Қирғизистон бўйлаб мухолифат намойишлари

Қирғизистон бўйлаб қатор шаҳарларда жорий ҳукуматнинг баъзи йўналишлардаги сиёсатидан норозилик билдириб мухолифат тарафдорлари намойишларга чиқдилар.

Бишкекдаги Максим Горкий номли истироҳат боғидаги намойиш тушга яқин бошланган бўлиб, унда 100 га яқин киши қатнашган.

Мухолифат раҳбари, Парламент депутати Равшан Жиянбеков намойишда иштирокчилар сони бундан кўпроқ бўлишига умид қилганлигини айтган.

Унга кўра, милиция ходимлари намойишлардан аввал кўплаб одамларни ҳисбга олиб, қўрқита бошлаган.

Жаноб Жиянбековга кўра, 150 ка яқин киши милиция томонидан қўлга олинган.

Халқ вакили Равшан Жиянбековнинг айтишича, бугунги намойишларнинг асосий талабларидан бири "Манас" ҳарбий ҳаво базасини Россияга фойдаланиш учун берилмасликни талаб қилишдир.

Бундан ташқари мухолифат тарафдорлари МДҲ давлатлари Божхона Иттифоқига қўшилиш ҳаракатлари ва уларнинг таъбирича "Президент Атамбоевнинг авторитар бошқаруви"га қарши норозилик билдиришган.

Норозилик чиқишлари шунингдек, Ўш, Жалол-Обод ва Қоракўл шаҳарларидан ҳам бўлиб ўтган.

Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлигининг билдиришича, намойишлар режаланган шаҳарларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Намойишлар ташкилотчиси «Миллий мухолиф ҳаракати» барча норозилик намойишларни тинч ҳолда ўтказишга ваъда берган.

Мазкур сиёсий бирлашма раиси Равшан Жиянбеков аввалги даврларда уюштирилган оммавий тадбирлар пайти баъзида икки тарафдан ҳам иғвогарлик ҳаракатлари кузатилганлиги ва улар тартибсизликларга айланиб кетганлигини таъкидлаган, ҳамда бу гал хавфсизликни таъминлаш масаласига мухолифат томонидан жиддий эътибор қаратилган, деб билдирди.