Тожикистонлик меҳнат муҳожири кундалигидан-ўн олтинчи ҳикоя

Кеча бизнинг димиққан ижара уйимизга юртимдан кӯклам нафаси кириб келди. Онажоним менга ӯз қӯллари билан пиширган сумалак юборибдилар. Сумалак олиб келган ҳамқишлоқ йигитдан аввал онажонимнинг соғликларини сӯрадим.

У онамнинг ӯз қӯллари билан буғдой ундириб, туни билан сумалак кавлаб чиққанлари, агар одамнинг тану жони соғ бӯлмаса, бир кеча-кундуз кӯз юммасдан чиқиши амримаҳол эканлигини айтиб, мени қувонтирди.

Ҳовлимиздаги дадамлар тикиб кетган ӯрик, бодом, гилослар кӯз олдимга келар экан, ҳамқишлоқ йигитдан ҳаммаёқ чаманзор бӯлиб кетгандир, дея сӯрадим.

«Йӯқ, бу йил ҳалигача ҳаво паст, фақат эртапишар бодомлар гуллаган. Мен йӯлга чиқаётганда ӯриклар ҳали гуллаган эмасди. Лекин, толлар кӯкарган», деди йигит гӯё бунга ӯзи айбдордек ерга тикилиб. Бирпасдан кейин у дарахтларнинг эрта гулламагани ҳам бир томондан яхшилиги, чунки тунги совуқ урмаслигини айтди.

- Москванинг ҳавоси биздагидан иссиқроқ, - деди ёпиқ деразаларга кӯз ташлар экан ҳамқишлоғим.

22-март, шанба куни ҳаммамиз дам олдик. Шуҳрат Олимжонни эргаштириб чиқиб кетиб, бир дунё нарса кӯтариб келишди. Олтовлон дастурхон атрофига Наврӯзни (уни биз томонда Йилбоши ҳам дейишади) нишонлашга тушдик. Сумалак талаш бӯлиб кетди. Ҳа, айтгандек, Манзура опага ҳам онам юборган сумалакдан бир коса чиқарвордик. Коса кӯтариб кетган Холмуроднинг айтишича, Манзура опа сумалак ялаётиб, кӯзлари ёшланибди.

Мен Холмуроддан бунинг сабабини сӯрамоқчи бӯлиб тургандим, эшик қӯнғироғи чалинди.

- Наврӯзларинг муборак бӯлсин! Кеч қолмадимми? Ие, сумалак!

Қучоғини очганча келаётган Эргашалининг кӯзлари порлаб кетди.

- Кӯрганимиз-кӯришганимиз! Қимирламанглар! – Эргашали бӯш курсига ӯтириб, сума-лак ялашга тушди. – Оҳ-оҳ! Бу дунёнинг таоми бӯлмабди. Аяжоним худди шундай мазали сумалак пиширадилар.

- Шошманглар, сумалакка тӯйиб қолманглар, - Холмурод ӯрнидан туриб Манзура опага сумалак олиб чиққан косани жавондан олди. – Ҳолвани соғинганларинг йӯқми? Тошкент ҳолваси. Манзура опа бервордилар.

Холмурод ҳолва тӯла косани дастурхонга қӯйди. Бирпасда коса бӯшаб қолди…

Манзура опа

Ҳолва таъми оғзимдан кетмас экан, мен Манзура опага ич-ичимдан раҳмат айтардим. Унинг шифобахш қӯллари шарофати билан уч кун ётар-ётмас, ишга чиқиб кетдим. Ҳозир шамоллашдан асар ҳам қолгани йӯқ.

Манзура опа ҳақида Эргашали айтган ҳикояни эшитиб, унга ҳурматим минг чандон ошди."Бежиз опамга ӯхшатмаган эканман", дедим ӯз-ӯзимга.

Қирқни қоралаб қолган Манзура опа аслида Тошкентнинг Кӯкча даҳасидан экан. Чилонзор томонга келин бӯлиб тушган экан. Тошкентдаги беморхоналардан бирида узоқ йиллар тиб ҳамшираси бӯлиб ишлабди. Эргашалига айтишича, агар оилалари бошига кутилмаган ташвиш тушмаганда, ӯша беморхонадан пенсияга чиқиб кетар экан.

Манзура опанинг эри савдода ишлаган. Олдинлари Отчопарда савдо қилиб, кейинроқ Эски шаҳарда битта дӯкон очибди. Ӯзи яшаётган ота ҳовлисида унча ҳашаматли бӯлмаса-да, бундайроқ иккита уй тиклабди. Лекин, кутилмаганда дӯконни устма-уст текширувчилар босиб, икки қулоч акт ёзиб кетишибди. Эмишки, дӯконда чет элдан яширин олиб келтирилган, божхона тӯлови тӯланмаган моллар сотилаётган экан.

