Туркманистон Тожик темир йўл ширкати раҳбари баёнотидан норози

Image caption Тожик темир йўл ширкати раҳбари Омонулло Ҳукуматулло Афғон-Тожик темир йўли қисми ўзаро келишилди, деб эълон қилган.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги "Тожикистон Темир йўллари" ширкати раҳбари Омонулло Ҳукуматуллонинг баёнотидан ҳайронлик ва норозилик билдирган.

Матбуотда 29 январ куни "Тожикистон Темир йўллари" давлат корхонаси раҳбари Омонулло Ҳукуматуллонинг Душанбе шаҳрида матбуот анжумани ўтказгани хабар қилинган эди.

Унда жаноб Ҳукуматулло Ўзбекистонни айланиб ўтадиган темир йўл қурилишининг бориши ҳақида гапирган.

Жаноб Ҳукуматулло сўзларига кўра, режалаштирилаётган Туркманистон-Афғонистон-Тожикистон темир йўлининг Афғонистонни Тожикистон билан улайдиган қисми бўйича Душанбе ва Кобул ўртасида ўзаро келишувга эришилган.

Темир йўлнинг Тожикистон тарафидан таклиф қилинган йўналиши маъқул топилгани ҳақида айтган Тожик темир йўл ширкати раҳбари.

"Шу муносабат билан Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожик мулозимининг баёноти борасида ўзининг ўта хавотири ва тушунмовчилигини изҳор этади", дейилади вазирлик эълон қилган баёнотда.

"Маълумки, халқаро меъёрларга мувофиқ, кўп томонлама лойиҳалар уларни тайёрлаш ва ҳаётга татбиқ этишда ўзаро ҳурмат ва барча томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади. Тожикистон давлат идораси раҳбарининг Туркманистоннинг иштирокисиз Туркман-Афғон чегарасига чиқадиган темир йўл қисмининг келишилгани ҳақидаги баёноти тенденциоз ва Туркман тарафи учун мутлақ қабул қилиб бўлмасдир. Шу муносабат билан Туркманистон томони ўзининг қатъий норозилигини билдиради ва бу каби баёнотлар акс самара берадиган характерга эга эканлигини таъкидлайди", дейилади Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

Ўтган йилнинг 21 мартида Афғонистон, Тожикистон ва Эрон президентлари Туркманистон пойтахтида тўпланишган, президентларнинг ана шу учрашуви чоғи Ўзбекистонни четлаб ўтадиган темир йўл қурилиши лойиҳаси бошланиши ҳақида эълон қилинган эди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон уч тарафлама битим имзоланганидан кейин Ашхободда матбуот анжумани ташкил этганлар.

Мамлакатлар раҳбарлари ушбу лойиҳани юқори баҳолаганлар.

Янги темир йўл нафақат уч мамлакатни бир-бирига боғлаши, балки уч мамлакат иқтисоди, бутун минтақа иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшадиган лойиҳа бўлиши урғуланган.

Режага кўра, Афғонистондаги Кобул шаҳридан 650 километр шимоли-ғарбда жойлашган Акина-Андхой шаҳрини Туркманистоннинг Атамират ва Тожикистоннинг Панжиси билан боғлайдиган темир йўлнинг узунлиги 400 километрни ташкил этади.

Бу мавзуда батафсилроқ