Афғонистон тарихий сайлови юқори баҳоланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи n

Ёмон об-ҳаво ҳамда Толибон таҳдидига қарамасдан Афғонистон президентлик сайловида овоз берувчиларнинг фаол иштирокини Афғон ва Ғарб раҳбарлари муваффақият деб баҳоладилар.

Овоз бериш ҳуқуқига эга 12 миллион сайловчининг 7 миллиони сайловда қатнашгани ҳақида расмийлар хабар қилганлар, бюллетенларни санаб чиқиш давом этмоқда.

Президент Ҳомид Карзай ўрнини эгаллаш учун саккиз номзод курашга киришган.

Мухбирларга кўра, энг кўп овоз тўплаган икки номзод орасидан ғолибини аниқлаш учун президентлик сайловининг иккинчи турини ўтказишга тўғри келиши мумкин.

Афғонистон президентлик сайлови кунида кенг миқёсдаги ҳарбий амалиёт йўлга қўйилди.

Боиси Толибон сайловни издан чиқариш билан таҳдид қилган.

Айрим жойларда қаттиқ ёғингарчилик сайловчилар иштирокига таъсир кўрсатгани хабар қилинди.

Афғонистон Мустақил Сайлов комиссияси овоз бериш сохталаштирилганига оид 162 шикоят қабул қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Мухбирлар айрим сайлов участкаларида бюллетенлар етишмай қолгани ҳолллари юз берганини хабар қилдилар.

Маҳаллий вақт билан соат 5 да сайлов участкаларининг ёпилиши кўзда тутилган, бироқ сайловчиларнинг узун навбатлари боис айрим жойларда овоз бериш яна тўрт соат давом этган.

Президент Ҳомид Карзай сайловчилар иштирокини Афғонистон келажаги учун муҳим қадам ва муваффақият деб атади.

АҚШ Президенти Барак Обама, "биз Афғон халқи, хавфсизлик кучлари ва сайлов комиссияси расмийлари билан фахрланамиз", деб айтган.

"Бу сайлов Афғонистоннинг демократик келажагини таъминлаш, шунингдек, халқаро қўллаб-қувватловни давом эттириш учун ўта муҳим", деган Президент Обама.

"Шунча кўп сондаги сайловчиларнинг, эркаклар ва аёллар, кексалар ва ёшларнинг, зўравонлик таҳдидларига қарамасдан ўз мамлакатининг келажаги учун ўз сўзини айтиш учун келганлари, бу Афғон халқининг улкан муваффақиятидир", деб айтган Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг.

НАТО Бош котиби Андерс Фоғ Расмуссен баёнотида айтилишича, 5 апрелдаги сайлов "Афғонистон учун тарихий дақиқа" бўлган.

Афғонистон Мустақил Сайлов комиссияси раиси Аҳмад Юсуф Нуристонийнинг айтишича, "бу сайлов Афғонистон душманларига мужда бўлди. Афғонистоннинг шарафли халқи қатъияти билан душманлар мағлуб бўлдилар".

Президентлик учун курашга киришган саккиз номзод орасида энг кўп дастакни қўлга киритадиганлари учта деб кўрилмоқда.

Улар собиқ ташқи ишлар вазирлари Абдулло Абдулло ва собиқ молия вазири Ашраф Ғани Аҳмадзайлардир.

Би-би-си мухбирига кўра, Абдулло Абдулло мукаммал сайлов кампаниясини олиб борган.

Жаноб Ғани шаҳар ёшларининг кучли дастагини қўлга киритган.

Доктор Расулни эса жаноб Карзай дастаклаяпти деб ишонилади.

Афғонистон Ўзбекларининг лидери генерал Абдул Рашид Дўстум Ашраф Ғани Аҳмадзай номзодини қўллаб-қувватлаган, шунинг учун шимолий Афғонистон аҳолисининг аксари жаноб Ғани учун овоз беришларини билдирган.

Афғонистон Мустақил Сайлов комиссиясига кўра, сайловда қатнашганларнинг учдан икки қисми эркакларни, учдан бир қисми аёл сайловчиларни ташкил қилган.

Номзодлардан бирортаси ҳам 50 фоиздан кўп овозни қўлга киритмаса, 28 май куни президентлик сайловининг иккинчи тури ўтказилиши кутилади.

Бу мавзуда батафсилроқ