Генерал Дўстумнинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафари ортида нима ётади?

  • 31 Январ 2014
Генерал Дўстум Остонадаги "Бойтерак" ёдгорлигида Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Генерал Дўстум Остонадаги "Бойтерак" ёдгорлигида

Афғонистондаги ўзбек генерали Абдулрашид Дўстумнинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафар қилгани ҳақида хабарлар чиққан. Дўстум жанобларига тегишли деб кўриладиган фэйсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифада генералнинг Қозоғистон пойтахти Остонада тушган расмлари 28 январ куни пайдо бўлди.

Ушбу расмларда Абдулрашид Дўстимнинг қозоқ мулозимлари билан учрашуви ва шаҳарни айланиб эътиборга молик жойларда тушган расмлари акс этган.

Қозоғистонда истиқомат қилувчи Афғонистон мавзусида бир неча китоб муаллифи, сиёсатшунос Александр Князовнинг айтишича, Абдулрашид Дўстим Остонага Тошкент орқали келган ва Остонадан сўнг Олма отага келиб муҳим учрашувлар ўтказган.

Сиёсатшунос ўз манбаалари орқали ушбу хабарни тасдиқлаганини айтади. Князев жаноблари генерал Дўстумнинг апрел ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан минтақага сафар қилишига эътибор қаратади.

“Дўстум сайловлар вазиятни буткул ҳал қилмаслигини ва барқарорликни кутиш керакмаслигини яхши тушунади. Генерал вазият 90чи йиллардаги каби кўриниш олишини тахмин қилаётган бўлиши мумкин. Ўшанда Афғонистон этник ва сиёсий жиҳатдан бир неча анклавларга бўлинган эди”, - дейди Александр Князев.

Князев жаноблари ўзбек генерали Ўзбекистонда хавфсизлик масалаларига жавобгар масъуллар билан учрашганини тахмин қилади. Сиёсатшунос Қозоғистонда қандай масалалар кўтарилгани ҳақида кўпроқ маълумотга эга эканлигини билдирди.

“Дўстум Қозоғистонда Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Нуртай Абикаев ва ушбу муассасанинг Жанубий Қозоғистон бўйича масъуллари билан учрашди. Ундан ташқари Қозоғистонда таъсирга эга афғон диаспораси вакиллари билан ҳам кўришган. Ушбу сафарнинг мақсади ҳарбий жиҳатдан хавфсизликни таъминлашга қўллов олиш эмас, балки Афғонистоннинг қайсидир қисмини қўлга киритса ёнилғи билан таъминлаш масалаларида дастакка умид қилишдир”, - дейди Александр Князев.

Қозоғистон Афғонистонга ёнилғи мойлаш маҳсулотларини етказиб беришда етакчилик қилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Дўстум жаноблари келажакда ушбу масалада муаммога дуч келмаслигини аниқлаштириш учун ҳам Қозоғистонга сафар қилган.

Ушбу учрашувдан яқиндан хабардор бўлган Александр Князев Абдулрашид Дўстум қозоқ расмийларидан қониқтирувчи ваъдалар олганини айтади.

Собиқ иттифоқ давлатлари Афғонистоннинг шимолида муқим жойлашган генерал Абдулрашид Дўстумни зимдан ва ошкора қўллаб келишгани айтилади.

Айниқса ушбу минтақа билан бевосита чегарадош бўлган Ўзбекистон учун Дўстум толибондан ҳимоя қилувчи муҳим куч сифатида қараб келинган.

Генерал Дўстумнинг ташрифи Қозоғистон ва Ўзбекистон матбуотида ошкор қилинмаган. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳодисага изоҳ бермади.

Сиёсатшунос Александр Князев Қозоғистон ёда Ўзбекистоннинг ўзбек генералини очиқ қўллаши Афғонистон ҳукумати олдида сиёсий хато бўлиши мумкинлигини айтади.

“Заиф бўлса ҳам ва бутун Афғонистон минтақасида таъсирга эга бўлмаса ҳам Афғонистоннинг расмий ҳукумати бор. Бошқа давлат, хусусан Ўзбекистон ва Қозоғистон ушбу давлатдаги бирор сиёсий партия лидерини қўллашини юридик жиҳатдан билдира олмайди”.