Қўшни Туркманистонга толиблар 'бостириб кирди'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Афғонистоннинг Khaama Press ахборот агентлиги тарқатган хабарларга кўра, худди шундай.

Хабарда айтилишича, Толибон жангарилари Туркманистон ҳудудига бостириб кириб, камида уч чегарачини ўлдиришган.

Аммо ҳаракатнинг ўзи жим. Маҳаллий ҳарбий таҳлилчилар эса, шубҳада.

Агар, Афғонистон ахборот агентлиги тарқатган хабарга таянилса, ҳодиса чоршанба куни тунда юз берган.

Афғонистондаги Толибон ҳаракатининг Мулла Абдулла ва Аҳмад исмли қўмондонлари бошчилигидаги жангарилар Бодғиз вилоятидан қўшни Туркманистонга бостириб киришган.

Ахборот агентлигининг вилоят ҳокими сўзчисидан иқтибос келтиришича, шундан сўнг туркман чегарачиларига қарата ўт очиб, улардан камида уч нафарини ўлдиришган.

Хабарда айтилишича, юз берган ҳодисани Туркманистоннинг Афғонистон ғарбида жойлашган консуллиги тасдиқлаган.

Аммо, айтилаётган ҳужумдан икки кун ўтган эса-да, Афғонистон Толибон ҳаракати бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.

Бодғиздаги воқеа тафсилотларини ўрганган минтақадаги таҳлилчи Шоҳмуҳаммад Талоқонийнинг айтишича эса, ҳужумчилар толиблар бўлмай, Афғонистондан гиёҳванд моддалар олиб ўтишга уринган контрабандачилар бўлишган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳарбий таҳлилчига кўра, Туркманистон билан чегарада юз берган воқеа бевосита сўнгги йилларда Афғонистон шимолида қайта фаоллашган толибларнинг Марказий Осиё давлатларига тўғридан-тўғри ҳужум қилиш қудратига етганини англатмайди.

Талоқоний жанобларига кўра, бунга ўхшаш ҳодисалар Афғонистон билан минтақанинг қолган давлатлари орасидаги ўзаро чегараларида ҳам тез-тез юз бериб туради.

Ўз, ўрнида, суҳбатдошимиз жангариларининг сонини аниқ айтиш қийин эса-да, ҳозир қўшни Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий вилоятларида Толибон ҳаракати яна фаол эканини эътироф этади ва уларнинг очиқ жангдан кўра, партизанлик йўлини кўпроқ афзал билишларини таъкидлайди.

Аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC News Interactive

Ўтган йили афғонистонлик мулозимларнинг ўзлари ҳам қатор шимолий вилоятларда афғон Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам жуда фаоллашгани ва ҳатто, Қундузда ўз қароргоҳига эга эканини ҳам айтиб чиқишганди.

Айнан сўнгги йилларга келиб, хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистон шимолида ҳаракатнинг юқори мартабали қўмондонларини ўлдиришгани ва қўлга олишганига оид хабарлар ҳам кўпайган.

Яқинда қўшни Тожикистон раҳбари Афғонистон билан ўзаро чегарасида ноқонуний жангарилар тўпланаётганидан ошкора хавотир билдириб чиққан, унинг бу ташвишларига Қирғизистон томони ҳам қўшилганди.

Бу каби қўрқувлари ортидан, икки давлат раҳбарлари ўз чегараларини мустаҳкамлаш масаласини муҳокама этиб олишган, ҳатто, Оврўпо Иттифоқи бу ишда уларга кўмак беришини ҳам айтганди.

Ўтган йил март ойида эса, 12news.uz веб-сайти 30 га яқин Афғонистон фуқароси Афғон-Ўзбек чегарасини бузиб ўтишга ҳаракат қилгани ва ўзбек чегарачиларига ҳужум қилишгани ҳақида ёзганди.

Афғонистон Чегара қўшинлари раҳбари Ўзбек ҳарбийлари уч афғон фуқаросини Афғонистон ҳудудида отиб ўлдирганликларини айтганди.

Ҳодиса ўзаро чегарадаги Амударё ўртасида жойлашган ва Ўзбекистонга тегишли Пайғамбар Оролида юз берганди.

Ўзбек Чегара қўмитаси эса, ўша хабарлар манзарасида 2013 йил бошидан буён 22 марта ана шунга ўхшаш воқеа кузатилгани, Афғонистоннинг 105 фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар қилганди.

Таҳдид қанчалик жиддий?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC News Interactive

Покистонлик кўзга кўринган таҳлилчилардан бири Аҳмад Рашид яқинда Би-би-си учун ёзган сўнгги мақоласида Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистонни Афғонистондан келаётган таҳдид қаршисида энг заиф мамлакатлар сифатида тилга олганди.

Минтақадаги бу уч давлат эса, биргаликда Афғонистон билан қарийб 2.000 чақиримлик чегарага эгалар.

Таҳлилчи ўзига имконли бўлган айрим хабарларга таяниб, Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Марказий Осиё ва Афғонистон чегарасида янги базаларини ўрнатишга уринаётгани, 2005 йилги қонли Андижон воқеалари ортидан, улар янада кўпроқ янги жангарилар ёллашга муваффақ бўлгани ҳақида ёзганди.

Муаллифга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Тожикистон жануби, Покистон шимоли-ғарбидаги чегара ва Афғонистон шарқига осонгина қўл узатиш мумкин бўладиган йирик ҳудудни эгаллаб олиш истагидадир.

Аммо, покистонлик ҳамкасбларининг бу каби фикрларига қўшилмасликларини айтган айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, ҳаракатни бугун биргина Ўзбекистон мисолида 30 миллионлик давлатни изидан чиқариб юборадиган ёки унга жиддий талофат етказа оладиган ресурсга эга, таҳдид дейиш ноўрин бўлади.

Ҳам Афғонистон ва ҳам Покистондаги Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2001 йилдан буён жиддий талофатларга учраган ва қатор раҳбарлари ҳам ўлдирилган. Аммо буткул мавҳ бўлмаган.

Ўз ўрнида ҳаракат муаллақ маълум бир ресурсларини сақлаб қолишга муваффақ бўлаётганини назарда тутиб, таҳлилчилар, "Афғонистонда толибларнинг ҳокимиятга қайтиши ва ёки қўшинларнинг чиқиб кетиши минтақа учун жиддий муаммо эканини инкор этишмайди”.

Афғонистонда ўтган 13 йилдан буён ҳозир бўлган хорижий иттифоқ қўшинлари эса, Толибон муаммоси ва афғон можаросига буткул ечим топмай, шу йил бошидан Афғонистондан оммавий сафарбарликни бошлашган.

Айни ўринда шуни ҳам алоҳида эслатиб ўтиш жоизки, агар расмий Кобул ва АҚШ ҳукумати ўртасида муҳим хавфсизлик битими имзоланмайдиган бўлса, Афғонистонда бирорта ҳам ҳарбий база ёки хорижий аскар қолмайди.