Ўзбек- Қирғиз чегарасининг янги лойиҳаси муҳокама қилинди

Фарғона водийсида жойлашган икки давлат чегара олди ҳудудларида тез–тез юз берадиган низолар ортидан у ердаги аҳоли жабр кўриб келади.

Таҳлилчилар, зудлик билан ўзаро чегаралар аниқланмас экан, келажакда давлатлараро уруш ҳавфи бор дея, расмийларни огоҳлантирадилар.

Жорий йилнинг 27–29 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизмати вакиллари иштирокида, икки давлат чегара ҳудудларини аниқлаш лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтган.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлигининг веб сайти Ўзбек-Қирғиз чегаралари бўйича шартнома, аввал Ўзбекистон томонидан тайёрланганлигига урғу бериб, учрашув давомида келишувга қўшимчалар киргизилгани ва бу бўйича икки тараф ўзаро муҳокама қилиб, якунига етказиш кераклигини билдиради. Учрашув сўнгида икки тарафлама протоколга қўл қўйилган.

Лекин, Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги веб саҳифаси учрашув чоғида расмийлар чегара шартнома лойиҳаси бўйича қандай шарт ва қоидаларни муҳокама қилиб, қандай кўшимчалар киргизганликларини очиқламаган. Қирғизистон давлат чегара хизмати учрашув ҳақида ҳали маълумот тарқатгани йўқ.

Олдинроқ, 27 мартда Бишкекда Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов билан Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирининг муовини Асқар Бешимов учрашуви бўлиб ўтган. Қирғизистон ТИВнинг расмий веб сайтига кўра, учрашув Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан ўтказилиб, томонлар минтақавий ҳамкорлик доирасида икки тарафлама ҳамкорлашув ҳақида сўзлашган. Учрашув сўнггида келажакдаги турли жабҳаларда олиб борилувчи ҳамкорликни ривожлантиришдан иккала тараф ҳам манфатдор эканликлари айтилган. Учрашувнинг бошқа тафсилотлари берилмаган.

Сўнги йилларда Қирғизистон билан Ўзбекистон чегарасидаги низолар сони кўпайганлиги қайд этилган. Аксарият ҳолларда низолар икки давлат фуқароларига куч ишлатишлар ёки чегарачиларнинг ўзаро айтишуви билан якунланар эди. Сўнгги кезларда эса, икки давлат чегарачилари ўртасида қурбонлар ҳам берилгани кузатилди.

2013 йилнинг 23 – июлида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Ақси туманида Ўзбекистон чегарасида юз берган низо оқибатида, икки давлат чегарачиларининг ўзаро отишуви бошланган ва натийжада Ўзбекистоннинг икки чегарачиси яраланиб, кейинчалик улардан бири вафот этган.