Украин инқирози: Қрим татарлари ким томонда?

Image caption Мустафо Жамилўғли Қрим татарларининг тан олинган йўлбошчисидир

Украинадаги сиёсий бўҳрон давом этаркан, рус аҳолиси кўпчиликни ташкил этувчи Қрим мухтор жумҳуриятида Украинадан ажралиб чиқиш борасидаги гап-сўзлар кучайган.

Қрим парламенти воизи Владимир Константинов Украинадаги вазият янада ёмонлашса, Қрим Украинадан ажралиб чиқиши мумкинлигини айтган.

Жаноб Константинов бу ҳақда Москвада, россиялик депутатлар билан учрашувдан сўнг гапирган.

Украинадаги бўлгинчилик масаласига эътибор қаратган Financial Times рўзномаси "Россия Қримдаги рус аҳолиси ва ўзининг ҳарбий-денгиз флотини ҳимоя қилиш учун урушишга тайёр", деб ёзади.

Айни пайтда АҚШлик таниқли сенатор Жон МакКейн Твиттердаги саҳифасида Қўшма Штатлар ва жаҳон ҳамжамияти Қрим дохил, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши кераклигини ёзган.

Би-би-си Қрим татарлари лидери, Украина парламентининг депутати Мустафо Жамилўғли билан боғланиб, аввалига Қрим парламенти воизининг баёнотига муносабатини сўраган.

Мустафо Жамилўғли: Қрим татарларининг Мажлиси Константиновнинг сўзларини Украинанинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз ва жиноят деб баҳолайди. Бугун Қрим мухтор жумҳурияти парламентининг фавқулодда сессияси режаланган эди ва мендаги маълумотларга кўра, жаноб Константиновнинг фавқулодда ҳолат ва Қримнинг Украинадан ажралиб чиқишига қаратилган қандайдир тадбирлар ҳақида эълон қилиши режаланган эди. Аммо афтидан, у бунинг ўзи учун ёмон тугашини англаб етган ва ҳозирда менга маълум бўлишича, парламентда ўз фракцияси - Минтақалар партиясининг йиғилишини ўтказаяпти.

Би-би-си: Киевдаги марказий ҳукумат Қрим парламенти воизининг баёнотига муносабат билдирганми?

Мустафо Жамилўғли: Бунгача ажралиб чиқиш ҳақидаги ҳар-хил баёнотлар юзасидан Украина Бош прокуратурасига мурожаат қилинган. Бош прокуратура текширув бошлаган. Аммо ҳозирча бирон-бир жиддий чора кўрилгани йўқ. Ҳозир биз Украина парламентида агар Қрим ажралиб чиқиш бўйича қандайдир қадамларни қўядиган бўлса, Қрим Олий Радасини тарқатиб юбориш масаласини муҳокама қилаяпмиз. Ҳозирча ажралиб чиқиш масаласи расман Қрим парламенти кун тартибига қўйилганича йўқ, аммо Қримнинг рус аҳолиси орасида бўлгинчилик кайфиятлари кучли.

Би-би-си: Қрим татарларининг бу борадаги мавқейи қандай?

Мустафо Жамилўғли: Биз албатта ажралиб чиқишга мутлақо қаршимиз ва Қримни Украинанинг ажралмас бир қисми, деб ҳисоблаймиз. Агар ажралиб чиқиш масаласи расман кун тартибига қўйиладиган бўлса, Қрим татарлари бу ҳаракатлари қўлларидан келганича қаршилик кўрсатишади. 23 феврал кунига Қрим татарларининг катта намойиши режаланган.

Би-би-си: Конституция нуқтаи назаридан Қрим парламенти Россиядан ёрдам сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эгами ёки ажралиб чиқиш ҳақида референдум ўтказилиши қонунийми?

Мустафо Жамилўғли: Йўқ албатта. Бу каби ҳаракатлар Украинанинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз деб қаралиши ва жазоланиши керак. Бу Украина Жиноят кодексида кўрсатилган. Ҳудудий мақом билан боғлиқ масала маҳаллий референдумларда ҳал қилинмайди. Яъни Қримнинг ажралиб чиқишига қаратилган ҳар қандай референдум ноқонунийдир.

Би-би-си: Қрим парламенти Москвага мурожаат қилди ҳам дейлик, Россия ёрдамга келади, деб ўйлайсизми?

Мустафо Жамилўғли: Албатта, бу номақбул бир қадам бўлган бўлур эди, аммо ҳозирда ҳеч нарсани истисно қилиб бўлмайди. Чунки масалан, Россия Гуржистонни ишғол қилишини ким ҳам хаёлига келтирганди дейсиз?. Аммо ҳар ҳолда Украина бу Гуржистон эмас ва қаршилик жуда кучли бўлади. Машҳур рус шоири айтганидек, "Россияни ақл билан тушуниб бўлмайди". Шунинг учун воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр туришимиз керак.

Би-би-си: Қрим татарларининг Майдондаги воқеаларга муносабатлари қанақа, улар кимнинг тарафидалар?

Мустафо Жамилўғли: Қрим татарлари Майдонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади. Айни пайтда улар қрим татарларининг ўзидан иборат алоҳида гуруҳлар тузишаётгани йўқ. Биз Украинанинг Оврўпо билан яқин интеграциясини қўллаб-қувватлаймиз. Чунки Украина Оврўпо билан яқинлашса, тараққий этган бир давлатга айланади ва биз, қрим татарларининг масаласи ҳам Оврўпо андозалари бўйича ҳал қилинади.