Марҳум Туркманбоши қандай қилиб ароқ савдосини қизитмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Хабарларга кўра, ҳаммасига ёрлиғига марҳум Сапармурот Ниёзовнинг аксию исм-шарифи туширилиб, сотувга чиқарилаётган ароқлар сабабчи экан.

Бошқаруви даврида шахсига сиғиниш авжига чиққан Туркманбоши 2006 йилда кутилмаганда вафот этганди.

Сўнгги янгилик эса, ўшандан буён собиқ президентнинг шахсига сиғиниш ҳолларига чек қўйиш ҳаракатлари кетаётгандек кўринган бир манзарада кузатилмоқда.

Марҳум Туркманбошининг турли-туман ҳайкаллари бир жойдан бошқасига кўчирилиб, “Руҳнома” каби барча ўқув даргоҳларида ўқиб, ўрганилиши шарт бўлган асарлари ўқув дастурларидан чиқарилаётган бир пайтда энди номидаги ароқ уни яна машҳур қилиб юборибди.

Сапармурот Ниёзовнинг ёшроқ давридаги сурати туширилган зарҳал яшил рангли қутига жойланган ароқ “Буюк Туркманбошидан ҳадя”, деб номланади.

“Хроника Туркменистана” веб саҳифасининг ёзишича, ҳатто, нархининг қимматлиги ҳам унинг харидоргирлигига таъсир қила олмаган.

“Буюк Туркманбоши ҳадяси”нинг бир шишаси 152 манат, АҚШ долларига чаққанда эса, $53 доллар туради.

“Балки, аксарият аҳоли унинг раҳбарлиги остидаги даврларни қумсаётгани учун ҳам шундай бўлаётгандир”, - деб тахмин этади мухолифат веб саҳифаси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Бердимуҳаммедов марҳум Туркманбоши антиқа ислоҳотларининг анчасини бекор қилди

Аҳолиси жуда кўплаб имтиёзлардан баҳраманд эса-да, марҳум Сапармурот Ниёзов бошқаруви даврида Туркманистонда унинг шахсига сиғиниш авжига чиққан: Туркманбоши январ ойини ўзи, апрелни эса, онасининг номи билан қайта номлаган, барча ўқувчиларга “Руҳнома”сини ўқиб, ўрганишни шарт қилиб қўйганди.

Марҳум Туркманбошининг опера, балет, цирк, тилла тиш каби Туркманистонда тақиқлаб қўйган нарсалари ҳам оз эмасди.

Бутун мамлакат бўйлаб унинг ҳайкаллари тиқилиб кетган, тилла суви юритилган одам бўйи тенггиси эса, Қуёшга қараб, айланиб ҳам турарди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов марҳум Туркманбоши тадбиқ этган антиқа ислоҳотларнинг анчасини бекор қилди.

Унинг даврида амалда бўлган кўплаб тақиқларни олиб ташлади: мамлакат Фанлар Академиясини қайта очиш ҳақида буйруқ чиқарди, шунингдек, ўн йиллик мажбурий таълимни қайта тиклади.

Телевизион экранлари четида, миллий пул бирликларида собиқ президентнинг суратлари акс этмайдиган бўлди ва талабаларнинг ҳар кун эрталаб Туркманбоши номига қасамёд қабул қилишлари ҳам бекор қилинди.

Аммо, кузатувчиларнинг наздларида, Гурбангули Бердимуҳаммедов марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг ғайриодатий йўлини мерос қилиб олмас, деган умидлар сўниб бормоқда.

Уларнинг бирдек эътироф этишларича, президент Бердимуҳаммедов ҳозирча Туркманистонни ислоҳ қилиш ваъдаси устидан чиқмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