги зиддиятга айнан Кўктош-Оқсой-Томдиқ автойўли қурилиши қайта бошлангани сабаб бўлди…Бу баҳсли ҳудуд саналади. Шунингдек, икки давлат келишувнинг асосий нуқтаси ҳам шу ҳақда ва айни қурилиш мавжуд келишувнинг бузилишини англатади. Демаркация якунланмаганига қадар ҳеч қандай қурилиш бошланмаслиги керак», дейди сиёсий шарҳловчи Неъматулло Мирсаидов

Тожикистон ва Қирғизистон чегаралари мамлакат шимолида, Сўғд вилоятида жойлашган.

Бу ерда аҳоли жуда зич яшайди.

Қирғизлар ва тожиклар асрлар давомида бир-бирига қўшни истиқомат қилган.

Тожик қишлоқларининг биқинида қирғиз овуллари жойлашган ва ё тескариси…

"Шўролар даврида бу чегаралар номига бор эди, холос. Одамларда ҳаракатланиш чеклови мутлақо бўлмаган… Икки давлат фуқаролари яйловлардан, сувдан ва ердан бир хилда фойдаланган. Ер агар ўзаро ижарага бериладиган бўлса маҳаллий ҳокимият бу ҳақда биларди…Шўролар қулаши билан бу тизим ҳам вайрон бўлди. Очиқ ва аниқланмаган чегаралар муаммоси яралди», дейди Неъматулло Мирсаидов

Сув заҳиралари масаласи

Image caption Бу галги зиддиятда қон тўкилди

Баҳсли ҳудудлар умумий чегаранинг 30 фоизини ташкил қилади.

Тожикистон томони Қирғизистонни ҳеч кимга билинтирмасдан сувни тақсимлаш ҳудудларини эгаллаб олган деб ҳисоблайди.

Асосан деҳқончиликка ихтисослашган ва аҳоли зич истиқомат қиладиган бу ҳудуда сув ҳаётий муҳим масалага айланган.

Суғориш мавсумида ҳар икки томон деҳқонлари тақчилликка юз тутадилар.

Қирғизистон эса Тожикистоннинг сув тақсимоти ҳудудларига доир эътирозларини асоссиз деб ҳисоблайди.

Тожикистоннинг энг йирик акнлави Ворухда 35 минг аҳоли истиқомат қилади.

Тўрт атроф эса Қирғизистон қишлоқларидан иборат.

Қирғизистон бу ҳудудларни фаоллик билан эгаллаб бормоқда.

Турфа коммуникацион лойиҳаларни ишга солмоқда.

Улар орасида сув лойиҳалари ҳам бор.

Ворух 1959 йилги харитага биноан анклавга айланиб қолган.

Буни Тожикистон томони тан олмайди.

Баҳор ва ёзда сув истеъмоли ўн маротабалаб кўпаяди ва қўшнилар бундан норози бўлишади.

Сув тақсимоти қўшниларнинг зиддиятларига сабаб бўлади.

Шунинг учун ҳам Тожикистон қўшимча йўллар қурилишига қарши, чунки бу сув тақсимоти биртомонлама бўлиб қолишини англатади.

Чегарабўйи муаммолар кучайганида қирғизистонликлар Ворух билан Тожикистон ҳудудини боғлайдиган ягона йўлни ёпиб қўйишади.

Ворухликлар нафақат Тожикистондаги қариндошларини кўришдан, балки озиқ-овқат маҳсулотларини келтиришдан ҳам маҳрум бўладилар.

Бу масала Душанбени безовта қилади ва ҳар қирғиз-тожик музокараларида кўтарилади.

Қулфланган чегаралар

Расман виза тизими бўлмаган икки қўшни давлат фуқаролари бугун ўзаро борди-келдига қийналиб қолишган.

Сўнгги зиддият икки давлат ўртасидаги муносабатларни таранглаштириб юборди.

Қирғизистон ва Тожикистон ижтимоий тармоқларида юзлаб, асосан бири бирига душманона изоҳлар пайдо бўлди.

Масала ўта сиёсийлашиб кетди.

Таҳлилчи Эсен Усубалиевга кўра, бугун Қирғизистон ва Тожикистонга бу зиддиятдан ҳеч бир наф йўқ.

"Халқлар келишиб олишади, аммо муаммо икки давлат раҳбариятининг сиёсий иродаси билан боғлиқ. Биз бу каби муаммолар ҳам ички ва ҳам ташқи кучлар томонидан ишлатилиши мумкинлигини аниқ тушуниб олишимиз керак», дейди Эсен Усубалиев.

Бу мавзуда батафсилроқ