Қрим ҳодисалари ортидан АҚШ, Россия ва Марказий Осиё муносабатлари қандай бўлиши керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Haritha Pavuluri

Ушбу савол нафақат давлатлар раҳбарлари учун долзарб, балки жаҳондаги кўплаб таҳлил ва тадқиқот марказлари мавзусига айланган.

АҚШда фаолият юритадиган ўзбекистонлик ёшлар ташкил қилган Awareness Projects ташкилоти ҳам ўз анжуманини ушбу долзарб масалага бағишлаган.

Бостондаги Тафтс университетидаги конференцияга сабоқ олаётган талабалар, илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар қатнашганлар.

Анжуманда Америка Қўшма Штатларининг фахрий дипломатларидан бири, бугунги кунда Ҳарвард Университетининг Томас Симмонс, Ўзбек мухолифатидаги "Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси раҳбари, бугун АҚШда муҳожиротда истиқомат қиладиган собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаров, Туркий дунё ва собиқ Шўро мамлакатлари бўйича тадқиқотчи, "Ал-Жазира" эксперти Сара Кендзиор маъруза қилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Haritha Pavuluri

Маърузаларда халқаро норозиликларга қарамасдан Россия Қримни ўз ҳудуди деб эълон қилиши, бундай шароитда Америка Қўшма Штатлари юритаётган сиёсат, келажакда бу сиёсат яна нималарга қаратилиши лозимлиги, Россиянинг ташқи сиёсати, хусусан, Кремл билан Марказий Осиё алоқаларида рол ўйнайдиган омиллар нималардан иборат эканига эътибор қаратилган.

Awareness Projects ташкилоти асосчиси Дмитрий Нуруллаев айтишича, бу каби анжуманлар АҚШдаги мутахассислар, талабалар ва қизиққан доиралар ўртасида собиқ Шўро мамлакатлари, хусусан Марказий Осиё ва Ўзбекистон ҳақидаги билим ва тасаввурни бойитишга хизмат қилади.

Бундан олдин Awareness Projects Ўзбекистонда режимни ўзгартириш мавзусида анжуман ташкил қилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