Ўзбекистонлик сайёҳ дафтаридан: Хўтан ёҳуд 'Ёнғоқ подшоҳлиги'

  • 4 Май 2014
  • изоҳлар
Image caption Қишлоқ киришида уйғур ва хитой тилларида "Ёнғоқ подшоҳлиги" деб ёзилган

Хитой ғарбидаги Шинжон Уйғуристони бугунги замонавий дунёда қандай эврилишларга юз тутаётгани, мусулмон уйғурларнинг кундалик ҳаёти ва анъаналари ҳақидаги ҳикоялар кам. Аввалроқ минтақага сафар қилган ўзбекистонлик сайёҳ унинг бой ва саҳий табиати, Хўтаннинг ёнғоғи-ю, Отушнинг анжирларини тасвирлайди.

Шинжон ҳудуди улкан жуғрофий минтақани ишғол этганидан баъзида бир йирик шаҳардан иккинчисига етиб олиш учун юзлаб, минглаб чақирим масофани босиб ўтишга тўғри келади.

Мабодо автобус ёки енгил машинада Урумчидан айтайлик, Қашқар ёки Хўтанга йўл оладиган бўлсангиз сизга ҳавас қилиб бўлмайди. Бекорга ўзбеклар айтмайди: йўл азоби гўр азоби!. Бу йўллардан бориб-келиб юрганларга қандай билмадим-у, аммо биринчи марта саёҳатга чиққан кишига бу билинмас экан. Аввало саёҳат иштиёқи, янги жойларни кўриш завқи...

Шинжон ҳудуди Хитойнинг бошқа ўлкаларидан фарқ қилишини айтишади. Замонавий мегаполисни тарк этиб, бир муддат даштдан ўтган йўлдан юрсангиз тоғ довонига чиқишингиз, азим ва пурвиқор чўққилар ҳайратини унутмай туриб, қандай қилиб саҳрода кетаётганингизни сезмай қоласиз. Аммо бир нарсани тан олиш керак – саҳродан ўтасизми, тоғ довонларини забт этасизми, ҳар қадамда Хитойнинг иқтисодий мўъжизасига гувоҳ бўласиз. Текис, кенг асфалт йўллар, сўнги русумдаги назорат масканлари, хизмат кўрсатиш шоҳобчалари. Ҳатто Такламакон саҳросининг асфальт йўлга ёндошган икки чети бўйлаб бутасимон ўсимликлар ўтқизилган.

Анча узоқ-узоқлардан қувурларда сув келтириб, томчилаб суғоришган. Юзлаб чақиримлар ортда қолади, чўлда эмас, худди ям-яшил воҳада кетаётгандексиз. Ҳожат танг қилибми, ёки бошқа сабабми, буталар ортига ўтибгина ҳали ҳам саҳрода кетаётганингизни англамасангиз, ҳеч нарсани сезмайсиз. Яна қойил қоладигани – тошлари омонат турган чўнг қояларга тортилган темир тўрлар. Довонда экансиз, ўзингизни бехатар ҳис қиласиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Минг йиллик ёнғоқ дарахти

Шинжоннинг азим тоғ тизмалари орасидаги водийларни таърифлашга тил ожиз. Бу ерга бориб қолсангиз, хаёлингизга келадиган илк ўй: "Ер юзида инсон қадами етмаган шундай жойлар ҳам бор экан" бўлиши аниқ. Ҳаво мусаффо, қарағайлар бир текис ўсган тоғлар оёғида сувлари совин мавжланаётган мовий кўллар. Туркийларнинг қадимий аждодларидан мерос – тош ҳайкаллар. Қуйида замин қуёшнинг оловли тафтидан жизғинаги чиқаётгандек, бу ерда эса салқин, бошингиз булутларга теккудек.

Хўтаннинг ёнғоғи

Шинжон Хитойда яна мева-чевалари билан ҳам машҳур. Шу ердан бутун мамлакатга етказиб берилади. Уларни санасангиз, саноқдан адашасиз.

Урумчи бозорларини айлансангиз йирик-йирик, пўсти юпқа ёнғоққа кўзингиз тушади. Ўзимизнинг катта-катта "бойёнғоқ"дан сал каттароқ. Бу ёнғоқнинг ёнида албатта чилон ҳам сотилади. Буниси ҳам бизникидан каттароқ. Урумчида шундай ёнғоқ ва чилонлар пишаркан-да, десангиз адашасиз. Бу неъматлар олис Хўтандан келтирилади. Айнан Хўтаннинг узоқ давом этадиган иссиғи ва қуруқ ҳавоси сабаб, бу мевалар йирик.

