Туркманбошининг отасига қўйилган ҳайкал олиб ташланган

Image caption Отамурот Ниёзовга қўйилган ҳайкал

Туркманистон интернет нашрларига кўра, мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзовнинг отаси хотирасига ўрнатилган ҳайкал жойидан олинган.

Маълумотларга кўра, ҳайкал Туркманбошининг она қишлоғи Қипчоққа кўчирилиши мумкин.

Сапармурод Ниёзов ҳаётлигида унинг Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган отаси Отамурод Ниёзов хотирасига ёдгорлик ўрнатилган ва унга "Туркманистон халқ қаҳрамони" берилган эди.

2001 йил 9 май- Ғалаба куни ҳайкалнинг очилиш маросимида Ниёзовнинг ўзи қатнашган.

Шунингдек Туркманистон шарқидаги шаҳарлардан бири Отамурод Ниёзов номи билан аталган, 2004 йил Отамурод Ниёзов йили деб эълон қилинган эди.

Туркманбоши онаси номини ҳам абадийлаштириш мақсадида қатор туман ва кўча номларига онаси номини берган.

Бундан ташқари Туркманбошининг 1948 йилги Ашхабат зилзиласида ҳалок бўлган икки укаси хотирасига ҳам ҳайкал қўйилган, ҳозирча улар ўз жойида тургани айтилади.

Бердимуҳаммедов қудратга келгач, Сапармурод Ниёзовга қўйилган бир қанча ҳайкаллар кўчирилган, улар бузилиб, талабга кўра бошқа ҳайкаллар қурилишига ишлатилиши мумкин дейилганди.

Гурбангули Бердимуҳаммедов собиқ президент Ниёзовнинг онаси номидаги орденни ҳам бекор қилган. "Туркманбоши" 1996 йил ўз онаси шарафига чиқарган "Гурбансултон еже" ордени ўрнига "Аркадағ" аёллар учун янги "Женан қалби" орденини таъсис этиш ҳақида қарорга имзо чеккан.

Туркманбошининг муқаддас мақомини олган "Руҳнома" асари мактаб ва олий ўқув юртлари дастурларидан олиб ташланган эди.

Image caption Сапармурод Ниёзовнинг укаларига аталган ёдгорлик.

Айни пайтда эски ҳайкаллар бузилиб, жойи ўзгартирилар экан, энди Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўзи ва қариндошларига бағишланган ҳайкаллар пайдо бўлмоқда, деб ёзади Туркманистоннинг "Хроника Туркменистана"нашри.

2012 йилда Бердимуҳаммедовнинг отасига бағишланган ҳайкал Ахал вилоятида очилган, Ашхабатдаги ҳарбий бўлинмага Маликгули Бердимуҳаммедов номи берилган.

Image caption Ниёзовнинг отаси турган ҳайкал ўрни ҳозирча бўш.

Бу мавзуда батафсилроқ