Ўшда "жиҳодчилар" кўпаймоқдами?

Image caption Жанубий Қирғизистон қишлоқларида илгари ҳам ёшларни Сурия жиҳодига ёллаш ҳоллари бўлгани айтилади

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти ҳисобланмиш Ўш шаҳрида сўнги бир ой ичида ўнга нафар инсон "террорчи гуруҳлар"ларга алоқадорликда гумонланиб хавфсизлик хизматлари тарафидан қўлга олинган.

Қўлга олинганларнинг аксарияти Сурияда давом этаётган жангларда ҳукуматга қарши кучлар сафида иштирок этиб, у ердаги махсус тайёргарликдан сўнг Ўшга қайтиб келган ва одамларни "жиҳодга даъват этган"ликда айбланишмоқда.

Шу йилнинг 24 февралида Ўш аэропортида "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" аъзоси дейилган 32 ёшли Қирғизистон фуқароси, Россиядан учиб келгандан сўнг Хавфсизлик Хизмати ва милиция ходимлари тарафидан қўлга олинган.

"Биздаги маълумотларга кўра, бу одам Покистоннинг Вазиристон минтақасида "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"нинг аскарлари билан биргаликда махсус тайёргарликдан ўтган. Ундан сўнг Туркияга бориб, у ерда Қирғизистон фуқароларини Суриядаги ички урушда иштирок этишга жалб қилиб турган" - деди Ўш шаҳар Ички Ишлар Бошқармасининг маълумот котиби Замир Сидиқов.

Қирғизистон "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"ни 2003 йил "террорчи" ташкилот дея қора рўйхатга киритган.

Бундан ўн кун аввал ҳам Ўш шаҳрида Сурияда махсус тайёргаликдан ўтиб келган деган гумон билан олти киши қўлга олинган эди. Уларнинг машинасини тинтув қилиш натижасида қурол, ўқ - дори, қўлқоп ва ниқоблар топилган.

- Мен 8 сентябрда Туркияга учиб борганман. Бизни у ерда биродарлар кутиб олиб, Суриянинг чегарасига яқин ерга олиб бориб қўйишди. Сурияга кирганимизда Ал Бухорий жамоатидан икки одам келиб, бизни ўзини марказига олиб кетди. У ерда биз қурол отишни ўрганиш учун бир ой жисмоний тайёргарлик кўрдик. Иброҳим қўмондон бизга кўрсатма берди. У: "Қирғизистонга бориб пул йиғасизлар. Ярмини Сурияга юборасизлар, қолган ярмига автомат ва озиқ-овқат тўплайсизлар", деди. Тўпланса 150-200 одам бўлиб, бир тоққа чиқиб, у ерда база қуриб, Қирғизистон ҳарбий қисмларига ҳужум қилишни ният қилгандик, - деди қўлга олинганлардан бири.

Аммо, кўп ўтмай Ўш шаҳар суди, қўлга олинганлардан бирини уй қамоғига чиқариб юборган.

Юқоридаги қўлга олинган олти одам Ўш вилоятига қарашли Қорасув тумани масжидларидан биридан дастак олгани айтилади.

Бироқ, Қизил Меҳнат қишлоғи масжидидан Баҳром Мамасодиқов айбларни кескин рад этади.

"Одамлар масжидда менга турли хил саволлар беришарди. Ҳозирги кунда ён атрофимизда, бошқа давлатларда, жумладан Сурияда бўлаётган воқеалар бўйича сўрашарди. У ерга жиҳодга борса бўладими, қабилидаги саволларни. Мен эса, уларга билганимча жавоб берардим", деди гумонланиб қўлга олинган масжид имоми ўринбосари Баҳром Мамасодиқов.

"Жиҳодчи" эмас, "намозхонмиз"

Давлат хавфсизлиги манфаати йўлида турли хил террористик ташкилотлар аъзоларини қўлга олишлик амалиётлари баҳонасида, оддий намозхон инсонлар ҳам сўроқ қилинаётганлиги айтилмоқда.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз исми шарифларини очиқламаслик шарти билан гапирган суҳбатдошларимизга кўра, сўнгги пайтда хавфсизлик хизмати тарафидан маҳалла фаолларига худудда кимлар қайси диндан экани ва қандай диний ўқиш жойлари борлиги ҳақида маълумот тўплашга оғзаки буйруқ берилган.

"Бунинг оқибатида маҳалладаги кўплаб намозхон ёш йигитлар, соқолларини олиб ташлаб, ҳатто кийимларини ҳам ўзгартириб юришибди. Уйларда диний сабоқ олаётган аёллар ҳам вақтинчалик тўхтатиб қўйишди" - дейди суҳбатдошимиз.

