"Москва Совет Иттифоқини тикламоқчи эмас"

21 мартда, Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Андрей Крутко журналистлар учун матбуот анжумани ўтказиб, Қримдаги сўнгги воқеалар бўйича ўз давлатининг тутган мавқеини қирғизистонликларга тушунтирди.

Жаноб Крутконинг айтишича, Украинанинг янги ҳукумати қримликларнинг манфаат ва ҳавфсизлигини ҳимоя қила олмайди, аннексияланган ҳудуднинг Россияга қўшилиши эса халқаро қонунларга қарши эмас.

"Киевнинг иқтидордаги ҳукуматини Украинанинг ҳамма ҳудудлари ҳам тан олгани йўқ. Қрим ҳалқи ҳам шундай позицияда. Шунинг учун Қрим ҳалқи Украина ичида ўз тақдирини аниқлашга имконияти қолмади. Украина бўлса, ўзининг ҳудудий бирлигини сақлаб қолишга чорасиз бўлиб қолди. Бу ҳолатда, Украина 1970 - йилда қабул қилинган Ҳалқаро қонун принциплари бўйича декларацияга мувофиқ, халққа босим кўрасатишни тўхтатиб, ўз тақдирини аниқлашга имконият бериши керак эди. Бироқ, ундай бўлгани йўқ. Шу сабабдан, қримликлар ўз тақдирларини аниқлаш учун Россиядан қўллов сўрашга мажбур бўлишди" - деди Андрей Крутко.

Элчи Андрей Крутко Россия Қрим масаласида МДҲдаги ҳамкорлари билан маслаҳатлашиб иш олиб бораётганлигини, шу қаторда Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлиги, бир қанча сиёсий партиялар билан ҳам музокаралар ўтказилганини айтди, лекин музокараларга қайси партиялар қатнашганини очиқламади.

"Ўтган шанба ва кеча Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлиги билан сўзлашувлар бўлди. Шунингдек, давлатдаги бир қатор партияларнинг вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказдим. Улар қайси партиялар эканлиги сирлигича қолсин. Учрашувларда Украинадаги сиёсий инқирозни муҳокама қилдик" - деди элчи.

20 мартда Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлиги Қримда ўтказилган референдум натижаларини тан олганини билдирган баёнот тарқатди.

Унда қирғиз ташқи сиёсий маҳкамаси Россия аннексиялаган ҳудуддаги референдумни тўғридан - тўғри тан олмасада, унинг натижаларини қўллашини эълон қилган. Вазирлик матбуот котиби Турдақун Сидиқов баёнот мазмунини қуйидагича изоҳлади.

"16 мартда Қримда бўлиб ўтган референдум натижалари мухтор республика халқининг ҳоҳиш ва эрки эканлигини аниқлади. Бу референдумга қанча қарама - қарши баҳолар берилмасин, бу ҳолисона ҳақиқат эканлиги кўриниб турибди. Қирғиз Республикаси, аввалгидек, Украинанингсобиқ ҳукуматининг қилган ҳатти - ҳаракатлари ва порахўрлиги бугунги инқирозга ва ўнлаб гуноҳсиз инсонларнинг ўлимига олиб келди деган фикрда" - деди Турдақун Сидиқов.

ТИВ баёнотидан кўп ўтмай, муҳолифатдаги "Ота Юрт" сиёсий партияси Қримни Россия Федерациясига қўшилишини қўллаб, Қирғизистон ҳукуматини ҳам шу позицияда бўлишга ундади.

"Ота - Юрт" партияси Қримни Россияга қўшилишини қўллаб - қувватлайди ва Москванинг қадамини тўғри деб ҳисоблайди. Бугунги кунда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин нафақат ўз давлатига, балки, ҳамкор, дўстлик муомаладаги бошқа давлатларга ҳам ҳозир Қримга бераётган ёрдами каби саҳоватини аямаётганлигини айтиб ўтиш жоиз" - дейилади баёнотда.

Айрим сиёсатчилар бу каби баёнотларнинг кетма - кет тарқатилиши, Россиянинг босими остида бўлиши мумкин деган фикрдалар.

Қримдаги сўнги воқеалардан сўнг, Россия Ўрта Осиё давлатлари мустақиллагига ҳавф солади деган фикрни элчи Крутко инкор этиб, ўз давлатини Совет Иттифоқини қайта тиклаш режаси йўқ эканлигига журналистларни ишонтиришга ҳаракат қилди.

Халқаро ҳамжамиятда баҳсу - музокараларга сабаб бўлаётган Қрим масаласи бўйича кетма - кет уч баёнотнинг берилиши Қирғизистонда бир қатор муҳокамаларга сабаб бўлди. Бунгача Украинанинг янги ҳукуматини тан олган Қирғизистон Қримдаги референдум натижалари юзасидан баёноти билан ўз позициясини ўзгартирдими деган фикрларни пайдо қилди.

11 мартда Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлиги Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичнинг ҳатти - ҳаракатларини танқид қилиб, янги ҳукуматни қўллаган баёнот тарқатган эди.

Баъзи маълумотларга кўра, 13 мартда Россиянинг Ташқи Ишлар Вазирининг муовини Георгий Карасин Қирғизистоннинг Москвадаги элчиси Болот Жунусовни чақириб, баёнот юзасидан норозилик билдирган.

Қирғизистон Жўғўрқу Кенгаши депутати Ўмурбек Абдураҳмонов қирғиз ҳуқумати Россиянинг босими остида Қрим юзасидан ўз позициясини ўзгартиришга мажбур бўлди деб ҳисоблайди.

"Бизнинг Ташқи Ишлар Вазирлиги билан президентга Украина масаласида биринчи баёнотидан кейин Россия ўз босимини кучайтирганга ўхшайди. Шу сабабдан, иккинчи баёнотни тарқатишга мажбур бўлди. Бу бизни ташқи сиёсатни олиб боришимизда Россияга тобе эканлигимизни билдиради.

Шу қаторда Абдураҳмонов Россия ҳукумати расмий ҳукуматгина эмас, сиёсий партияларни ҳам ўз таъсирига олишга ҳаракат қилмоқда деган фикрда.

Бунга рус элчиси Андрей Крутконинг бир қанча сиёсий партиялар билан учрашувлар ўтказгани ҳамда "Ота - Юрт" партияси баёнотини ўша учрашувлар натижаси сифатида ҳисоблаш мумкинлигини айтади.