Ўзбекистонлик сайёҳ дафтаридан: Қашғардаги машрабхонлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хитой ғарбидаги Урумчи ва Қашғар шаҳарларидаги қадим тарих ва маданиятнинг бугунги замонавий дунёда қандай эврилишларга юз тутаётгани, мусулмон уйғурларнинг кундалик ҳаёти ва анъаналари ҳақидаги ҳикоялар кам. Аввалроқ Қашғарга сафар қилган ўзбекистонлик сайёҳ уйғур хонадонларидан бирида кечган "Машрабхонлик"ни тасвирлайди.

Ислом оламида "Бухоройи соний" – "Иккинчи Бухоро" сифатида довруғ таратган Қашғар шаҳрига кириб келамиз.

Хитой, хусусан Шинжон ўлкасининг бошқа шаҳарларидан фарқли ўлароқ, шаҳарда фақат мусулмон шарқи қиёфасини кўрасиз: улуғвор "Эътикор" жомеъ масжиди, эски ва миллий услубда қурилган уйлардан иборат маҳаллалар, савдо расталари, дўппили эркаклар ва ҳижобли аёллар...

Тасаввуримиз янглиш бўлмаслиги учун шаҳар марказида қад ростлаган, замонавий меъморчилик услубларини ўзлаштирган кўп қаватли биноларни албатта таърифлашимиз керак. Кўчаларни тўлдирган турфа русумдаги машиналар шаҳарнинг тобора замонавийлашиб бораётганидан гувоҳлик бераётгандек.

Биз кетаётган машина салонини уйғур қўшиқчиси Мўминжоннинг ажойиб қўшиғи тўлдиради:

Халқимга наво Машраб,

Кўнглимга раво Машраб,

Шикаста еган дилға,

Ғояси даво Машраб...

Инонмоқнинг маҳсули,

Бу ҳаётнинг ҳузури,

Сувсиз-у, даво Машраб

Тун алмашди кундузга,

Ёз усуллиқ кеч кузга,

Бошқалар имо сўзга,

Қилғил ўзаро Машраб

Вой, вой Олло, ё, Олло,

Машраб ўйнаған болла!

Вой, вой Олло, ё, Олло,

Машраб қайнаған йилла!..

-Мана шу Машрабга кетаяпмиз, -дейди машинасини бошқариб кетаётган Мамтимин ака.

У 35-38 ёшларда, ўрта бўйли, санъат ва тарихга жуда қизиққан йигит. Илк учрашганимизда Мамтимин исми қандай маъно беришини билмай, роса бошим қотганди.

-Ака, мабодо исмингиз Муҳаммад Аминдан олинган эмасми?

-Шундақ, биз уйғурлар қисқартириб шундай деймиз...

Кейинчалик бир қатор уйғурча исмларни ўзимча "таҳрир" қилган бўлдим: Аблажан – Абдуллажон, Абдумижит – Абдумажид, Абулмит – Абдулҳамид, Маматжан – Муҳаммаджон, Гулназ – Гулноза, Гулнар – Гулнора.

Машина "Эътикор" жомеъсини анча ортда қолдириб, кичикроқ кўчадан ичкарига киради. Бу кўчалар менга азим Тошканднинг Эски шаҳарида тор кўчаларини ёдга солади. Деярли бир ҳил уйларда эса мен Номонгон-у Хўқанднинг кўҳна ҳовлиларини кўргандек бўламан. Хаёлимдан қандай ҳис-туйғулар ўтмайди дейсиз? Худди паралелл эволюцияни ўз кўзингиз билан кўргандек бўласиз. Бир-бирини минглаб чақиримлар ажратиб турган икки маконда бир ҳил тамаддун. Аслида бу дастлабки таассурот. Ҳақиқат шуки, Тошканд-у Андижон, Намангон-у Хўқанд аслида Қашқар-у Ҳўтан, Турфон-у Ёркентлар билан "салом-алик"да, "қуда-андачилик"да бўлиб турган. Бу шаҳарлар ўртасида карвонлар тўхтамаган, карвонларга қўшилиб маданиятлар бир-бирини тўлдирган, бойиган.

Туркий миллатлар жуфт-жуфт қилиб яратилгандек. Туркнинг жуфти озари, қозоқнинг жуфти қирғиз, ўзбекнинг жуфти уйғур...

