"NewEurasia" сайти Марказий Осиё бўйича янги адабий танлов эълон қилди

Янги "Новеллазия"деб номланган бу танловда муаллифлар адабиётнинг кичик жанр намуналари билан қатнашиш имконига эгалар.

Ташкилотчилар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонлик ижодкорларни танловда қатнашишга таклиф қилмоқда.

"NewEurasia" сайти 2006 йилда фаолиятини бошлаган Марказий Осиёги илк интернет сайтларидан бири ҳисобланади. "Новеллазия"га ўхшаган адабий-маданий тадбирлар ўтишига бош-қош бўлиб келади.

Танлов ташкилотчиларидан Кристофер Шварцга кўра, бу адабий беллашувда профессионал ёзувчилар билан бирга, ёзганлари ҳали чоп этилмаган қаламкашлар, блоггер ва журналистлар, ҳамда бошқа муаллифлар қатнаша оладилар.

Бундан кўзланган мақсад янги истеъдодларни кашф қилиш, асарларини чиқара олмаётган ёшларга кўмаклашиш, адабиёт ихлосмандларини уларнинг асрларидан баҳраманд этишдир.

Иштирокчиларнинг ёши, жинси, миллати ва бошқа томондан чеклашлар йўқ. Фақат улар ўз фуқаролигини кўрсатиши лозим бўлади.

""Новеллазия" адабий танловида қатнашишни хоҳловчилар ўзларининг турли жанрдаги- қисса, новелла, ҳикоялар тўплами, мақолалар блоги ва бошқа ишларини жўнатишлари мумкин. Шу билан бирга, юборилган ишлар албатта бадиий адабиётга талуқли бўлиши керак", дейди Кристофер Шварц.

"Новеллазия" ўтган ҳафтада эълон қилинди. Ҳозирча бизга асосан рус тилида ёзилган асарлар келиб тушди. Биз Марказий Осиё тилларида ёзувчи ижодкорлардан ҳам асарлар юборилади, деб умид қиламиз. Чунки бу халқларда ажойиб истеъдод вакиллари бор", деб айтади жаноб Шварц.

Танловга фақат муаллифлик асарлари қабул қилиниб, бунгача бошқа ҳеч бир очиқ манбаларда- интернет ва нашрларда чоп этилмаган бўлиши талаб этилади. Улар 30-100 саҳифадан иборат бўлиши мумкин.

Танловнинг бошқа шартлари NewEurasia сайтида батафсил берилган. Ижодий ишлар 2014 йилнинг 1 апрелигача юборилиши керак. Ғолиблар 1 майда маълум бўлади.

Танлов давомида 5 ғолиб аниқлаб олинади. Уларнинг ҳар бири 300 евро миқдорида мукофот билан тақдирланади.

Шунингдек, танловга топширилган асарлар инглиз тилига таржима қилиниб, NewEurasia сайтининг "қиссалар блоги"да чоп этиб борилади.

Бундан ташқари, ғолибларнинг ижод намуналари электрон китоб шаклида инглиз ва оригинал тилда чиқарилади.

Бошқа қатнашчиларнинг ишлари танлов тугагач, ўз тилида чоп қилинади.