Қозоқ зиёлилари ҳукуматни Россия билан иттифоққа кирмасликка чақиришди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қозоқ зиёлилари фикрида, Қозоғистон иттифоққа қўшилса, фойдадан кўра кўпроқ зарар кўради

Қозоғистонлик зиёлилар ҳукуматни Россия бошчилигидаги Овросиё иттифоқига доир ҳужжатларни имзоламай туришга чақирган. Остонада йиғилган зиёлилар Украинадаги сўнгги ҳодисалар Қозоғистонни бу каби иттифоқларга қўшилмай туриш кераклигидан огоҳлантирганини таъкидлашмоқда.

Давлат бюджетидан маош олиб ишловчи қатламнинг Овросиё иттифоқига қўшилмай туриш чақириғи илк маротаба янграмоқда.

Ушбу анжуман ташкилотчиси Овросиё Университети илмий маркази директори Зиябек Кобулдиновнинг Би-би-сига айтишича, Остонадаги анжуманда иштирок этган олимлар Россия билан интеграция ва яхши қўшничилик муносабатлари Қозоғистон учун муҳим эканлигини таъкидлашган.

Бироқ, улар фикрида, Украина ва Қримдаги сўнгги ҳодисалар Россия бошчилигидаги Овросиё Иттифоқига қўшилишни ортга суришни тақозо этади.

"Украина ва Қрим ҳодисалари сабаб халқаро ҳолат ёмонлашган вақтда Россия билан Божхона иттифоқи борасида тузилган иқтисодий ҳамкорлик даражаси етарли. Иттифоқлашиш борасида бундан у ёғига кетиб бўлмайди ва мумкин эмас", - дейди Зиябек Кобулдинов.

Кобулдинов жанобларига кўра, Қозоғистон Божхона иттифоқига кирганидан сўнг экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра қишлоқ хўжалиги ва шароб етиштириш саноати ожизлаша бошлаган.

Қозоғистонликларни бу борада кучли бўлган Беларусь ва Россия ишлаб чиқарувчилари сиқиб чиқара бошлаган.

"Бу нарса Москвадаги муҳокамаларда тахминан 84 фоиз мутахассислар яхши тайёрланган россияликлар эканлиги билан изоҳланади. Улар савдода Россияга фойдали бўлган шартларни илгари суришади", - дейди жаноб Кобулдинов.

У Россия билан иттифоққа қўшилмасликнинг иккинчи сабаби қилиб қўшни давлатда миллатчи шовинистларнинг бемалол фаолият юритаётгани ва бу юз тузилиши осиёликларга ўхшовчи қозоқларга таҳдид бўлиши мумкинлигини келтиради.

Учинчи сабаб эса тўғридан-тўғри Украинадаги ҳодисаларга бориб тақалади. Қозоғистонлик зиёлиларга кўра, Россия дини ва келиб чиқиши бир бўлган украин қардошларига халқаро меъёрларга зид муносабат билдираётган бўлса, бошқа халқларни ҳам шундай қисмат кутиб турган бўлиши мумкин.

"Бундан ташқари, АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва жаҳон ҳамжамияти томонидан Қримни аннекция қилиб олган Россияга нисбатан кўрилаётган жазо санкциялари Қозоғистонга ҳам зарба бериши мумкин. Биринчи навбатда нефт нархлари кескин тушиб кетиши мумкин. Бизда эса бюджет жаҳондаги нефт нархидан келиб чиқиб шаклланади", - дейди жаноб Кобулдинов.

Қозоқ зиёлилари Қозоғистон жаҳонда ўзи учун устивор қилиб олган кўп томонлама муносабатларга содиқ қолиши кераклигини таъкидлашмоқда.

Анжуман иштирокчилари ҳукумат томонидан май ойида имзоланиши керак бўлган Овросиё иттифоқи ҳужжатларига қўл қўймай туришликка чақирган. Бу каби масалалар, уларнинг фикрида халқнинг муҳокамасига қўйилиб референдум орқали ҳал этилиши керак.

"Қозоғистон фуқаролари, ҳаттоки биз экспертлар ушбу шартноманинг лойиҳаси ва унинг ичида нималар ёзилганини билмаймиз. Шунинг учун ўз президентимизга қандай ҳолатда нима қилиш кераклигини айта олмаймиз ҳам. Шартнома расмий матбуотда чоп қилиниши керак. Кейин уни муҳокама қилиб, ижобий ва салбий томонлари олиб чиқилиши лозим. Ана шундан кейин қарор бериш мумкин,", - дейди Профессор Кобулдинов.

Қозоғистон тадбиркорлари миллий палатаси раиси маслаҳатчиси Тимур Назханов зиёлилар талаби анча кечикканини ва ҳужжатларни имзолашни ортга суриб бўлмаслигини айтади.

"Тўғрисини айтсак, имзо қўйиш масаласи ҳал қилиб бўлинган. Шунинг учун бу борада бирор нарсани ўзгартиришга кўзим етмайди. Бироқ кейинги муҳокамаларда манфаатларни ҳимоя қилиш учун томонларга кўпроқ имконият беришни сўраса бўлади", - дейди жаноб Назханов.

Мутахассисга кўра, Божхона иттифоқидан қозоғистонлик тадбиркорлар ва Қозоғистон иқтисоди фойдадан кўра зарар кўрди. Бироқ, Назханов жаноблари интеграция давр талаби экани ва ушбу жараёнда миллий манфаатларни кўпроқ ҳимоя қилган ҳолда муҳокамаларга киришиш лозимлигини урғулайди.

12 апрел куни Олма-ота шаҳрида мухолифат вакиллари аксил-Овросиё форуми ўтказишни режалаган. Мухолифат вакиллари ҳукуматдан ушбу иттифоққа кирмасликни талаб қилмоқчи.