Тожикистонлик меҳнат муҳожири кундалигидан - саккизинчи ҳикоя

  • 28 Январ 2014

Бугун синфдошим Шуҳрат Москвага чипта олганини айтди. Қишда Москвага авиабилет бироз арзонлашади. Лекин шунда ҳам бундай солиштирсангиз, унинг пулига, масалан, Москвадан Истанбулга учиб, яна қайтиб кела оласиз.

Ҳа, майли бир кун келиб бизда ҳам самолёт нархлари арзонлашиб қолар. Аслида мени бошқа нарса кӯпроқ ӯйлантириб қӯйди. Шуҳрат мартгача уйда бӯлиб, сӯнг Москвага ишга кетмоқчи эди. Нега бирданига қарори ӯзгариб қолдийкин?

Сабр косани тӯлдирган қоронғилик

"Бӯлди, мен ортиқ чидаёлмайман. Қишнинг узун тунларида кӯзимга уйқу келмасдан липиллаган шамга тикилиб ӯтиравериш жонимга тегди. Кун бӯйи чироқ йӯқ. На компутерни ишлата оласан, на интернетга кира оласан. Дунёдан буткул бехабар ғофил одамларга ӯхшаб қоляпман…"

Шуҳрат ӯқимишли йигит. Мактабни битирганимиздан кейин у ӯқишга кира олмаган. Ӯзи билан бирга ҳужжат топширган, мактабда базӯр учга ӯқиган синфдошимизнинг ӯқишга кирганини эшитиб, аламидан қаҳ-қаҳлаб кулганди.

"Лаби қийшиқ бӯлса-да, бойнинг боласи кулсин, дейишганди. Мияси тӯла пуч ёнғоқ бойваччалар ӯқийдиган ерда бизга йӯл бӯлсин. Аҳмоқ бӯлиб ҳужжат топшириб ӯтириб-ман-а…" Шуҳрат ғофиллик ҳақида гапирганда унинг саккиз йил олдинги мана шу армонли сӯзлари эсимга тушди.

Лекин ӯқишни истаган одам барибир йӯлидан қайтмас экан. Ҳозир Шуҳрат Москвадаги институтлардан бирида сиртдан бӯлса-да, ӯқияпти.

Хуллас, кечқурун уч соат, тонгда бир ярим соат бериладиган чироқ, бутун бир оила битта уйчага қамалиб яшаш ӯзи айтмоқчи Шуҳратнинг "сабр косасини тоширибди".

- Нима, Москвада бир хонада битта ӯзинг турасанми? – дедим Шуҳратга Россия пойтахтида жа-а шоҳона яшамаслигини эслатмоқчи бӯлиб.

- Москва энди, Москва. Битта хонада етти киши яшасак-да, ҳаммамиз деярли тенгқурмиз. Чол-кампир, ӯғил, келин, неваралар ҳамма бир хонага тиқилиб олмаймиз-ку…

Қишда фақат Шуҳратлар эмас, қишлоқдаги кӯпгина оилалар бир ёки иккита хонада яшашга мажбур бӯлишларини мен яхши биламан. Чунки битта уйни иситиш учун кӯмирга пул топа олмай ӯтин ёқадиган нечта оилани кӯрганман. Устига Қирғизистон билан муносабат ёмонлашиб, чегара ёпилгач, кӯмир нархи кун сайин ошмоқда. "Чегаранинг нариёғида кӯмир сота олмай ӯтиришибди, буёқда тӯрт баравар қиммат", дейдилар акам.

Чидамли она ва чидай олмаган ӯғил

- Агар Москвага кетадиган бӯлсанг, манови сайтга киргин-да, рӯйхатни кӯргин, - дейди Шуҳрат қӯлидаги қоғозни менга тутқазиб.- Россиядагилар 90 минг нафар тожикистонликни рӯйхатга киритишибди. Уларни Россиядан чиқариб юбориш ва беш йилгача киритмаслик ҳақида қарор чиқаришган экан.

Бу ҳақда мен ҳам эшитгандим. Ӯшанда Россиядан чиқариб юбориладиган ҳар беш меҳнат муҳожирининг биттаси Тожикистондан эканлигини ӯйлагандим.

