Қирғизистон: "Мухолифатга босим кучаймоқда"

Украинадаги сўнгги воқеалардан илҳомланган Қирғизистон мухолифати вакиллари ўзларига нисбатан давлат идоралари тарафидан тазйиқлар кучайганини билдирмоқдалар.

17 мартда пойтахт Бишкекнинг марказий майдонида ўтказилиши режаланган Қирғизистон Жўғўрқу Кенгаши собиқ депутати Садир Жапар бошчилигидаги мухолифат қурултойи, уларга қарши провокация бўлиш эҳтимоли сабаб қилиб кўрсатилиб, 31 мартга қолдирилган.

Мухолифат раҳбари Садир Жапаров интернет нашрларида эълон қилган баёнотида қурултойнинг қолдирилиши бўйича қуйидагиларни маълум қилди:

“Ўтказмоқчи бўлган қурултойимиз олдидан давлат тарафидан бизга қарши турли хил правокациялар тайёрланаётганлиги ҳақида маълумот олдик. Унда, махсус гуруҳ тайёрланиб, қурултойда ҳукуматни босиб олишга чақириқлар бўлиши ва яна мухолифатни ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш кўзда тутилган. Биз эса, аксинча, тинчлик йўли билан “Қумтор” олтин кони масаласи бўйича халқ дардини айтиш мақсадида йиғилмоқчимиз” - деди Садир Жапаров.

2012 йилнинг 3 октябрида Бишкекнинг марказий майдонида, ўша кездаги Жўғўрқу Кенгаш депутатлари, “Ота Юрт” партияси аъзолари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ҳамда Талант Мамитовлар “Қумтор” олтин конини давлат тасарруфига ўтказиш юзасидан ўтказган намойишида, ҳукуматни босиб олишга чақириқлари ва ҳаракатлари ортидан ҳибсга олиниб, судланган ва айбдор деб топилган. Кейинчалик эса, Марказий Сайлов Қўмитаси депутатларни мандатидан маҳрум этган.

Жорий йилнинг 26 февралида тузилган, бир қатор депутат, сиёсатчи ва мухолифат вакилларидан иборат Миллий Мухолифат Ҳаракати раҳбари, Жўғўрқу Кенгашнинг иқтидордаги депутати Равшан Жээнбеков айтишича, ҳаракат аъзоси, Ўш шаҳрининг собиқ ҳокими Мелис Мирзақматовга нисбатан, давлат босим ўтказиб, собиқ ҳокимнинг тижорий мулкларини тортиб олишга ҳаракатлар бўлаяпти.

Ўрта Осиёда йирик савдо марказларидан бири ҳисобланган Қорасув шаҳридаги “Омад” бозори, ҳамда Ўшдаги “Таатан” бозори собиқ ҳоким Мелис Мирзақматовга тегишли экани айтилади.

Шунингдек, 2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолобод шаҳарларида бўлиб ўтган миллатлараро низо ортидан “ЎшТВ” телерадиокомапинияси ҳам тадбиркор Ҳалилжон Ҳудайбериевдан тортиб олинган, дейилади.

Ҳукуматпараст “Социал Демократлар” партиясининг Ўш шаҳри кенгашидаги депутати Талан Капаров мухолифатнинг бу маълумотлари атайлаб ўйлаб топилган, ёлғон бўлиши мумкин, дейди.

“Қирғизистонда ҳозир бу каби йирик тижоратларни босиб оладиган жиноий тўдалар йўқ. Бу атайлаб, ҳукуматни ёмон кўрсатишга қаратилган ҳаракатлар бўлиши мумкин. Ҳокимият мансабидан мосуво бўлган сиёсатчилар, турли хил йўллар билан халқ диққатини ўзларига қаратмоқчи бўлади. Ҳозирги кунда Ўшда Мирзақматов билан ҳеч кимнинг иши йўқ, у ўзи билан ўзи” - дейди Талан Капаров.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 26 февралида Бишкекда, янги миллий мухолифат йиғин ўтказиб, Қирғизистондаги вазиятни Украинадаги воқеаларга солиштириш билан, Януковичнинг тақдирини такрорлаб қолмаслиги учун Президент Атамбоевни мухолифат билан музокаралар юритишга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