Бердимуҳаммедов спорт мактаблари қурилишини тўхтатди

Image caption Бердимуҳамедов аҳоли орасида велоспортни тарғиб қилган эди.

Спорт ишқибози эканлиги айтиладиган Туркманистон президенти республикада спорт мактаблари қурилишини тўхтатишга буйруқ берган.

Жаноб Бердимуҳаммедов "мамлакатда спорт ривожланмас экан, иншоотлар ҳам қурилмайди", деб айтган.

"Алтин Асир" телеканалига кўра, жаноб Бердимуҳаммедов ҳукумат йиғилишида малакали спорт мутахассислари етишмаслиги боис, бундан кейин янги спорт иншоотлари қурилмаслигини билдирган.

Мамлакатда спортга боғлиқ соҳалар фаолиятини қаттиқ танқид қилган Туркманистон раҳбари.

"Биз республикада спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратяпмиз. Стадионлар ва кўплаб спорт биноларига йирик маблағлар ажратяпмиз. Бироқ афсуски, аксарият спорт мактаблари ишламаяпти. Уларнинг кўпида спорт анжомлари етишмайди, бошқаларида яна қандайдир муаммолар. Шунга қарамай, асосий муаммо шуки, кўп мактабларда ўқитувчилар, малакали тренерлар йўқ", деб айтган Бердимуҳаммедов спорт соҳасидаги масъулларга қарата.

Президент Давлат Спорт қўмитаси раиси Ботир Ўрозовни жиддий огоҳлантирган.

"Бугундан бошлаб биз спорт мактаблари қурилишини тўхтатамиз!", деган Бердимуҳаммедов ва спорт иншоотларига қаратилган маблағларни ўрта мактабларни қуриш ва жиҳозлаш масаласига сарфлашни буюрган.

Туркманистон Президентининг ўзи спортни севиши, хусусан от спортининг ашаддий ишқибози эканлиги айтилади ва Туркманистон оммавий ахборот воситаларида президентнинг спорт билан шуғулланаётгани акс этган лавҳалар пайдо бўлиб туради.

Бундан олдин Бердимуҳаммедов аҳолини кўпроқ велосипед минишга даъват қилиб, ўзи бунинг намунаси сифатида Ашхобот кўчаларида велосипед ҳайдаб кўрсатган.

Туркман раҳбари велоспортни ривожлантириш бўйича тўрт йиллик режани тасдиқлаган ва расмийлару талабаларга велопойгада қатнашишни буюрган.

"Бу саломатликни яхшилайди, табиат тозалигига ёрдам беради ва велосипед ҳайдашни тарғиб қилади", - деб айтган президент.

Шунингдек, автопойгада қатнашиб, ғалаба қозонган Гурбангули Бердимуҳаммедов.

Бироқ отчопарлар пойгасида президент отдан йиқилиб, қаттиқ жароҳат ҳам олган эди.

Бердимуҳаммедовнинг спорт соҳасини тўсатдан танқид қилиши Сочида бўлиб ўтган Олимпиадага боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

23 февралда ниҳоясига етган Сочи Қишки Олимпиада Ўйинларида Марказий Осиё давлатларидан 55 спортчи қатнашган. Ундан 50 таси Қозоғистон, учтаси Ўзбекистон, биттадан Қирғиз ва тожикистонлик спортчилар бўлиб, Туркманистондан бирорта ҳам вакил иштирок этмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