Тожикистон омбудсмани идораси: Маҳбуснинг совуқдан ўлгани ҳақидаги хабар асоссиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тожикистон расмийсига кўра, қамоқхоналар иш жойларидан кўра иссиқроқ...

Тожикистон Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси мамлакат қамоқхонасида "маҳбус ҳаётдан кўз юмгани" борасидаги хабарларни рад этган.

Мустақил "Азия-Плюс" агентлиги омбудсман идораси ходими Ҳусниддин Нидоевдан иқтибос келтиради.

Нидоев жанобларига кўра, унинг ўзи шахсан вақтинча сақлаш қамоқхонаси ва жазони ўташ колонияларига борган ва бирон бир маҳбус "совуқдан" ўлганига оид ҳолатга дуч келмаган.

Тожик матбуот нашрлари аввалроқ "қамоқхонада бир маҳбус совуқдан оламдан ўтган"и ҳақида хабар тарқатган.

Хусусий Тожик телеграф агентлиги Социал-демократлар партияси раиси Раҳматулло Зоировга иқтибосан Ҳамадони ноҳиясида яшовчи 46 ёшли Маҳмадраҳим Саидов 1-рақамли жазони ўташ колониясида совуқ қотиб жон таслим қилгани ҳақида хабар берганди.

"Саидовнинг ўлгани аниқ. Қамоқхоналарда 2-3 киши совуқ туфайли нобуд бўлгани борасида маълумот бор", дея иқтибос келтирилади Зоиров жанобларидан.

"Азия-Плюс" агентлигининг қўшимча қилинишича, Нидоев жаноблари "колониянинг жазо изоляторида бўлган ва гўёки ўша ерда ҳаётдан кўз юмгани даъво қилинган Маҳмадраҳим Саидов билан шахсан ўзи гаплашган"и ҳақида айтган.

"У ер бизнинг иш жойларимизга қараганда иссиқроқ ва қулайроқ ҳамда кийим-бош ва озиқ-овқат бўйича муаммо йўқ", дейди Нидоев жаноблари.

Тожикистонда сўнгги бир неча кун ичида ҳаддан ортиқ совуқ кузатилгани ва қалин қор тушгани ҳақида хабар қилинди.