«Хӯжайин ҳеч қачон четга чиқиб, мол олиб келмаганлар. Улгуржи мол сотадиганлардан у-бу олиб, майдалаб сотардилар. Лекин, биз қанчалик исботлашга уринмайлик, қулоқ солишмади. Бир гапда турволишди: «Сиз қонунни бузгансиз!» Хуллас, катта жарима солишди. Адвокат ёлламоқчи бӯлганимизни эшитган текширувчилардан биттаси «Эрингизнинг қамалмаганига шукр қилинг!» деди тиржайганича».

Эргашали Манзура опанинг бу гапини айтаётганида муштлари тугилди.

Ана шундай қилиб, дӯконни топширишга тӯғри келибди. Энг ёмони – Манзура опанинг эри аламини ичкиликдан ола бошлабди. У эрини ичкиликдан қайтаришга қанчалик урин-масин, қӯлидан келмабди.

«Поччанинг иродалари кучли эмас экан-да. Йигит киши иши юришмаса, бошқа иш эта-гини тутиши, қийин вазиятдан чиқиш йӯлини излаши керак эди, шундай эмасми?»

Менинг бу гапимни Эргашали индамай эшитди. У пиёладаги чойни охиригача симирди-да, яна чой қуйди.

«Лекин оиласининг, болаларининг бахтига Манзура опа иродаси ӯта кучли аёл экан. Би-ласизми, у менга нима деди?»

Эргашали шундай дея, менга қаради. Кӯзларини узмасдан, яна пиёла бӯшатди. Анчагача сукут сақлади.

Мен бу сукутнинг сабабини ҳикоянинг давомини эшитганимдан сӯнг англадим.

«Боласи оч қолгандан кейин онанинг кӯзига ҳеч нарса кӯринмайди. Ё қора иш демай, чарчаб-толиққанига қарамай меҳнат қилиши керак, ё…»

Манзура опа шундай дея, кӯзлари ғамгинлашиб жимиб қолибди. Эргашали бир сӯз дейишга ботина олмай, унинг оғзига қараганча ӯтираверибди.

«Эсингиздами, кеча тушлик пайтида интернетдан Тошкент телевидениесини томоша қилдик. Чет элга алдаб олиб чиқиб кетилаётган қизлар, ёш аёллар ҳақида кӯрсатишди. Катта пулга учиб, фирибгарларнинг қармоғига илиниб, фоҳишаликка мажбур этилганлик-ларини айтишди, ӯзларини гапиртиришди. Шӯрлик ёшгина қиз худди ёдлатилганга ӯх-шаш гапларни ҳеч бир қийналмасдан бемалол айтар экан, мен энди унинг тақдири нима бӯлади, одамлар орасида қандай юради, деб ӯйлардим. Сиз бу каби кӯрсатувларни тез-тез бериб туриш керак, содда, лақма қизларнинг кӯзини очади, дедингиз. Мен тилимдагини ичимга ютдим ва индамадим».

- Мен Манзура опанинг нега кечаги гапни нега эслаб қолганликларига ҳайрон бӯлдим ва опа, нима, мен нотӯғри гапирдимми, дедим, - деди Эргашали.

Ӯз қизларига ғамхӯрлик қила олмайдиган жамиятнинг айби йӯқми?

Манзура опанинг ӯша лаҳза важоҳатлари ӯзгарибди. Худди қаршисида Эргашали эмас, қизларни ӯша кӯйга солганлар тургандайин кӯзлари ёнибди.

«Мен гапингиз нотӯғри демадим. Лекин тӯққиз-ӯн йил олдин улар қаерда эдилар? Эсим-да, чет эл радиоларида Дубайга алдаб олиб кетилиб, фоҳишаликка мажбурланаётган қизлар, одам савдоси ҳақида исботи билан гапиришганда, Ӯзбекистонда хориж журналистларини ёлғон тӯқишда, гуллаб-яшнаётган мамлакатимизни кӯролмай, мағзава тӯкишда айблашарди. Мана энди эса, гоҳ Қозоғистонга, гоҳ ундан нарига алдаб олиб кетилган ва танини сотишга мажбур этилаётган қизларимиз ҳақида кӯрсатишяпти. Фақат уларни эмас, Россияга меҳнат қилиш учун бориб, товламачилар қӯлига тушиб қолган эркакларни ҳам кӯрсатишиб, агар ҳукумат ташкилотлари томонидан ишлашга боришганда, бу аҳволга тушмаган бӯлардилар, деб айблашади».

- Мен Манзура опанинг куйиниб гапиришларини кӯриб, худди ӯз қизлари, сингиллари учун алам тортяптилар, деб ӯйлардим, - Эргашалининг овози тобора пастлашиб кетаёт-ганди. – Аввалига мен опа айтган гапларга унчалик қӯшилмадим, лекин яхшироқ ӯйлаб кӯриб, ҳақ эканликларига тан бердим.

