Бишкек 2014 йилнинг Ислом маданияти маркази деб аталди

Image caption Ҳалқаро Ислом Ҳамкорлик ташкилоти лойиҳаси доирасида маданий тадбирлар ўтказилади.

Ҳалқаро Ислом Ҳамкорлик такшилотининг қарорига кўра, 2014 йилда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри Ислом маданияти пойтахти, Ўш шаҳри эса МДҲ давлатларининг маданий маркази дея аталди.

Бу ҳақда Қирғизистон маданият, маълумот ва туризм вазири Султан Раев 29 январда Бишкекда бўлиб ўтган маълумот анжуманида билдирди.

“Бизнинг давлат “дунёвий” бўлгани билан, асосий аҳоли мусулмонлардан иборат ва Ҳалқаро Ислом Ҳамкорлик такшилотига аъзо ҳисобланамиз. Ушбу ташкилот тарафидан Бишкек шаҳримиз бу йил Ислом маданияти пойтахти деб танланди” деди Султан Раев.

Унинг айтишича, ушбу лойиҳа сиёсат ва динга алоқаси бўлмаган ҳолда, асосан маданий иш чораларни ўтказишни кўзлайди.

“Лойиҳа доирасида Ҳалқаро Ислом Ҳамкорлиги қўллови билан Жалолободдаги “Шахвазил” тарихий комплексини таъмирлаш, Бишкекда мусулмон давлатларининг кинофестивалини ўтказиш ва шунга ўхшаш бир қатор анжуман, маданий тадбирлар ўтказилади. Бу ерда ҳеч қандай сиёсат йўқ ва динга тўғридан тўғри алоқаси бўлган масалалар ҳам қаралмаган”.

Ҳалқаро Ислом Ҳамкорлик ташкилотига, аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил этган дунёнинг 57 давлати аъзо. Ҳар йили ташкилот кенгашининг қарорига биноан, давлатларга навбати билан “Ислом маданияти маркази” мақоми берилади. 2007 йилда Тошкент шаҳри ҳам ушбу номни олган эди. Келаси, 2015 йилда эса ушбу ном Олмота шаҳрига берилиши кутилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг расман очилиши шу йилнинг май ойига режаланган. Унга тайёргарлик кўриш учун, Қирғизистон бош вазирининг ўрин босари Камила Талиева бошчилигидаги гуруҳ тузилганлиги айтилади.

Бу орада Қирғизистоннинг жанубий пойтахти ҳисобланган Ўш шаҳри ҳам “Мустақил Давлатлар Ҳамкорлигининг маданий маркази” деган ном олди.

Қозоғистоннинг Олмота шаҳри билан Қирғизистонниг Ўш шаҳрига берилган бу мақомга, ўтган йили Туркманистоннинг Мари ва Беларусиянинг Могилев шаҳарлари эга бўлган эди.

Бишкек шаҳри “Ислом маданияти маркази” ва Ўш шаҳрининг “Мустақил Давлатларнинг Ҳамкорлигининг маданий маркази” деган мақомини олиши аҳоли орасида турли фикрларни туғдирмоқда. Бу борада, асосан, ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсу мунозаралар олиб борилмоқда.

Айрим интернет фойдаланувчилари, бу иккала шаҳарнинг мақомини нишонлаш, уларда тадбирлар ўтказиш баҳонасида давлат жамғармасидан кўп миқдорда ҳаражатлар қилиниб, яна исрофгарчиликларга йўл қўйилади деса, баъзилар бундай мақом ҳар қайси шаҳарга ҳам берилавермаслигини, бу Қирғизистоннинг кўрки бўлган Бишкек ва Ўшни ривожлантириб, уларни дунёга танитиш, сайёҳларни жалб этишга яхши имконият эканлигини айтадилар.