Лекин йӯлини топганлар яна Россияга кетишяпти. Ана тоғамнинг ӯғли поездда Россияга кетганди, Саратов вилоятига кираверишда "сен депортга тушгансан", деб қайтариб юборишибди. Ҳозир у қаерда, дерсиз? Россияда. Ҳа, Россияда. Икки ҳафтага қолмай янги паспорт тӯғрилади-да, жӯнаб кетди. Фақат энди у отасининг эмас, онасининг фамилиясида юрибди. Отиниям ӯзгартирган.

Буни Шуҳратга айтгандим, тиржайди.

- Ҳа, нима, қӯлини бурнига тиқиб, сӯппайиб юраверсинми? Ӯзимизда иш бӯлмаса. Устига светнинг аҳволини кӯриб турибсан. Сангтӯда-1 ни қурсак яхши бӯлади, дейишди. Сангтӯданинг иккинчиси ҳам қурилди, ӯша-ӯша. Онам менинг тезда кетаётганим сабабини эшитиб қолибдилар. Нима дейдилар, дегин? "Ӯғлим, ноябрда ӯн кунгача бир минут ҳам чироқ беришмади. Аллақаерда Душанбе томондан ток келадиган катта симёғоч қулаган эмиш. Биз чидадик-ку! Худога шукр, ҳозир беш-беш ярим соатдан чироқ бериб туришиб-ди. Чида, болам."

Шуҳрат аламли кулганча гапирар экан, мен Москвадаги ҳамхонам ўзбекистонлик Эргашалининг кейинги йилларда уларда ҳам электр таъминоти масаласи оғирлашаётгани ҳақида айтганларини эсладим.

"Қӯқондай шаҳри азимнинг қоқ киндигида свет ӯчирилар экан-у.."

- Ҳеч кулмагин қӯшнингга, бир кун тушар бошингга, деб эшитганим бор. Менга ишонинг, сизларда бир кеча-кундузда бир-икки соат свет беришларини эшитиб ҳайрон бӯлгандим. Тӯғри, оғзига кучи етмайдиган одамлар кулган бӯлишлари мумкин. Мен ҳайрон бӯлганман. Биз Конибодом деган туманларинг билан шундайгина қӯшнимиз. Етти-саккиз йил олдин, Андархон чегараси очиқлиги пайтида у ёққа бемалол бориб келардик. Акамлар ӯртоқлари билан Конибодомга бориб хом ғишт қуйиб, девор кӯтариб, пул ишлаб келишган. Чегарани ёпиб қӯйишгандан кейин ҳеч ким ӯтолмаяпти. Кечирасиз, ӯтлаб кетдим. Акамлар Тожикистонда ёзда кеча-ю кундуз свет бор, лекин август тугар-тугамас чироқ ӯчириш бошланади, дегандилар. Мана энди, ӯзимизда ҳам светни соатлаб ӯчиришаётганига ҳам тӯрт-беш йил бӯлди-ёв.

Эргашали қишлоқларида электр бериш вақти йил сайин камаяётганини айтганди. "Э, биз-ку қишлоқда яшаймиз. Қӯқондай шаҳри азимнинг қоқ киндигида свет ӯчирилар экан-у, аямлар меҳмонга борган эканлар, ӯз кӯзлари билан кӯрибдилар. У куни телефон қилганларида айтдилар. Бизда газ йӯқ бӯлса ҳам ӯтин бор, таппи-тезак бор, қӯқонлик аммангга қийин экан, газ паст, светни ӯчиришаркан, дедилар аямлар". Эргашали одатига кӯра худди бир қувончли воқеани айтаётгандай жилмайиб гапирарди.

Инсоф ва буйруқ

Орадан бир кун ӯтар-ӯтмас яна Эргашалини эсладим. У бир ҳамқишлоғининг Тожикистонда, Исфарадаги қишлоқлардан бирида яшайдиган тоғасининг тӯсатдан вафот этиши ҳақида пешонаси тугунча бӯлиб сӯзлаб берганди.

