Уч йилда ҳам айби исботланмаган наримонликлар қамалди

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри маҳкамаси 2010 йил июн ойида юз берган этник хунрезликлар билан боғлиқликда яна олти ўзбекка ҳукм чиқарган.

Мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлган Дилмурод Ҳайдаров оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш ва қотилликларда иштирок этишда айбланганди.

У етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

У билан бирга судланган Даниёр Қодиров, Баҳодир Собиров, Ғани Содиқжонов, Шукрулло Қўчқоров ва Хайрулла Соиповга ҳам олти йилдан саккиз йилгача қамоқ жазолари чиқарилган.

Айблов томони Ўш шаҳри яқинидаги Наримон қишлоғи яшовчилари 40 ёшли Дилмурод Ҳайдаров ва яна беш кишига икки ҳарбийни ва шу пайтгача жасади топилмаган шахсни ўлдириш, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш, давлат ҳокимияти вакили жонига қасд қилиш ҳамда мол-мулкка тажовуз қилиш айбларини қўйган.

Сўнгги маҳкама қўйилган айбловлардан фақат оммавий тартибсизликларда қатнашиш айбловини асосли деб топди, дейди айбланувчиларнинг адвокати Назгул Суюнбаева.

"Маҳкама жараёнида уч кишини ўлдириш айблови тасдиқланмади. Бу банд бўйича судланганлар оқланди", дейди адвокат.

2010 йилнинг июн ойидаги миллий низоларга боғлиқ ушбу иш устидан илк маҳкама 2010 йил ноябрида Қорасув туман судида бошланган.

Якуний қарор чиқарилиши учун 3 йилдан ортиқ вақт керак бўлган.

"Буни сабаби ишни қайта-қайта терговга юборишга тўғри келди. Ҳакамнинг қайта терговга жўнатиш қарори устидан прокуратура шикоятлар ёзди. Иш Олий Судгача борди. Дастлаб Қорасув туман маҳкамаси ҳакамларини ишдан четлатишга тўғри келди. Иш Ўш шаҳар судига ўтказилди. У ердаги ҳакамларга ҳам отвод берилди. Шунинг учун маҳкама жараёни амалда бошлангани ҳам йўқ эди", дейди адвокат Назгул Суюнбаева.

Ҳимоячиларга кўра, аслида талон-тарожлар олдини олган ва Қирғиз миллатига мансуб инсонларни қутқариб қолган Дилмурод Ҳайдаровнинг айби исботланмаган.

Қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари иқрорлик кўрсатмаларини қўлга киритиш мақсадида айбланувчи деб ҳибсга олинган ўзбеклар қийноқларга солинганини қайд этганлар ва кўплаб ҳисоботларда бу ҳақда айтиб ўтилган.

Қирғиз расмийлари 2010 йил ҳодисаларига алоқадорлик гумони билан юзлаб инсонлар ҳибсга олинганларини хабар қилганлар.

Халқаро Амнистия ва Хюман Райтс Уотч ташкилотлари эса қўлга олинганларнинг аксари ўзбеклар экани ва айбсиз инсонлар қийноқлар воситасида қўлга киритилган иқрорликлар асосида узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинганларини ўз ҳисоботларида урғулаганлар.

Ўш шаҳридаги "Адолатли маҳкама-ҳақиқат" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази раҳбари Равшан Гапировнинг айтишича, Дилмурод Ҳайдаров ишида жабрланувчи тараф деб кўрилганлар маҳкама пайти айбланувчиларни, уларнинг ҳимоячиларини кўп бора калтаклаганлар.

Кўплаб Қирғиз маҳкамаларида кузатилган бундай шаклдаги босимлар маҳкамалар қолдирилиши, ҳукмнинг бир ёқлама бўлишига таъсир кўрсатган.

Ва ниҳоят жабрланганлар ҳам бу олти шахс айбдор эмасликларини тушуниб етдилар, шунинг учун аввалгидек зўравонлик қўлламай қолдилар, дейди фаол.

Равшан Гапиров айтишича, 2010 йил ҳодисалари бўйича 150 нафарча киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганлар, бироқ маҳкамаларда уларнинг айблари исботланмаган.

"Минглаб кишилар 10 йил, 15 йил, 20 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинганлар", дейди у.

Ҳимоячи Назгул Суюнбоева айтишича, ушбу маҳкама қарори устидан аппеляция шикояти билан мурожаат қилмоқчилар.

Қонунчилик бўйича муваққат ҳибсхонадаги бир кун тутқунликнинг икки куни деб ҳисобланади.

Шунинг учун устларидан ҳукм ўқилган бу олтовлон аллақачон қамоқда олти йилдан кўп вақтни ўтказган, деб кўриладилар.

Бу мавзуда батафсилроқ