-Етиб келдик, -Мамтимин аканинг гапидан хаёлларим пароканда бўлади. Кўча адоғидаги чоғроқ ҳовлининг ярим очиқ кичик эшиги ёнида машина тўхтаган. Бирин-кетин машинадан тушамиз. Бошимизни уриб олмаслик учун энгашиб, ичкарига кирамиз. Чоғроқ ҳовли, бир-бирига туташ уйлар. Кираверишдаги уй кўҳна, мунаққаш, у ер-бу ери ёрилиб кетган устунлар елка қўйган айвонли. Ўзимни худди Худо раҳмати оппоқдадамнинг ҳовлиси – "катта уй"га келиб қолгандек ҳис қиламан. Уйқаш оламлардаги айни маданият.

Ҳовлида аёллар куймаланишаётганини кейинроқ сездим. Улардан ёши улуғи, Мамтимин акамизнинг волидайи муҳтарамалари "Озбекистандин" меҳмон келганини билиб, мени қуюқ қаршиладилар. Кейин Андижонда ота уруғлари борлиги, мени кўриб, уларни кўргандек бўлганларини айтиб қолдилар. Юрагим бир қалқиб олди.

Мамтимин ака меҳмонларга ажратилган уйга бошлади. Биргалашиб кирдик. Дастурхон жуда тўкис, анвойи таомлар-у мевалар, санасангиз саноқдан адашасиз. Гап таомда эмас, албатта, кўнгилда, дийдорда. Шундай бўлса-да Мамтимин ака меҳмонлари учун жуда ҳаракат қилгани таҳсинга сазовор.

Вақт асрдан ўтиб, шомга яқинлашган фурсатда Мамтимин аканинг кўнгил яқин, дил яқин дўстлари кириб келишади. Айниқса "ўзбек йўлдош" келгани уларни жуда ҳушлаганини сезиш ҳам ёқимли. Қаерга бормай, қайси уйғур билан гаплашмай, ўзбекларни ўзгача ҳурмат қилишларини сезаман.

Намози шомдан сўнг мажлис – "Машраб" бошланади. Меҳмон ҳурмати – юқорига таклиф қиладилар. Ўзимдан ёши улуғлардан юқорига ўтиш ноқулай, узр сўрайман, узрим қабул бўлмайди. "Вай, йақ, бўлмайду, сиз миҳман", дейишади. Қўярда-қўймай тўрга олишади.

Уйғурларнинг "Машраб"и бизнинг "гап"га ўхшаб кетишини кейинроқ сезаман. Турфа ҳангомалар айтилади, қўшиқлар (нахшалар) куйланади. Шунда Мамтимин ака ёнимда ўтирган, ўзининг айтишича "турпанлиқ" (Турфондан) Шерали акага юзланади.

-Ширали, Абдулла Абдирейимнинг "Мешреп" нахшасини куйлаб бер!

Шерали ака аста томоқ қириб, аввал паст овозда қўшиқни бошлайди:

Ана юртим аро туҳпе,

Туҳпе мирос, мирос бебаҳо Мешреп...

(Она юртим аро туҳфа,

Туҳфа мерос, мерос бебаҳо Машраб...)

Аҳли мажлис чуқур сукутга толган, Шерали аканинг ширали овози, қўшиқдаги сўзлар қудрати қаршисида сомеъ бир қиёфада. Айримларнинг кўзларида ёш қалққан, уларни кўриб, кўнгил бузилади...

Ўғил ҳамде нефесларга шифолиқ бобо Мешреп...

...Азалдан зоти уйғурға ижозатсиз раво Мешреп...

...Жароҳатга даво Мешреп...

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Қашғардаги жомеъ масжидлардан бири. Муаллиф олган сурат

Шерали аканинг овози кўтарила бошлайди. Қулоғим остида уйғурнинг донгдор ҳофизи Абдулла Абдурайимнинг қўшиғи янграётгандек. Кўнгилдан ўтаётган ҳиссиётларни сўз билан ифодалаш қийин.

Шерали ака қўшиқни тугатгач, даврани бир муддат улуғвор сукут тарк этмай турди. Қўшиқ ҳаммани бирдек ўйга толдирган, тилини боғлаган...

Мажлисда "Озбекистанлиқ йўлдош" қатнашаётганидан сўз, албатта Ўзбекистонга бориб тақалади. Бундан икки йил олдин савдо-сотиқ билан Ўзбекистонга борган "қашқарлиқ" Саидаҳмад ака дейди:

-Озбекистан манга бак яқди. Ўзбек йўлдошлар жуда миҳман қилди. Томоқлари бак зўр... Худо хоҳласа, Озбекистан Ўтра Асияни (айнан Ўтра Асия – Ўрта Осиё, Марказий Осиё-муаллиф) сўрайдиган бўлған! Ман сизга бир вақиани айтай...

