Қозоғистон: танганинг қадрсизланишидан сенаторлар ҳам норози

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Назарбоев қозоқ тангаси бошқа тушмайди, деб ишонтирган

Қозоғистонлик сенатор Светлана Жалмагамбетова Миллий банк раҳбари Қайрат Келимбетовни танганинг қадрсизланиши борасида Сенатни чалғитганликда айблаган.

Сенатнинг 20 феврал куни ўтган мажлисида Жалмагамбетова хоним Қозоғистон бош банкирининг касбий малакасини савол остига олган.

"Сиз нафақат Қозоғистон аҳолисини, балки давлат органи бўлмиш Қозоғистон сенати депутатларини ҳам чалғитдингиз. Сиз депутатларни алдаб, ўзингизга шерик қилдингиз",- дея сенаторнинг сўзларидан иқтибос келтиради "Интерфакс-Қозоғистон" агентлиги.

Жалмагамбетова хоним қозоқ тангаси бўйича тўланадиган фоиз ставкаларини кўтаришни таклиф қилган.

Сенаторга кўра, танганинг девалвацияси молиявий қарор, аммо ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кескин тушиш

МДҲ ҳудудидаги иккинчи йирик пул бирлиги бўлган қозоқ тангаси ўтган ҳафта бирданига 20 фоизга қадрсизланган.

Қозоқ милицияси Олма-отада аҳоли вакилларининг девальвацияга қарши норозилик чиқишларини бостирган.

Танганинг қадрсизланиши ортидан мамлакатдаги йирик банкларнинг касодга учраши ҳақида миш-мишлар тарқаган.

Миш-мишлар ортидан омонатларни қайтариб олишга шошилаётган мижозларни тинчлантириш учун Миллий банк раиси журналистлар олдига чиқиб баёнот беришига тўғри келган.

Қайрат Келимбетов миш-мишларни "ёлғон, исботланмаган ва иғвогарона" деб атаб, улар Қозоғистондаги банк тизимини беқарорлаштиришга йўналтирилганини" айтган.

Президент Нурсултон Назарбоев танганинг қадрсизланиши алал-оқибат қозоқ иқтисоди учун фойда келтиришини айтган, аммо шу билан бирга ҳукуматга инфляцияни жиловлаш ва хорижий сармояларни жалб этиш бўйича шошилинч чоралар кўришга буйруқ берган.

Президент "хавотирга ўрин йўқ, танганинг курси бошқа тушмайди", деб айтган.

Таҳлилчиларга кўра, Президент назорати остидаги Сенатда Қозоғистон Миллий банки раҳбари шаънига янграган танқид мамлакат раҳбарияти девальвациянинг оқибатларидан унчалик ҳам амин эмаслигидан дарак бериши мумкин.

Айни пайтда қозоқ расмийлари аҳолини тинчлантиришга уринишмоқда.

Аммо шу билан бирга ҳукумат асосий маҳсулотлар, жумладан, ун нархи ошиб кетмаслиги учун зарур чораларни кўра бошлаган.

Нон нархи ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида 509 минг тонна ғалла аввалдан белгиланган нархда ички бозорга йўналтирилиши маълум қилинган.

Шунингдек, коммунал хизматлар учун тарифлар 1 майга қадар музлатилган ва 1 апрелдан эътиборан маош, нафақа ва пенисяларнинг 10 фоизга оширилиши эълон қилинган.