Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўзбекистон учун кураш энди бошланмоқда'

Image caption Каримов минтақада Россия таъсирига қаршилик кўрсата олган ягона раҳбар сифатида кўрилади

Ғарб Қримдаги воқеалар сабаб Россияни ихоталаб қўйишга уринаркан, таҳлилчилар Оврўпо йўналишида муваффақиятсизликка учраган Москва энди ўз назарини Марказий Осиёга қаратишини айтишмоқда.

Россиянинг мустақил Украинага ҳуружини қоралаган АҚШ Президент Путинга яқин 20 кишининг ҳисобларини музлатди ва уларнинг АҚШга сафар қилишларига таъқиқ қўйди.

"Кремлдагиларнинг банки" деб билинган "Россия" банки фаолиятига чеклов қўйилди.

Оврўпо Иттифоқи эса Россиядан газ ва нефт сотиб олишни камайтиришини айтди.

Жазо чоралари манзарасида Россиянинг кредит рейтинги "барқарор"дан "салбий"га туширилди.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, биргина Оврўпо иттифоқи киритган жазо чораларининг ўзи Россияга ҳар чоракда 50 миллиардга тушиши мумкин.

Президент Путин жазо чораларининг устидан кулишга уринган, аммо унинг молия вазири иқтисодий аҳвол ёмонлашишини тан олган.

Россия Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги ҳисобланади.

Ўзбек томонига кўра, ўтган йили икки давлат ўртасидаги савдо айирбошлаш ҳажми етти ярим миллиард доллардан кўпроқни ташкил этган.

Иқтисод ва геосиёсат

Ҳозирда Москвада бўлган иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайиновга кўра, ғарбнинг Россияга қарши жазо чоралари Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга бевосита эмас, билвосита таъсир қилади.

Унинг айтишича, Россия ишбилармон доиралари ҳозирнинг ўзида Марказий Осиёга кўпроқ сармоя киритиш ҳақида ўйлаш бошлашган.

"Ғарбий Сибирдан Марказий Осиёга ўтган нефт қувурлари ишламай турибди. Ўзбекистон Россиядан йилига 8 миллион тонна нефт сотиб олиш истагини билдирган, аммо Россия бунга қизиқиш билдирмай келаётганди. Энди бўлса, руслар "биз нефт контрактини қайта тиклаб, Ўзбекистонга катта миқдорда нефт сотишга тайёрмиз, заводларни таъминлаймиз, яхши шарот-шароитларни яратиб берамиз", - дейишаяпти", дейди ўтмишда Ўзбекистоннинг энергетика вазири бўлган Анвар Ҳусайинов.

Унинг фикрича, Россияга нисбатан чекловлардан минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ютиши мумкин.

"Мажбурликдан баъзи яхшиликлар ҳам юз бериши мумкин. Энди Россия ўз этиборини қўшни давлатларнинг бозорига қаратишга мажбур. Оврўпо Россиянинг газ ва нефтини олмай қўйса, аҳолининг даромадлари тушиб кетади. Руслар Оврўподан келадиган қиммат маҳсулот ўрнига Ўзбекистоннинг арзон озиқ-овқат маҳсулотларини истаб қолишлари мумкин", - дейди таҳлилчи.

Аммо шу билан бирга Анвар Ҳусайиновнинг фикрича, жазо чоралари натижасида Россиядаги йирик қурилиш лойиҳаларининг қисқариши ва муҳожирлар меҳнатига талабнинг камайишини кутиш мумкин.

Бундай ҳолатда ўзбекистонлик муҳожирлар уйларига юборадиган малбағлар миқдори кескин камаяди ва ҳукумат янги иш ўринлари яратиш устида ўйлаши керак бўлади.

"Айни пайтда ғарб ҳам Ўзбекистон ва минтақага кўпроқ эътибор қарата бошлайди ва манфаатли лойиҳаларни таклиф қилади. Ўзбекистон учун кураш энди бошланмоқда", - дейди Анвар Ҳусайинов.

Унинг фикрича, Россия билан яқинлашиш Ўзбекистонга қисқа муддатда яхши иқтисодий натижалар олиб келиши мумкин, аммо Ўзбекистон узоқ келажакни ўйласа, ғарб билан яқин алоқаларни ўрнатиши керак.