Ӯшанда Исфарадан Ӯзбекистонга келин бӯлиб тушган сингил, унинг эри, ӯғил-қизлари жанозага отланишибди. Лекин чегарадан ӯтказишмабди. Катта ӯғил чегарачиларга қӯлидаги телеграммани кӯрсатибди. Ӯтказишмабди. Сингил йиғлабди, қизлари йиғлашибди. Ӯтказишмабди. Шу пайтгача индамай турган ота тутақиб кетибди. "Ҳей, мусулмонлар, манови шӯрликнинг укаси дунёдан ӯтган,- дебди у хотинини кӯрсатиб.- Нима, сенлар видолашишга ҳам қӯймайсанларми?"

"Биз эмасмиз, ака, биз эмасмиз. Биз буйруқни бажаришга мажбурмиз", дебди чегарада турганлардан бири.

"Қандай буйруқ? Аслида чегарадош туманлар аҳолиси у томон-бу томонга визасиз бориб-келишлари ҳақида Ӯзбекистон ҳукуматининг қарори бор-ку! Сизлар чегарани бутунлай ёпиб ташлабсизлар. Шу инсофданми?", дебди ота тутақиб.

"Бизни ноинсоф деманг, ака айтяпман-ку, биз буйруқни бажаряпмиз", дебди чегарачи йигит.

"Ӯша буйруқ берганларнинг ҳам ота-онаси, амма-тоғаси бордир,- дебди йиғлаганча сингил. - Ӯзлари бу ёруғ дунёда абадул абад яшамаслар…"

Хуллас, на сингил, на эри, на ӯғил-қизлари жанозага бора олишибди. Орадан анча вақт ӯтгандан кейин виза олиб бир қадамлик йӯл қолиб, Қамчиқ довони орқали айланиб фотиҳага бориб келишибди…

Айтгандай, Эргашалининг ҳикоясининг нега эслаганимни айтайин.

Ёпиқ чегаралар ва минг-минглар истаги

Бизга ёндош шаҳарчада яшайдиган курсдош дӯстимнинг бувиси вафот этгани ҳақида эшитдим. Кӯнгил сӯрагани борсам, аламидан оғир уҳ тортди. "Аям бу ерга Қӯқондан келин бӯлиб тушганлар. Бувим вафот этдилар. Хайрият, ӯлимларидан олдин касалликларини айтиб, аямни чақиртирган эканлар. Виза олиб, "Ойбек" орқали кетгандилар. Аям оналари билан хайрлашиб қолишга улгурдилар… Лекин на дадам, на биз – биронтамиз жанозага боролмадик. Чегарадан ӯтказишмади. Дадамлар қаъда қилмоқчилар, яъни фотиҳани кӯчирмоқчилар. Бошқа иложимиз йӯқ. Кейинроқ виза тӯғрилаб Қӯқонга, фотиҳага бориб келармиз", деди курсдошим.

У алам билан сӯзлар экан, Тожик Мирзачӯли деб аталадиган томонда, Зафаробод туманида яшайдиган курсдошимнинг ҳикоясини эслардим. Унинг отаси вафот этганда Самарқандда яшаётган опаси ӯзи учун энг яқин инсонни сӯнгги йӯлга кузатиш маросимига кела олмаган экан.

Бу азага бориб кела олмаслик ҳақидаги қайғули ҳикоялар. Тӯйга бориб-келиш бундан бир неча марта қийин…

Мен кундалигимга шу сӯзларни қийналиб-қийналиб ёзар эканман, Москвада Эргашали, бошқа ӯзбекистонликлар билан суҳбатларни эслардим. Ӯзбекистонликларнинг ҳам, минг-минглаб тожикистонликларнинг ҳам энг муҳим истакларидан бири - икки ӯртадаги чегараларни очиб қӯйиш, ҳеч бӯлмаса, чегарадан ӯтиш, борди-келдини осонлаштириш.

Орадан қанча вақт ӯтишини билмайман, лекин мен чегаранинг ҳар икки томонидаги одамлар истаги амалга ошишига ишонаман. Ишонаман ва худди шу лаҳза бошқа бир қӯшни – Қирғизистон билан ёмонлашаётган муносабатлар ӯйи миямни тирнайди. Умид.

Бу мавзуда батафсилроқ