Қозоғистонга Георгиев лентаси керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Қозоғистондаги Интернет ижтимоий тармоқларида Георгиев лентасининг оммалашувидан хавотирлар билдирилмоқда.

Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалаба нишонланадиган 9 май арафасида Қозоғистонда қора ва норинж рангдаги ленталарни ушбу урушда иштирок этганларнинг хотираси учун тақиш одатга кирган.

Интернетдаги фаоллар ушбу лентани Украинадаги россияпараст томон рамз қилиб олгани учун ҳам Қозоғистонга хавфли эканлигини таъкидламоқда.

Қозоғистонда сўнгги йилларда одат бўлган норинж ва қора рангдан иборат Георгиев ёки Гвардия лентасини тақиш акцияси бошланди.

Қудратдаги “Нур отан” партиясининг “Жас Отан” ёшлар қаноти Қўстанай вилоятидаги жамоат жойларида мингдан ортиқ мана шундай ленталарни тарқатиб чиққан.

Ушбу амал ижтимоий тармоқларда қозоқ фаолларининг кескин қаршилигига сабаб бўлди.

Сиёсатчи Серикжан Мамбеталин ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида ушбу атрибут Чор Россиясининг ажралмас бўлаги эканлиги ва Россиянинг империалистик ғоялари таъсирига тушиб қолмаслик учун ҳам ушбу лентани тарғиб қилмасликка ундаган.

“Украинадаги россиялик босқинчиларни сиртдан мана шундай лента орқали таниб олиш мумкин. Умид қиламанки, қозоғистонликларнинг уни 9 майда тақмасликка ақли етади. Чунки мана шу лента остида Чор Россияси ўзининг мустамлакачилик сиёсатини юргизган, шу жумладан Қозоғистонда ҳам”, - деб ёзади Серикжан Мамбеталин.

70 га яқин одам Мамбеталин жанобларининг таклифини ёқтирганини билдирган.

Айрим иштирокчилар, лента ўрнига нима кўтарайлик, ахир руслар билан ғалабамиз умумий бўлса, деган эътирозлар билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бунга жавобан Советлар завмонида ҳеч қандай ленталарсиз байрамни чиройли нишонлашгани ва бугун уни тақишдан маъно йўқлиги келтирилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу лента бугунга келиб Россиянинг ташвиқот рамзларидан бири бўлиб қолганини айтмоқдалар.

Вячеслав Губайлин исмли фойдаланувчи Георгиев ва Гвардия ленталари умуман бошқа бошқа рамзлар эканлиги, Гвардия лентасининг Чор Россиясияга алоқаси йўқлигини таъкидлаган.

Бироқ бошқа иштирокчилар эса ушбу икки лентадаги ранглар бир хиллиги ва иккисининг умуман фарқи йўқлигини билдирган.

Тортишувларда томонлар икки жабҳага бўлиниб қолганини кўриш мумкин.

Бир томон Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларига ҳурматни лента тақмасдан, уларнинг ҳолидан хабар олиш билан билдириш кераклигини айтса, иккинчи томон қандай лентани тақиш ёки тақмаслик ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи эканлигини ва бу ерда ҳеч қандай мажбурлашга йўл йўқлигини билдиришган.

Қозоғистонда Георгиев лентасига қаршилик шу вақтгача кузатилмаган.

Бироқ Украина ҳодисаларидан сўнг Россиянинг биқинида жойлашган ва рус миллати ва русийзабонлар анчагинани ташкил қилувчи Қозоғистонда бу каби нарсаларга хавотир билан ёндашиладиган бўлиб қолди.

Қора тутун ва оловни акслантирувчи ушбу рамз Чор Империясининг шонли ордени сифатида ишлатилиб келинган.

Лента Шўролар томонидан мукофот сифатида умуман ишлатилмаган.

Фақатгина 1992 йилга келиб Россияда уни қайта тиклашга қарор қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