'Қирғизистонда сўз эркинлигини чеклаш ҳаракатлари бўлмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи b

Қирғизистондаги қатор нодавлат ташкилотлар, сиёсий ҳаракат ва журналистлар президент Алмазбек Атамбаевни сўз эркинлиги бўйича яқинда Парламентда қабул қилинган қонун лойиҳасига имзо чекмасликка ундамоқдалар.

Уларнинг фикрича, агар бу қонун лойиҳаси кучга кирса, Қирғизистон ортга қадам ташлаб, сўз эркинлигини чеклаган бўлади.

Биров ҳақида ёлғон маълумот тарқатганларни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси 16 апрелда парламентда қабул қилинган.

29 апрелда Бишкекда қирғиз тилидаги нашрлар вакиллари, агар қонун лойиҳаси кучга кирса, журналистлар учун оқибатларини муҳокама қилдилар.

Йиғин сўнгида президент Алмазбек Атамбаевга ушбу қонундаги ўзгартиришга қўл қўймасликка даъват ва Парламент биноси олдида норозилик акциясини ўтказиш ҳақида қарори қабул қилинди.

Мазкур қонуннинг салбий оқибатлари тўғрисида журналист Ойбек Шамшикеевнинг айтишича, сўз эркинлиги демократиянинг асосидир.

"Агар бу қонун кучга кирса, демократияга, сўз эркинлигига қарама - қарши келган бўлади. Ҳозир Қирғизистонда сўз эркинлигининг мавқеи ҳалқаро рейтингда, Ҳудога шукр, ёмон эмас. У ҳам албатта орқага кетади. Давлатнинг обрўсига ҳам салбий таъсири этади. Агар Президент унга қўл қўядиган бўлса, Атамбаевнинг обрўсига ҳам путр етади", дейди журналист Ойбек Шамшикеев.

Ёлғон маълумот тарқатгани учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасига қирғиз тилида ёзувчи жураналистлар сабаб бўлди, деганлар ҳам йўқ эмас.

Бу ўзгартириш Жиноий жазо кодексига киргизилса, ёлғон маълумот тарқатганлиги маҳкама орқали исботланган тақдирда 50 минг сўмдан тортиб, 200 минг қирғиз сўмигача (тақрибан 930 - 3700 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилиши ёки бир йилдан беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