Тожик муҳожирлари учун имтиёзли тартиб келишуви ратификация қилинди

Россия парламенти юқори палатаси бу мамлакатга ишлаш учун борган Тожикистон фуқароларининг ишлаш шароитини осонлаштирадиган келишувни ратификация қилган.

Тожик меҳнат муҳожирларининг Россия ҳудудида бир йил эмас, уч йил ишлашига рухсат берадиган келишувни бир неча кун олдин Россия Давлат Думаси маъқуллаган эди.

Бундай келишувга эришилгани ҳақида 2013 йил октябрида эълон қилинган эди.

Россия расмийларига кўра, бу мамлакат ҳудудида 1 миллион 300 минг атрофида тожикистонлик меҳнат муҳожири ишлайди.

Тожик меҳнат муҳожирларига Россия ҳудудида имтиёзли шароит берилиши Россия ҳарбий базасининг Тожикистонда қолиши муддати узайтирилиши билан боғлиқ.

Бундан кейин Тожикистондан Россияга борган меҳнат муҳожири рўйхатдан ўтмасдан 15 кун туриши мумкин.

Бошқа МДҲ мамлакатлари фуқаролари учун бу муддат етти кун қилиб белгиланган.

Шу йил бошидан Россия ҳудудида меҳнат муҳожирларининг бўлиши билан боғлиқ тартиб қаттиқлаштирилди.

Бундан олдин Россияда ишлаб юрган меҳнат муҳожирлари паспортларидаги мамлакатда бўлиш муддати тугаган пайтида Украина ёки Қозоғистон ҳудудига ўтишар ва чегарадан қайтиб ўтиб, Россияда ишлашни давом эттирар эдилар.

Энди Россия чегарасини кесиб ўтгандан кейин 90 кундан кейин қайтишга рухсат берилган.

Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудида бўлиш тартиби ўзбекистонлик муҳожирларга нисбатан осонроқдир.

Бу мавзуда батафсилроқ