'Тожикистон фойдасига жосуслик қилган аёллар 14 йилга қамалди'

Икки ўзбекистонлик ва бир тожикистонлик аёл Тожикистон манфаатига жосусликда айбланиб 14 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон давлат телеканали хабар тарқатган.

"Ёшлар" телеканали "Жиноят ва Жазо" кўрсатувини намойиш қилган.

Бу кўрсатувда Сурхондарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан уч аёл 2013 йилнинг мартида ҳибсга олинганлари хабар қилинган.

Кўрсатувда айтилишича, аёлларга Ўзбекистонга қарши жосуслик қилиш ҳақида Тожикистон махфий хизматлари кўрсатма берганлар.

"Ёшлар" телеканалига кўра, уч аёл Тожикистон истиғборот хизматлари билан 2007 йилдан бошлаб ҳамкорлик қилишни бошлаганлар.

Сурхондарё вилоят маҳкамаси ҳукмига кўра, Ўзбекистоннинг икки фуқароси ва Тожикистоннинг бир фуқароси 14 йиллик муддатга озодликдан маҳрум этилганлар ва ҳозир жазо муддатини ўтаяптилар, дейилади телекўрсатувда.

"Жиноят ва Жазо" кўрсатувига кўра, уч аёл Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Сариосиё ва Узун туманларидаги турли тадбирларда қатнашганлар, бундан кўзланган мақсад, Ўзбекистон давлат хизмати ходимларининг ва бу ходимлар оила аъзоларининг суратларини олиш бўлган.

Шунингдек, аёлларга давлат ходимларига алоқадор бошқа керакли маълумотларни тўплаш топшириғи ҳам берилган, дейилади кўрсатувда.

"Бу маълумотлар эвазига Тожикистондаги ҳомийлари аёлларнинг оилавий муаммоларини ҳал қилиб беришга ваъда қилишган", дейди "Жиноят ва Жазо" кўрсатуви ижодкорлари.

"Бу билан чекланиб қолмаганлар. Аёллар Ўзбек-Тожик чегарасидаги Сурхондарё вилоятининг энг муҳим иншоотлари, шу жумладан, ҳарбий ва чегара постлари, у ердаги хавфсизлик даражаси ва бу иншоотларда хизмат қилаётганлар ҳақида ҳам маълумот тўплашлари лозим бўлган", дейилади телекўрсатувда.

Кўрсатувда айтилишича, аёллар олган фотосуратларини сумкаларидаги "яширин жойларга", "таглик"ларга ва "таналарининг ички қисмлари"га яширганлар.

Ўзбек телеканали кўрсатувида айтилишича, Ўзбек маҳкамаси айбдор деб топган ўзбекистонлик аёлнинг онаси ҳам 2012 йил декабрида Тожикистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Сурхондарёлик аёлларнинг Тожикистон фойдасига жосуслик айблови билан озодликдан маҳрум этилиши Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги таранг муносабатлар манзарасида кузатилади.

Аксар таҳличилар бундай намойишкорона маҳкамаларда расмий Тошкент ва расмий Душанбе алоқаларининг ёмонлашганини кўрадилар.

Тожикистонда ҳам Ўзбекистон фойдасига жосуслик айбловлари билан бир неча инсонлар қамалган.

Шундай маҳкамалардан бири Тожикистон шимолидаги "Востокредмет" ташкилоти масъуллари устидан бўлиб ўтган.

Бу мавзуда батафсилроқ