«Эргашали, сиз менинг ӯғлимдан бӯлса, етти-саккиз ёш каттасиз. Худога шукр, дастурхонимизда қуруқ нон, қанд ва баъзан пайдо бӯладиган сариёғдан бошқа нарса қолмаганда, ӯн кунлаб қозоним гӯшт кӯрмаганда, болаларимга янги кийим олиб бера олмай, ой сайин ошиб бораётган газ, электр, сув пулларини тӯлаёлмайин устма-уст тунги навбатчиликка қолганимда ҳам айримлардек ёмон йӯлга кирмадим. Москвага келганимда ошхонада қӯлларим қавариб, оёғимдан нам ӯтиб, идиш-товоқ ювдим. Худога шукр, икки йилдан буён ошпазлик қиляпман. Ӯғлим лицейни битириб, университетга кирди. Қизим бу йил сакки-зинчини битиради. Мен болаларимни ҳалол меҳнат билан топган пулимга едириб-кийди-риб, ӯқитяпман. Раҳматли адамлар, ойижонимнинг ёш қизчалигимдан бошлаб айтган ҳа-лоллик, поклик, виждон тозалиги борасида айтган ӯгитлари ҳамон қулоғимда. Мен адамнинг руҳларини безовта қилмадим, ойижонимнинг кӯзларини ерга қаратмадим. Лекин… ҳаёт муштларига чидаёлмасдан бузуқ йӯлларга кириб кетаётган аёллар ҳам бор. Тӯғриси, улар анча кӯпайган. Лекин, бунинг учун фақат уларнинг ӯзини айблашдек осон иш йӯқ. Аёлларга инсондек яшаш учун етарли маош бериладиган иш топиб бера олмаган, ӯз қиз-ларига ғамхӯрлик қила олмайдиган жамиятнинг айби йӯқми? Дубайга, Туркияга, Қозоғистонга, Таиландга бориб, фоҳишалик ортидан пул топаётган ӯзбекистонлик, ҳа, ӯзбекистонлик, чунки уларнинг ҳаммаси бир миллатдан эмаслигини яхши биламиз, қиз-жувонларнинг ана шу кӯйга тушганлари учун ота-оналари, эрларидан ташқари жамият, ҳукумат ҳам жавобгар эмасми?!»

- Опа ёниб-ёниб сӯзлар эканлар, худди шу лаҳза мен ҳам ӯзимни айбдордек сездим, - деди Эргашали.

«Мен болаларимни қайнанамларга, иккинчи онажонимга ташлаб келганман. Оқ ювиб-оқ тараяптилар. Менинг болаларим катта бӯлиб қолишган. Лекин, уларни соғиниб, кечалари ёстиқни ивитиб чиқаман. Мен билан турадиган самарқандлик, каттақӯрғонлик ёш аёллардан биттасининг ӯғли беш, қизи уч яшар, иккинчиси бир ёшли ӯғлини онасига ташлаб келган. Агар ӯзимизда шароит бӯлганда, бу мусофир юртларда қӯлимиз қадоқ, сочимиз супурги бӯлиб, болаларимизни соғиниб юрган бӯлармидик!»

Қӯллари ширин онажоним

Эргашалининг ҳикоясидан сӯнг кейинги йилларда Тожикистондан Дубайга алдаб олиб кетилаётган қизлар анча камайганлигини эсладим. Тожикистонда ҳали ӯн йил, балки ундан ҳам олдинроқ чет элларга фоҳишаликка алдаб олиб кетиш, одам савдоси борасида очиқчасига гапириларди. Маҳаллий газеталарда бу мавзуда ёзиларди. Мен университетда ӯқиб юрганимда ноҳукумат ташкилотлар шу мавзуда ӯтказган семинар-тренингларда волонтер бӯлиб қатнашганим эсимда.

Онам «дардни яширсанг, иситмаси ошкор қилади», деган гапни тез-тез айтадилар. Нега бу мақолни бошқалар билмас экан. Ё билсаларда, мағзини чақишни исташмайдими?

Онажоним эсимга тушиб кетиб, ҳамма нарсани унутдим. Тезда уйга телефон қилдим.

- Ассалому алайкум, онажон!

- Ваалайкум ассалом, Умиджон! Тузукмисан? Негадир қӯрқинчли тушлар кӯриб чиқдим.

- Тузукман, онажон, тузукман! Сумалакни еб, куч-қувватим танамга сиғмаяпти.

- Ош бӯлсин, болам, ош бӯлсин! Бошқаларга ҳам бердингми?

- Ҳа, онажон! Онангизнинг қӯллари ширин экан, узоқ умр кӯрсинлар, қӯллари ҳеч дард кӯрмасин, дейишди…

Умид, Москва.

Бу мавзуда батафсилроқ