"Акам намоз ўқиб, соқол қўйиб юрар эди. Машина устаси бўлиб ишлайди. Яқиндагина фуқаролик кийимида милиция ходимлари уйимизга келиб, чақиртириб, ушлаб олиб кетишибди. У ерда акамга ҳеч нарсани тушунтирмасдан уришибди. Аввалига пул талаб қилиб, акам ҳозир пул йўқ деганидан кейин, қўл телефони билан ҳужжатларини олиб қолиб, ўзини қўйиб юборибди. Қўл телефонида диний маъруза ва видеолар бор эди. Лекин, у маъруза ва видеолар бизда таъқиқланган эмас. Орадан икки уч кун ўтгандан кейин акамни Миллий Хавфсизилик Хизматига олиб тушиб кетишди. Милиция акамни ҳужжатларини Хавфсизлик Хизматига ўтказиб юборибди. Ўша куни уйимизни тинтув қилишди. Уйимизда масжидлар олдида сотиладиган исломий китоблар, диний маърузаларнинг дисклари бор эди. Ўшаларни ҳаммасини олиб, уйимизнинг бир четига қўйишди ва видеога олишди. Кейин билсак, бизнинг уйдан олган китоб ва дискларнинг орасига турли хил бизда таъқиқланган диний китоб ва дискларни ўзлари қўшиб қўйишибди ва ОАВларига акамни қоралаб маълумот тарқатиб юборишибди. Ундай нарсалар уйимизда бўлмаган. Ҳозир акам Миллий Хавфсизлик Хизматининг вақтинчалик сақлаш жойида" - дейди яна бир суҳбатдошимиз.

Давлат хавфсизлиги муҳим

Бу каби текширувлар, жорий йилнинг 3 февралида президент Алмазбек Атамбаевнинг Қирғизистон Хавфсизлик йиғинида давлатдаги ҳозирги диний аҳволга билдирган муносабати ортидан авж олган.

"Чала мулла - дин бузар" дегандек, айрим инсонлар Ислом дини билан Араб, Бангладеш, Покистон маданиятини аралаштириб, халқимиз маданияти, миллий кийими, қирғиз элимизга ўзгача урф - одат, ярашмаган турмуш тарзини ўргатмоқдалар. Кўчаларда соқолларини осилтириб, юрган муллаваччалар кўпайиб кетди" - деган эди Президент Алмазбек Атамбаев.

Президент ўз сўзида, Қирғизистон диний бошқармасини олиб бораётган фаолиятини ҳам танқид қилган.

Президентнинг бу сўзи ортидан маҳаллий масжидларда имомлар намозхонларга асосан жума намозларида тушунтириш ишларини олиб бораётганлиги кузатилмоқда ва имомларнинг ўзларини ҳам хавфсизлик хизматлари текшириб, улардан одамларни "Ҳанафий" мазҳаби йўналишида исломга даъват этиши тўғрисида тилхат олмоқдалар.

"Давлатимизда кўплаб хорижий ташкилотлар бор. Улар бизга ёрдам бермоқчи бўлсалар, биз рози бўламиз. Бироқ, улар ўзларининг сиёсат ва динларини ёйишига йўл қўймаймиз. Биз фақат Имоми Аъзам Абу Ҳанифа йўналишини ёямиз. Бу нарсани президент ҳам, олимлар ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Одамлар билимни Арабистонда, Покистонда, Туркия ёки Мисрда оладими, лекин диний фаолиятини фақат ҳанафий мазҳабида олиб боришлари шарт", - деди Қирғизистон дин бошқармаси раҳбари Мақсат ҳожи Тўқтомушев.

Таҳлилчилар фикрича, давлат мавжуд муаммога жиддий эътибор қаратиши керак, аксинча бунинг оқибати давлат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

Сабаблар: Диний кўз қараш ёки ижтимоий муаммолардан безганлик

Сўнги йилларда Ўрта Осиё давлатларидан Сурияга "жиҳодга" кетаётганлар сони тобора ортиб бормоқда.

Уч давлат чегаралари кесилишадиган Фарғона водийси аҳолиси азалдан диний йўналишда фаол эканлиги маълум.

Қўшни Ўзбекистон ва Тожикистондан давлатдаги диндор ва мустақил сиёсатчиларга мавжуд доимий босимдан безган, Суриядаги жангларда аксилҳукумат кучлар сафида иштирок этиш мақсадида кетаётган инсонлар учун, Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Қизил - Қия тумани транзит марказга айланган.

Қирғизистоннинг жанубий Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидан эса, кундалик турмуш қийинчиликларидан чарчаган, давлатдаги адолатсизликлардан безиган, моддий тарафлама ёрдамга муҳтож ёшлар, ўзларини ҳаёт қийинчиликларидан халос этиш мақсадида Сурияга "жиҳодга" отланаётганларини кузатиш мумкин.

Бу инсонларни кимлар, қандай йўллар билан "жиҳодга" даъват этаётганликлари ҳали аниқ эмас.

Уларни Сурияга бориб, тайёргаликдан ўтиб келгандагина, баъзиларини Қирғизистон Ҳавфсизлик Хизматлари қўлга олмоқдалар. Лекин, Туркия орқали Сурияга қанча одам кетаётганлигини аниқлаш Қирғизистон билан Туркия ўртасидаги визасиз тартиб сабабли ҳозирча имконсиз бўлиб қолаётганлигини ҳавфсизлик идоралари билдирмоқдалар.

Сўнгги пайтларда Ўш аэропортида Истанбулга ҳафтада уч марта қатновчи учоқ йўловчиларига ҳам назорат кучайтирилган.