Саидаҳмад аканинг айтишича, Тошкент аэропортида паспорт назоратидан ўтаётганида ўзбек чегарачиси бир унга, бир паспортга қараб, сўрармиш:

-Ака, ўзбек бўлиб Хитой паспортини қандай олдингиз?

-Вай, ман ўзим Хитайнинг фуқараси, озбекмас...

-Қўйинг ака, ўзбексиз-ку, - дермиш чегарачи.

-Йақ, ман уйғур...

-Ие, унақада ўзбекчани қаердан ўргандингиз?.

Аҳли мажлиснинг кулгисидан уйнинг томи бир кўтарилиб тушгандек бўлади. Ҳали кулги тафти босилмай, Урумчида ишлайдиган Мухтор ака суҳбатга қўшилади:

-Ман ҳам Самарқандға борған, хансуларга таржуман бўлиб. Шаҳарда адашиб қалдуқ. Кейин ман сақчининг олдиға бардим...

Мухтор ака Самарқанд шаҳрига саёҳат қилган хитойлик сайёҳларга таржимонлик қилган, шаҳарни айланаётганларида адашиб, бошқа ерларга бориб қолишганларида милиса йигитдан ёрдам сўрабди:

-Биз Хитайдин, адашиб қалдуқ...

Милиса йигит унга ажабланиб қараб, дермиш:

-Хитойданман, дейсизми?! Жа гапираркансизда, ака, кўринишингизда ёки Қашқадарё, ёки Сурхондарёдансиз, тўғри топдимми? Бу хитойларга қаердан аралашиб қолдиз, ака?..

Аввалгисиданда кучли кулги кўтарилди. Кулги босилгач, бирдан ўйчан бўлиб қолган Мамтимин ака дейди:

-Ўзбек билан уйғур ўзи бир, таги бир!

Мажлис уни бир овоздан қўллаб-қувватлайди:

-Тўғра! Тўғра! Бир! Бир!

-Ўзбекчани сал чўзиб гап қилсанг уйғурча бўлиду, - дейди Мухтор ака.

Мажлис уни ҳам қўллаб юборади:

-Тўғра! Тўғра!

-Энди ўзбек йўлдошимиз ўзбекча нахша айтса бўламду-бўлмамду? –сўраб қолади пастроқда ўтирган, қотмадан келган, кўринишидан "Ёр-Ёр"даги Бахтиёр Ихтиёровга ўхшаган ака. Хаёлимга бир ўй урилади: "Уйқаш оламлардаги ўхшаш чеҳралар!".

Овозимдан нолимайман, қўшиқ ҳиргойи қилиб катта бўлганман. Маъқул, дегандек бош ирғадим. Давра бирдан жим бўлиб қолди.

-Бобораҳим Машраб ғазали билан айтиладиган нахша, -дедим. Кўзларимни аста юмиб, олдинига паст овозда, кейин эса юқори пардаларда

"Намангон шаҳридин кетсам мани йўқлар кишим борму,

Ғариблик шаҳрида ўлсам, мани йўқлар кишим борму?.."

Қўшиқ тугайди. Қаердандир ҳуржунини елкасига осган, қаландар кўлоҳини бошига қўндирган Бобораҳим Машраб менга қараб, "зиёратингга рози бўл", деяётгандек. "Мени тирилтирган халққа меҳмон бўлиб, мени ҳам йўқладинг!.." деб айтаётгандек. Кўнглим ғалати бўлиб кетади.

Ташқаридаги аёллар дастурхонга бирин-кетин "томоқларни" – лағмон, шўрва, паловни узатиб турадилар. Уйғур биродарларни кузатиб, хаёлимга бир ўй келади: "Машраб" нафақат Қашғарда, балки Шинжоннинг бошқа чўнг шаҳар ва қишлоқларида урфда. Ҳар бир уйғур эркаги борки, "Машраб" беради, дастурхон тузаб, дўсту биродаларига ҳақ беради. Неча минг-минг кўнгулга Машраб меҳмон бўлади, тирилади...

Кўнглим кўтарилади. Уйқаш оламда ўхшаш кўнгиллардан рози бўламан.

Давоми бор