"Ўшдан Сурияга жиҳодга кетаётганлар сони ортмоқда"

  • 3 Апрел 2014
Қозоғистондан ҳам Сурияга жиҳодга кетганлар аниқланган.

Ўш вилояти Ички Ишлар Бошқармасига кўра, сўнгги пайтда Ўш ва Боткен вилоятларидан Сурияга 54 киши жиҳодга кетганлиги аниқланган.

Сурияга кетганларнинг орасида турли ёшдаги эркак ва аёллар бор. Куч тузилмалари жиҳодга жалб этаётганларнинг тобора кўпайиб бораётганини айтмоқдалар. Бундан ташқари, охирги кезларда тиббиёт ўқув юртларида билим олган қизларни ҳам Сурияга олиб кетиш уринишлари бўлаётгани ҳақида маълумотлар бор. Бу каби ҳаракатларни олдини олишда милиция диний уламолардан ёрдам сўради.

Маълум бўлишича, бир қанча кишилар Сурияга қалбаки ҳужжатлар билан, исм–шарифларини ўзгартириб чиққанлар. Ўш шаҳар ва вилоят милициясининг бўлиб ўтган махсус йиғинида уларнинг сони ўсиш эҳтимоли борлиги маълум қилинди.

Ўш вилояти Ички Ишлар Бошқармасининг 10-бўлим раҳбари Жақипбек Зулпуев йиғинда қуйидагиларга тўхталди.

-Бизга Сурияга кетгани айтилган 54 одамнинг рўйхати берилди. Ўша 54 одамнинг 32 нафари аниқланди, қолган 22 таси ўрганилмоқда. Сабаби, берилган фамилиядаги одамларни излаб кўрсак, ундай одамлар йўқ бўлиб чиқаяпти. Бу одамлар бошқа бир ўйланиб топилган исмлар билан қалбаки паспорт олиб кетишган. Бироқ, ҳозирги кунда ҳам уларни суриштирув ишлари давом этмоқда. 32 одамнинг 5 нафари Ўш шаҳридан, 17 таси Боткен вилояти ва 10 нафари Ўш вилояти фуқаролари.

Жақипбек Зулпуевга кўра, исми – шарифи маълум одамларнинг орасида эркаклар билан бирга аёллар, ҳаттоки эр-хотинлар ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги хорижга ишлагани кетди дейилмоқда.

-Ҳар бир қишлоқдан Россияга, Қозоғистонга ва бошқа давлатларга ишлагани кетгани айтилаётган инсонларни, ўша ердаги ишлаш жойидан маълумот олгандан кейин аниқ бўлади. Улар телефон орқали яқинлари билан боғланишиб, қаерда юрганини айтишмаса, Сурияда ёки бошқа бир террорчи гуруҳларнинг лагерида юрганлигига ҳеч ким кафл бўла олмайди. Шу сабабдан, ҳар бир қишлоқда маҳаллий милиция бўлим ходимлари, қишлоқ раҳбарлари, имомлар, масжидда намоз ўқиган одамлар бор. Ўшаларнинг барчасидан илтимос қилар эдим, бу йўналишда ҳамкорликда иш олиб боришни. Акс ҳолда ижобий натижага эриша олмаймиз – дейди Жақипбек Зулпуев.

"Студент қизлар ҳам олиб кетилмоқда"

Сурияга кетаётганларнинг сони кўплиги, шунингдек ҳамшира қизларни ҳам жанг майдонига жалб этиш ҳаракатлари қайд этилганини айтади Ўш вилоят Ички Ишлар бошқармасининг раҳбари Суйун Омурзақов.

-Агар ҳудудда яшаган гумондор болалар, ёки келиб - кетган бир одамлар тўғрисида маълумотлар бўлса, милиция бўлимларига хабар берсангизлар. Биз тезкор чораларни кўрамиз. Сабаби, Сурияга бир одам кетиб, орқасидан иккинчи одамни эргаштиряпти. Биздаги маълумотларга қараганда, ҳозир Ўшда, Жалолобод ва Боткенда ўқиган ҳамшира қизларни Сурияга олиб кетгани тайёрлашмоқда экан. Қизларимиз у ерда кўп маош тўлар экан деб, алданиб қолишмоқда. Бу ердан Туркияга учоқ билан бориб, сўнгра Суриягача машина билан олиб кетишаяпти. Кейин, у ердан қизларни Қирғизистонга мажбурлаб қўнғироқ қилдириб: “Бу ерда яхши маош тўлар экан”, деб дўстларини ҳам чақиртиришар экан. Бу маълумотлар очиқланмаслиги керак эди, лекин биз бу маълумотларни зарур бўлганлигидан айтмоқдамиз. Ота – оналар қизлар, болаларга яхши қаранглар” – дейди Суйун Омурзақов.

Бугунги кунда долзарб муаммога айланган масала юзасидан, ҳуқуқ тартибот идоралари Ўш шаҳар ҳамда вилоят имомларини йиғиб, экстремистик ва радикал гуруҳларни аниқлашда кўмаклашишларини сўрамоқда. Вилоят қозиси Ниязали ҳожи Орипов бу каби иллатларга қарши биргаликда курашиш кераклигини айтади.

-Биринчидан, қонунни бузганлар албатта жавоб беришлари керак. Иккинчидан, шариатни бузганлар Оллоҳ Таолонинг олдида жавоб берадилар. Биз радикализм исломда йўқ эканлигини, ислом экстремистик дин эмаслигини сабоқлар орқали тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак. Бунга фақат диний уламолар эмас, жамиятдаги барча инсонлар биргаликда ҳаракат қилса, натижа бўлади деб ўйлайман. Биз маҳаллий масжиддаги имомлар орқали халққа тушинтириш ишларини олиб бормоқдамиз” – деди Ниязали ҳожи Орипов.

Март ойининг бошида Ўш шаҳрида Қирғизистон бош муфтийси иштирокида ўтказилган йиғинда ҳам шаҳардаги диний аҳвол мураккаб эканлиги қайд этилган эди.

Феврал ойида Қирғизистон ҳавфсизлик хизмати Қорасув туманидан Сурияга отланаётган 7 инсонни қўлга олган. Қўлга олинганларнинг орасида, маҳаллий масжид имомининг муовини ҳам бор эканлиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