Россия: Тиббий суғурта меҳнат муҳожирларига мажбурий қилиниши мумкин

Россия ҳукумати меҳнат муҳожирлари учун тиббий хизмат тизимини йўлга қўймоқчи.

"Известия" нашри хабарига кўра, ҳукумат муҳокама қилаётган қонун лойиҳаси бўйича иш берувчидан қўл остидаги мигрантлар учун ҳар ой суғурта тўлови тўлаб бориш мажбурий қилинади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари меҳнат муҳожирлари ижтимоий ҳимояланган тиббий муолажага муҳтож эканлигини, бироқ янги қонун уларнинг мушкулини осон қилишига кўзлари етмаслигини айтишади.

Россия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ҳукуматга меҳнат муҳожирларини тиббий суғурта қилишни йўлга қўювчи қонун лойиҳасини тақдим этган.

"Известия" рўзномаси ёзишича, қабул қилинадиган қонун бўйича, иш берувчилар қўл остидаги хориж фуқаролари учун соғлиғи туфайли ишга ярамай қолганда ёки фарзанд кўриш ҳолларида тиббий муолажа олишини таъминлаш учун мажбурий тўловлар тўлаб боради.

Газетанинг ёзишича, хориж фуқаролари учун суғурта тўловлари бир ойлик маошнинг 1,8 фоизи қилиб белгиланади. Россияликлар учун ушбу тўлов 2,8 фоиздан юқорини ташкил қилади.

Айни вақтда Россиядаги меҳнат муҳожирлари фақатгина ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар ва касбий хасталиклардан мажбурий суғурта қилинади.

Санкт-Петербург шаҳрида ишловчи ўзбекистонлик Вакилнинг айтишича, меҳнат муҳожирларини давлат тиббий муассасалари суғуртаси бўлмаса қабул қилмайди. Мигрантлар хусусий шифохоналарга мурожаат қилишга мажбур. Бу шифохоналарни эса ҳамманинг ҳам "чўнтаги кўтармайди".

“Ростини айтсам, мажбур бўлиб чорасиз қолсагина мурожаат қилиши мумкин. Қолган ҳолларда ҳеч кимнинг чўнтаги тиббий даволанишни кўтармайди. Қизимни мактабга бериш учун тиббий маълумотнома керак эди. Менинг суғуртам бўлмагани учун ушбу маълумотнома менга тахминан 600 долларга тушди”, - дейди Вакил.

Россиядаги "Ёшлар" жамоатчилик ҳаракати раиси Махсуд Абдужабборов Россия меҳнат муҳожирлари тўғрисидаги қонунчиликни Оврўпо стандартларига мослаштиришга ҳаракат қилаётганини, аммо ушбу эзгу қонун амалда ишламаслигини айтади.

“Россиядаги меҳнат муҳожирлари қўлидаги 80 фоиз шартнома қалбаки. Уларнинг бирортасига ҳам амал қилинмайди. Ушбу мигрантлар ҳаттоки ким иш берувчи эканлигини билмайди”, - дейди Махсуд Абдужаббаров.

Мавжуд қонунчилик бўйича меҳнат муҳожирлари хасталик нафақаси, текин тиббий хизмат ололмайди. Уларга фақатгина тез тиббий ёрдам кўрсатилиши мумкин. Қолган ҳолларда кўчада ҳам қолиб кетиши мумкин.

Москвадан ҳуқуқбон Баҳром Ҳамроев мажбурий тиббий суғурта тўғрисидаги қонун лойиҳасини маълум гуруҳлар фойдасига ишлаб чиқарилаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

“Бу қонунлар ҳукуматга яқин ташкилотлар ёки суғурта компанияларнинг қилаётган иши. Ушбу қонунлар меҳнат муҳожирларининг ҳаётини ўйлаб эмас, балки қандайдир янги структуралар пайдо қилиши учун қабул қилинади”.

Россия Федерал Миграция хизмати расмий маълумотларига кўра, Россияда 6 ойдан кам бўлмаган муддатга шартнома тузувчи меҳнат муҳожирларининг сони 1,2 миллионни ташкил қилади.

Бироқ кузатувчилар ушбу рақамлар бир неча баробар кўплигини таъкидлашади.

Бу мавзуда батафсилроқ