Тожикистон: пазандалик кўпайтириш жадвалидан муҳимми?

  • 19 Апрел 2014

Тожикистоннинг Суғд вилояти ҳокимияти ўрта мактаблар қозон ва тандир билан таъминланиши зарур деган қарорга келган.

Мулозимларга кўра, қиз болаларнинг ош-овқат пишириш ва нон ёпишни ўрганишлари келажакда улар оила қурган пайтлари қўл келади.

Бундан ташқари, расмийлар бўлажак уй бекалари ва келинларнинг пазандалик қобилиятлари оиладаги қўйди-чиқдиларни ҳам камайтиришга хизмат қилади дея ишонадилар.

Бунга қўшимча, ўқувчиларга гилам тўқиш, зардўзлик сирларини ўргатувчи дарслар таклиф қилинади.

Ҳокимликка кўра, қиз болаларнинг ушбу малакаларни ўзлаштиришлари келажакда улар ўзлари учун ишлаб пул топиш имконига ҳам эга бўладилар.

"Ҳамма ҳам олим, математик, мухандис ва ё қурувчи бўлавермайди. Аммо, ҳар бир ўқувчи фойдали нимадир қилишни билиши ёки бирор бир ҳунарни ўрганиши муҳим. Барча фойдали малакалар келажакда уларга асқотади", дейди Суғд вилояти ҳокими ўринбосари Раъно Бобожонова.

'Меҳнат дарси эмас, энди Технология'

Image caption Тожикистон Маориф ва илм-фан вазирлиги воизи Эҳсон Хушвақтов

Қишлоқ жойларида нон тандирда ёпилади. Нафақат нон сомсалар ҳам тандирда пишиб чиқади. Тандирдан фойдаланишни билиш иқтисодий жиҳатдан ҳам қўл келади. Уйда пишган нон бозорникидан арзон.

Бундан ташқари, аксар тожик оилаларида нон асосий истеъмол қилинадиган озуқа ҳисобланади. Камбағал оилалар даромадларининг қарийб ярмини нонга сарфлайдилар.

"Кўп мамлакатларда қизлар мактаб пайтиданоқ турмушга тайёрланади. Россияда, масалан, махсус институт мавжуд эди. У ерда қизлар нафақат билим олишган, балки рўзғорни қандай юритиш борасида ҳам маълумотларга эга бўлишган", дейди Бобожонова хоним.

Тожикистон Маориф ва илм-фан вазирлиги Суғд вилояти ҳокими Абдураҳмон Қодирийнинг ташаббусини қўллаб-қувватлар экан, уни "ўз вақтида қилинган тўғри амал" сифатида таърифлаган.

Фақат Шўро мактабларида бу дарслар "Меҳнат" ва ё "Оилашунослик" деб аталган бўлса, энди замонавийроқ шаклда "Технология" деб номланади.

"Ушбу малакалар қиз болаларни катта ҳаётга, мустақилликка тайёрлашга ёрдам беради. Маориф ва илм-фан вазирлиги мактаб ўқувчиларини тўғри тарбиялашга қаратилган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлайди", дея урғулайди вазирлик воизи Эҳсон Хушвақтов.

Тожикистон ҳукумати бир эмас, бир неча бор мамлакатда ажралиш ҳоллари ортаётганидан хавотир билдирган.

Расмийлар оилалар бузилишига асосий сабаблардан бири бу - ёш қизларнинг ҳаётга яхши тайёрланмагани, энг асосийси, рўзғор тутишни билмасликлари эканига ишонадилар.

Оилангни сақлаб қолай десанг...

Тожикистонда қиз бола турмушга узатилгач, эрининг оиласи билан яшай бошлайди.

У ерда нафақат қайнона-қайнота, балки оиланинг бошқа аъзолари ҳам яшашлари мумкин.

Сўнгги йиллар қизларни ёш турмушга бериш ҳоллари бир неча баробарга ўсган.

Улар мактабни битирар-битирмас узатилади. Бундай оилалар узоққа бормаслиги ҳоллари ҳам кузатиладиган воқеълик.

Кўпда бунга ёш эр-хотин эмас, балки эрнинг ота-онаси сабаб бўлади. Улар келинларини рўзғор тутишни билмасликда айблашади.

Турмуши бузилган бу ёш аёлларнинг эса, кўп ҳолатларда ўзларининг шахсий борар ерлари бўлмайди. Уларнинг ота-оналари уйларига қайтиб бориш ёки эри яқинлари таҳқирларига чидаб, вазият яхши томонга ўзгаришига умид қилиб яшашдан ўзга чоралари қолмайди.

Кўплари зўрға ўқиб-ёзадиган аёлларнинг мустақил ишлаб пул топиш имкониятлари қарийб йўқ.

Image caption Ҳуқуқбон Алла Қувватова

"Чорасиз аёллар"

Тожикистон ҳукумати сўнгги йиллар қўл ураётган қаттиққўл чораларига қарамай, мамлакат бўйлаб маиший зўравонлик ҳоллари камаяётгани йўқ.

Айнан оиладаги чидаб бўлмайдиган шарт-шароитлар ўз-ўзини ўлдириш ёки руҳий хасталикларга ҳам сабаб бўлади.

Фақат расмий маълумотларга таяниладиган бўлса, мамлакатда йилига 300дан 500 нафаргача аёл ўз жонига қасд қилади.

Аммо, ҳуқуқ-тартибот органлари оиладаги зўравонлик ҳоллари юзасидан текширув ўтказишни исташмайди.

Маҳкамалар эса, бу каби ишларни кўриб чиқмасликни афзал кўришади. Жабрдийданинг ўзи ҳам жуда камдан-кам ҳолатларда давлат органларидан ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса, буни анъаналар, кўпинча нафақат оилада, балки жамиятда ҳам эркакнинг ўрни аёл кишиникидан юқори қўйилиши билан боғлашади.

Пазандалик илм олишдан афзалми?

Image caption Файзинисо Воҳидованинг айтишича, ота-оналар мактаб раҳбарияти улардан пул йиғдираётганидан шикоят қилишган

"Меҳнат ёки Оила дарсларининг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Аммо, ажабланарлиси, мактабданоқ қизларга таълим олишинг ё қадар шарт эмас, муҳими - яхши овқат пиширишни билишинг қабилида тайёрлаб боришади. Нон ёпишни ўрганиш қийин эмас, шунинг учун, бунга бутунбошли ўқув жараёнини бағишлаш арзимайди. Бу қарор бир маънода қиз болалар ролини пасайтиради", дейди ҳуқуқбон Алла Қувватова.

Назарий жиҳатдан, тандир, қозон, ун ва ё ўтин маҳаллий ҳокимиятлар тарафидан сотиб олиниши лозим.

Бироқ, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Файзинисо Воҳидованинг айтишича, кўплаб ота-оналар мактаб раҳбарияти бунинг учун улардан пул йиғдираётганидан шикоят қилишган.

"Ўз болалари таълим олишлари учун шундоқ ҳам оз пул сарфламаётган оилалар учун бу - қўшимча сарф-харажат. Кўплаб ўқувчилар оилалари бадавлат эмас ва бу қўшимча харажатлар уларнинг бюджетига сезиларли зарбадир", дейди Воҳидова хоним.

Бу мавзуда батафсилроқ