Тожикистонда сел ва кўчки оқибатлари хавотирли

Тожикистон тўхтовсиз жала ва кўчкилар туфайли эпидемия тарқалиш хавфи остида турибди.

Бу ҳақда жабрланган юзлаб фуқароларнинг айни пайтдаги шароитидан хавотир олаётган фавқулодда вазият кузатувчилари билдиришмоқда.

Жуда ёмон санитар-гигиеник шароитларда ич терлама, безгак каби касалликларнинг тарқалиши хавфи жуда юқори; кўплаб ҳожатхоналар бузилган; туман ва қишлоқларда тоза ичимлик суви йўқ; жабр кўрганлар учун гигиена воситалари етишмайди, дейилади Фавқулодда вазиятлар бўйича тезкор баҳолаш ва координация гуруҳи (REACT) ҳисоботида.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмита матбуот хизматига кўра, табиий фалокат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 тага етган, уларнинг орасида олти нафар вояга етмаганлар бор.

Тинимсиз жала ва кўчкилар натижасида турли даражада бир неча минг киши зарар кўрган. 500 га яқин инсон бошқа жойга кўчирилган. Юзлаб уйлар, водопроводлар, электр энергия йўллари, мактаб, кўприк, йўллар қисман ёки бутунлай вайрон бўлган.

Қишлоқларда вазият оғир, сел келишидан сувга оқиб ўлган қорамолларни тинимсиз ёмғир ва лой туфайли кўмиш қийин кечмоқда.

Табиий фалокатдан энг кўп Тожикистон жанубидаги тоғли ва тоғ олди- Шуробод, Ҳамадоний, Восе ва Хуросон туманлари зарар кўрган.

"Ҳаммаси бир неча дақиқада оқиб кетди"

Жабр кўрган туманлардаги аҳоли озиқ-овқат, сув ва тиббий воситалар етишмаслигини айтмоқда ва ҳукуматдан ёрдам беришни сўрамоқда. Ўнлаб аҳоли масканларида ичимлик суви етишмайди".

Image caption Сел келган туманларда кўплаб қорамоллар ўлган.

Эвакуация қилинган юзлаб одамлар ҳозир палаткаларда яшашмоқда. Шунингдек, селдан омон қолган масжид, мактаб ва бошқа биноларга жойлаштирилмоқда.

Бу ҳудудларда тунда ҳарорат уч-беш даражага тушади, кундузи эса ҳаво 20 даражагача кўтарилади. Ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариб туриши турли шамоллаш юкасалликларини оширган.

Мамлакат ҳукумати халқаро инсонпарварлик ташкилотлари билан биргаликда зарар кўрган туманларга палатка, озиқ-овқат, кийим ва дори-дармонлар, қурилиш анжомлари, шунингдек ичимлик суви цистерналари етказишда давом этмоқда.

Бироқ, табиий фалокатдан жабр кўрганлар таъкидлашича, берилаётган ёрдамлар етарли эмас, уларни тарқатиш ҳам чўзилмоқда.

"Кекса кишилар бу қадар ёмғир ёққанини эслолмайдилар. Жала тахминан 40 дақиқалар тўхтовсиз давом этган. Бир неча дақиқалар ичида ҳамма нарсани олиб кетди. Одамларни зудликда эвакуация қилиш ва фалокат келтирган зарарни ҳисоблаб чиқишга уринчпмиз", деб айтади Хуросон туман раиси Убайдулло Абдуллаев. Ҳақиқий фалокат

Кучли лойқа сувлар оқими ҳали ҳам тоғ қишлоқларининг катта майдонларини эгаллаб олган. Кўплаб кўчаларда чиқинди ва вайроналар уюми тўпланиб қолган.

Image caption Ҳаммадан кўп пахса деворли уйларда яшаган камбағал аҳоли жабр кўрган.

"Бу ҳақиқий фожеа. Менинг оилам деярли барча нарсани йўқотди. Болаларни қариндошларимникига тарқатдим. Ўзим шу ерда, уйимни қўриқлаш учун қолдим. Уйга кириб омон қолган нарсаларни олиб чиқмоқчиман, лекин уй қулаб тушишидан қўрқаман. Мол-мулк ҳам, уй ҳам, умид ҳам қолмади", -дейди Хуросонлик 60 ёшли Марзия.

Ҳукумат комиссияси сув босган туманларга етказилган зарар миқёсини ҳисоблаб чиқмоқда.

Турар жойлар тоғлардаги хавфли ҳудудларда ва сел ўтадиган тоғ йўлларида қурилган. Селларнинг қайталаши эҳтимоли у ерларда жуда юқори. Кузатувчиларнинг айтишича, ҳаммадан кўп уйлари гуваладан қурилган камбағал аҳоли жабр кўрган.

"Мен фақат президентга ишонаман. Умид қиламанки, у бизни ташлаб қўймайди. Маҳаллий ҳукуматдан ҳеч бир умид йўқ. Икки кундан бери кўчада ухлаяпмиз. Очмиз, совуқ. Ҳали ҳеч ким келиб бизнинг аҳволимизни, дардимизни сўрамади", дейди Хуросонда яшовчи Қурбонжон.

Мамлакатда жабрланганларга кўмак бериш учун маблағ йиғиш бошланган. Айни пайтда, Тожикистон метеорологлари яқин кунлар яна кучли жала келишини башолрат қилишмоқда.