Қирғизистонда апрел инқилобининг тўрт йиллиги хотирланди

Бишкекда 2010 йил 7 апрелида амалга оширилган халқ инқилобининг тўрт йиллик хотира маросими ўтказилди.

Ўшанда собиқ президент Қурмонбек Бакиев ҳокимиятидан норози халқнинг марказий майдонга чиқиши ва уларга қарата ўқ отилиши ортидан 80дан ортиқ инсон нобуд бўлган эди.

Олий Кенгаш биноси ёнида ўрнатилган ёдгорликка Президент Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги бир қатор ҳукумат вакиллари, апрел воқеасида ҳалок бўлган инсонларнинг яқинлари иштирокида гулчамбарлар қўйилиб, қуръон тиловот қилинди.

Об – ҳавонинг ёмонлиги сабабли, маросимга йиғилганлар, “ҳалқ озодлиги” ёдгорлиги ёнида бир муддат сукутдан сўнг, Ата-Бейит қабристонига йўл олдилар.

Ата-Бейит қабристонига 1917 йилда Чор Россияси тарафидан содир этилган қатағонда қурбон бўлганлар дафн этилган. Улар қаторида 2010 йилнинг 7 апрелида марказий майдонда ўққа тутилган саксондан ортиқ инсонлар қабрлари ҳам бор.

Қабристондаги изғирин совуқ, қор аралаш ёмғир остида йиғилган ҳалқ президент келишини деярли бир соатдан ортиқроқ кутишга мажбур бўлдилар. Бир қанча тан соқчилари қуршовида, ҳасса таёқда келган президент Алмазбек Атамбаев, “инқилоб ботирлари” қабрига гулчамбарлар қўйиб, қуръон тиловотдан сўнг ортга қайтди.

Халқ озодлиги йўлида жонини фидо қилган “қаҳрамонлар”нинг ота-оналари, фарзандлари ўз яқинлари қабрлари ёнида кўзда ёш ила узоқ ўйга ботганча турар эдилар. Отаси ҳалок бўлганда эндигина етти ойлик бўлган болакай, бугун дадасининг қабр тошига тикилади. Кимлардир ота – онасидан, фарзандларию, ёру-биродарларидан айрилган.

Орадан тўрт йил ўтган бўлсада, қонли воқеага асосий сабабчи инсонларнинг жазога тортилмагани, узоқ давом этган суд жараёнлари “халқ қаҳрамонлари” яқинларини умидсизлантиради.

- “Қанча суд жараёнлари бўлиб ўтди. Ҳар сафар турли сўзлар айтилади. Ваъдалар берилади. Лекин, фарзандларимизнинг қотиллари жазосиз қолмоқда” – дейди жабрланувчилар.

- “Халқ қаҳрамонлари, 7 апрелда, ноҳақсизликка қарши курашаётиб, кўз остидаги ўлим қаршисида озод, кучли ва адолатли давлатни орзу қилишган. Биз, уларнинг орзусини сўзсиз амалга оширишимиз керак. Уларнинг ёрқин эсдалиги учун, барчамиз биргаликда қудратли ва демократик Қирғизистонни барпо этмоғимиз лозим” – дейилади ҳалқ инқилобининг тўрт йиллиги муносабати билан президент Алмазбек Атамбаевнинг Қирғизистон халқига қилган мурожатида.

Аввалига буюртма қотиллик, сиёсий қувғинлар, кейинчалик эса давлатдаги электр энергияси нархининг кўтарилиши, турмуш тарзининг тобора қийинлашиб боришидан, давлатни бир инсоннинг оилавий бошқарувига ўтишидан норози бўлган халқ, 2010 йилнинг 7 апрелида пойтахт Бишкекнинг марказий майдонига йиғилиб, собиқ президент Қурмонбек Бакиев сиёсатига қарши курашган ва халқ инқилобини амалга оширган эдилар.

Бу мавзуда батафсилроқ