Тожикистон фуқаролари Қирғизистон ҳудудига киритилмаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи askar baymuratov

22 январда Қирғизистоннинг "Манас" аэропортига Тожикистондан учиб келган 37 одам, божхона текширувлари баҳона уларни шаҳарга чиқишларига йўл қўйилмаган.

Шунингдек, яна шунча одам, Бишкекдан Душанбега уча олмасдан аэропорт ҳудудида турилганлиги маълум бўлди.

"Манас" аэропорти маъмурияти Тожикистон фуқаролари ушлаб турилганлиги юзасидан қуйидагича маълумот берди.

"Қирғизистон - Тожикистон ўртасидаги сўнги чегараолди вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Қирғизистон ҳудудига кириб келаётган Тожикистон фуқароларини экстремистик, террорист ташкилотларга алоқадор ёки йўқлигини, шунингдек наркотик савдоси бўйича текшириш ишлари олиб борилаяпти. Шу сабабдан, уларни аэропорт назоратидан ўтаётганида бироз узоқ вақт ўтаяпти. Ҳозир Бишкек - Душанбе рейси учиб кетди. Душанбедан келганлар эса, навбат билан текширувдан ўтаяптилар" - деди "Манас" аэропорти маълумот хизматининг бошчиси Нурхон Тожибоева.

Бу орда "Ўрта Осиё ҳаракати" Фуқаролик Платформаси аъзоси Душанбелик Шухрат Латипов, 22 январда Бишкекда ўтган йиғинга қатнашиш учун, аввал Олма отага учгани, кейин у ердан Бишкекка келаётган пайти Қозоғистон - Қирғизистон чегарасида қирғиз чегара хизмати ходимлари тарафидан тўхтатилганини айтган.

"22 январь куни Бишкек шаҳрида ўтадиган "Ўрта Осиё ҳаракати" Фуқаролик Платформаси йиғилишида қатнашиш учун келаётган эдик. Олма отадан Бишкекка бизни ўтказишмади. Ўтказмаслик сабабини ҳам тушунтиришмади. Ўша ердан ортга қайтдик. Бугун эрталаб Душанбега учдик", - деди Шухрат Латипов.

Бу ҳолат юзасидан Қирғизистон Давлат Чегара Хизматига мурожаат қилганимизда: "Бизда бу ҳақда маълумот йўқ ва маҳсус буйруқ ҳам бўлмаган. Чегарани кесиб ўтаётган ҳар бир инсон, текширилади. Қандай мақсадда келаяпти, ким таклиф қилди ва қанча вақтга каби саволлар сўралади" - деган жавобни олдик.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 11 январ куни Қирғизистон ва Тожикистон чегара посбонлари ўртасида Исфара шаҳрига яқин ерда икки мамлакат чегарачилари ўртасида отишма юз бериб, иккала томондан ҳам чегарачилар жароҳатлангандилар.

Бу мавзуда батафсилроқ