Йўқолган боинг "Қозоғистон ва Туркманистон сари учган бўлиши мумкин"

  • 15 Март 2014
Image copyright AFP

Малайзия Бош Вазири Нажиб Разақнинг хабар қилишича, Malaysia Airlines ҳаво йўлларининг Боинг 777 авиалайнеридаги алоқа тизимлари олдиндан ўчириб қўйилган бўлган.

Унинг айтишича, сунъий йўлдошлардан олинган маълумот учоқ ўз алоқа тизими ўчирилишидан сўнг йўналишини ўзгартириб яна етти соат бошқа йўналишда учганига ишора қилади.

"Тергов янги босқичга кирди. Учоқнинг ҳаракатлари унда кимнингдир атайлаб қилган амалларидан дарак беради", - деди жаноб Разақ.

Авиалайнер Боинг 777 ўтган жумада Куала-Лумпурдан Пекинга МН370 рейси билан учаётганди. Унинг бортида экипажнинг 12 аъзоси ва 227 йўловчи бор эди.

Лайнер ердан кўтарилишидан тахминан бир соат ўтиб радар экранларидан йўқолиб қолган. Бу вақтда у Вьетнамнинг ҳаво ҳудудида Жанубий Хитой денгизи узра учаётганди.

Аввалроқ пайдо бўлган маълумотда учувчилар билан радио алоқа йўқолиб қолиши ортидан бир неча соат давомида учоқ двигателларининг ишлаб тургани борасида телеметрик маълумот олиниб тургани айтилган.

Хабар қилиндики, Лондонда жойлашган Inmarsat ширкати учоқдан беш соат давомида ишоралар қабул қилган. Агар бу маълумот тўғри бўлса, бу учоқ учишда давом этгани ва 1600 километрдан ошиқ масофани босиб ўтганини англатади.

Қидирув кенгайтирилмоқда

Матбуот анжуманида гапирган Нажиб Разақнинг айтишича, сунъий йўлдошлардан олинган маълумот Боинг 777да алоқа тизими ўчириб қўйилгани ва учоқ сўнгра Малайзия ҳудудига қайтиб, Ҳиндистон сари ҳаракат қилганига ишора қилади.

Разақ жанобларининг айтишича, ҳозирда расмийлар учоқнинг икки ҳаво даҳлизлари бўйлаб ҳаракат қилгани эҳтимолини кўриб чиқишмоқда.

  • Қозоғистон ва Туркманистон чегарасидан Тайланд шимолигача
  • Индонезия жанубидан Ҳинд уммони жанубигача

Унга кўра, Малайзия ҳарбийлари айни дамда Жанубий Хитой денгизидаги амалиётларини тўхтатиб, қидирув ҳудудини кенгайтириш мақсадида бошқа давлатлар билан музокаралар олиб бормоқдалар.

"Матбуот воситаларида учоқ олиб қочилгани борасида пайдо бўлган хабарларга қарамай, мен бир нарсага аниқлик киритмоқчиман. Биз ҳали ҳам учоқ ўз йўналишини ўзгартиришига етаклаган барча сабабларни кўриб чиқаяпмиз", - деди бош вазир.

Your contact details
Disclaimer