Қозоғистон расмий доираларидаги охирги ўзгаришлар нимани англатади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистон расмий доираларида охирги кунларда қатор муҳим ва эътиборга лойиқ ўзгаришлар рўй берди.

Мамлакат янги бош вазири этиб, аввал ҳам бош вазир бўлган ва ҳозиргача президент девони раҳбари вазифасини бажариб келган Карим Масимов тайинланди.

Айни вақтда президент Назарбоевнинг тўнғич қизи Парламент қуйи палатаси спикерининг ўринбосари ҳам этиб тайинланган.

Бу ўзгаришларни қандай талқин қилиш мумкин. Суҳбатдошимиз Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Жоанна Лиллис:

Жоанна Лиллис: Менимча шуниси аниқки, Масимовнинг ҳукумат таркибига Бош вазир сифатида қайтиши, президент Назарбоевнинг ишончига эга эканлигини англатади. Шуни ёддан чиқармаслик керакки, жаноб Масимов мустақил Қозоғистон тарихида аввал энг кўп муддат бош вазир бўлган шахс. 2012 йили бош вазирликдан олиб ташланишидан аввал деярли олти йил бу вазифани бажарган. Бош вазирликдан олинганидан кейин ҳам жуда муҳим мавқе, президент девони раҳбари мавқеида қолганди. Кундалик равишда президент яқин бўлган мавқедан ҳозирда бош вазирликка қайтаяпти. Ана шу омиллар у президент Назарбоевнинг катта ишончига эга одам эканлигидан далолат беради. Албатта бу ўзгаришлар Қозоғистондаги қудрат алмашинуви эҳтимоллари ҳақидаги тахминларга туртки берди. Кўплаб кузатувчиларнинг ишонишича, Карим Масимов келгуси қудратга номзод сифатида анчайин кучли шахс. Лекин шундай таҳлилчилар ҳам борки, уларга кўра Масимов қудратга асосий номзод эмас, шунчаки бу ўринга ким эришишида муҳим роль ўйнайдиган одам.

Би-би-си: Лекин айтиб ўтганингиздек, Президент Назарбоев уни бир бош вазирликка қўйиб, кейин олиб, мана яна қайтариб қўймоқда. Бу мамлакатда ким раҳбар эканлигини кўрсатиб қўйш учун қилинаётган қадамларми?

Жоанна Лиллис: Шундай бўлиши ҳам мумкин, чунки бу қарорлар ортида асосан жаноб Назарбоев туради. Лекин шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, жаноб Назарбоев ҳозирда вазифасидан олинган Серик Аҳметов ишидан қониқмаганди. Феврал ойида аҳолининг катта норозилигига сабаб бўлган танганинг девальвацияси ортидан Президент бутун бошли Вазирлар Маҳкамасини қаттиқ танқидга тутганди. Янги Бош вазир этиб Карим Масимовни тайинланиши ҳақида эълон қилар экан, Серик Аҳметов фаолиятини яна бир бор танқид қилишни ҳам ёддан чиқармади.

Би-Би-си: Дарига Назарбоеванинг Парламент спикери ўринбосари ва парламентдаги Нур Отан фракцияси раҳбари этиб тайинланиши, буни ҳам қудрат алмашинуви йўлида қилинаётган қадамлар, дея талқин қилса бўладими?

Жоанна Лиллис: Албатта, Дариға Назарбоеванинг парламет қуйи палатаси спикери ўринбосарлигигига тайинланиши жуда эътиборли ҳодиса. Назарбоева хонимнинг собиқ эри президентнинг назаридан қолганидан кейин у ҳам сиёсий саҳнада анчайин мавқеини йўқотганди. У охирги сайловлардагина парламентга қайтди ва мана энди спикер ўринбосари этиб тайинламоқда, бу эса келгуси кўтарилишлар эҳтимолини ҳам англатади. Бу Дариғанинг ўз отаси ишонч доирасига яна қайта кириб келаётгани белгисидир. Охирги вақтларда у президент атрофида ҳам кўпроқ кўрина бошлади, Сочидаги Оимпиадага ҳамроҳ бўлиб борди. Шунинг учун унинг сиёсий карьераси қайта йўлга туша бошлади, деб ишонч билан айтишимиз мумкин менимча. Лекин таҳлилчилар унинг охирги тайинланишлари қудрат алмашинуви сценарийсида қандай рол ўйнаши мумкинлиги ҳақида эҳтимоллар ҳаиқда бош қотиришмоқда. Бу эҳтимолларни кўриш ҳозирда бир оз фолбинликни эслатмоқда.

Би-би-си: Буларнинг ҳаммаси Президент Назарбоев қудрат алмашинуви ҳақида жиддийроқ ўйлай бошлаганини англатадими?

Жоанна Лиллис: Фикримча ҳозирда қандай янги тайинланишлар Президент Назарбоев қайсидир маънода қудрат алмашинуви ҳақида ўйлаётгани белгисидир. Масимов ва Назарбоева хоним иккаласининг муҳим мавқеларга тайинланиши балким президентнинг бу ҳақда жиддийроқ ўйлаётгани белгиси ҳам бўлиши мумкин. Лекин унинг бошида қандай ўйлар кечаётганини биз албатта билмаймиз. Балким уларнинг иккисини ҳам яна бир бор синаб кўриш учун вазифаларга тайинлаётгандир.

Бу мавзуда батафсилроқ