Тожикистондаги сел ва ер кўчкисида 15 киши ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Табиий офат ўнлаб уйлар, кўприк ва йўлларни вайрон қилган

Тожикистон шарқида юз берган табиий офат натижасида 15 киши ҳаётдан кўз юмган.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, шанбадан якшанбага ўтар кечаси содир бўлган сел ва ер кўчкисида ҳалок бўлганларнинг 7 нафари ёш болалардир.

Қурбонларнинг 13 нафари Шўробод тумани яшовчилари, яна 2 киши эса Кўлоб минтақасининг бошқа ҳудуларидан экани билдирилган.

Вазирликка кўра, мамлакат жануби шарқидаги олтита туманда юз берган табиий офат миллионлаб доллар иқтисодий зарар етказган.

Хатлон вилояти Шўробод туманининг Афғонистон билан чегарада жойлашган Саричашма қишлоғи аҳолиси ҳалокатли селдан аста-секин ўзига келаётгани хабар қилинмоқда.

Бир неча уй, кўприк, йўллар ва электр узатиш линияларининг вайрон бўлгани айтилмоқда

CA-News нинг маҳаллий ҳокимият расмийларига иқтибосан хабар қилишича, якшанба куни бош вазир ўринбосари Муродали Алимардон бошчилигидаги ҳукумат комиссияси табиий офат ҳудудига етиб борган.

Пойтахт Душанбеда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича республика штаби ташкил этилган.

Хатлон вилоятининг ярмини қамраб олган сел ва ер кўчкиларига Тожикистонда 11-13 апрел кунлари кузатилган кучли ёмғирлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Ҳудудининг 90 фоизи тоғлардан иборат бўлган Тожикистонда кучли ёмғир ва селлар бот-бот юз беради.