Бир гуруҳ хитойлик дўстлар билан Хўтанга ташриф буюрганимизда бизни "ёнғоқ плантациясига" таклиф қилишди. Бажонидил рози бўлдик. Аввал нисбатан катта қишлоқдан ўтдик. Уйғур ҳамроҳим қишлоқнинг арабий имлодаги уйғурчада битилган номини ўқиб берди: "Ёнғоқ подшоҳлиги". Қишлоқнинг номиданоқ қаерга кириб келаётганимизни англаш қийин эмасди.

Икки томони ёнғоқ дарахтлари бўлган асфальт йўлдан “плантацияга” кириш олдидаги катта аркага – кўринишидан кўҳна мадрасалар пештоқига ўхшаган дарвозага етиб келдик. Ён томондаги устунга хитойча ва лотинча ҳарфларда қаерга келганингиз ёзилган: HETAOWANG LU

Ичкарига кирдик. Меҳмонлар учун махсус айвонлар ясалган. Ҳамроҳлар дарров суратга туша кетишди. Хаёлим эса ёнғоқларда эди. Боғ ўртасидаги танаси айрига ўхшаган, ёғоч ва темир тиргаклар билан тиралган, кўринишидан кўҳна ёнғоқ дарахти эътиборимни тортди. Ўйлаганимдек ҳам бўлиб чиқди. Айтишларича камида минг ёшда экан бу дарахт.

Бизга ҳамроҳ бўлган йигитнинг сўзлашича, бу ернинг ёнғоқлари нафақат Урумчига, балки Бейжинг-у Шанхайларгача олиб кетаркан. Унинг сўзларини исботлаб тургандек, пойтахт номери илинган улкан юк машинага ёнғоқ юкланарди.

Турфон узумлари

Урумчининг бозорларида яна турфа майизларга кўзингиз тушади: сариқ, қизил, қора. Улар асосан Турфон (маҳаллий халқ Турпан дейди) томонларда етиштирилади. Турфон узуми-ю араб саҳроларида ҳам учрамайдиган жазирамаси билан машҳур. Турфонга илк борган вақтим сентябрнинг бошлари эди. Ҳаво ҳарорати камида 60 даража. Агар Ҳўтан ёнғоқ “плантациялари” билан ном қозонган бўлса, Турфон узум “ранчолари” билан донг чиқарган. Яна энг қизиғи, ҳар бир “ранчо” сайёҳлар учун ҳам мўлжалланган. Сайёҳлар тўла автобуслар узумзорларга бемалол кириб келиши учун асфальт йўллар ҳозирланган. Шийпонга етиб келган автобусга миллий кийимдаги қиз ёки йигит чиқадида маълумот беради: қандай узумлар етиштирилади, қандай майиз тайёрланади... Кейин сайёҳлар шийпонга таклиф қилиниб, уларга узум ва майизлар таклиф қилинади.

Сайёҳлардан қай биридир суратга тушган, кимдир саволларни қалаштирган. Албатта, савдо-сотиқ ҳам авжига чиқади.

Эътиборимни торгани шийпон деворлари гувалак ёки пахсадан урилгани, сўритоклар ҳам ўзимиздагидек кўтарилгани. Киши кўзидан ҳоли бўлиб турган, узун кўйлакли аёллар. Ўзимни худди Фарғонада юргандек ҳис қиламан.

Узумзор эгасининг менга кўзи тушиб, бироз суҳбатлашганидан кейин уйғур эмаслигимни сезди.

-Ўзбекмисиз?

-Ҳа, Ўзбекистонданман, -дедим.

Ўзбекистон ҳақида суҳбатлашдик, жуда кўп саволлар берди. Кетишим олдидан фалон пулдан сотилган майиздан бир ҳалтасини қўлимга тутқизаркан, деди:

-Узр, яхши меҳмон қилолмадик, кам бўлса ҳам кўп ўрнида кўрасиз...

Отушнинг анжири...

Отуш Шинжоннинг энг жанубий шаҳарчаларидан бири. Тасаввур янада тўлиқроқ бўлиши учун Қашқарнинг қаерда жойлашганини кўз олдингизга келтиринг. Келтирдингизми? Отуш Қашқарнинг шундоқ биқинида. Ўзи катта бўлмасада бутун Шинжон бўйлаб ўзгача довруқ қозонган. Отуш халқи, айниқса эркаклари уддабуронлиги билан машҳур. Уларнинг кўпи савдогар, савдо-сотиқ билан шуғулланади. Марказий Осиё, ҳусусан Ўзбекистонга “юк” қиладиганларининг аксарияти отушликлар. Уйғурлар орасида бир қизиқ гап бор: бир ҳўтанлик ўн ғулжаликни алдармиш, бир қашқарлик ўн ҳўтанликни алдармиш, бир отушлик ўн қашқарликни алдармиш...

Отуш яна анжири билан ҳам тилларга тушган. Ҳўтаннинг ёнғоқ “плантациялари” ёки Турфоннинг узум “ранчоларига” ўхшаб, махсус анжир “хўжаликлари” ташкилиб қилиниб, Хитойнинг барча ўлкаларига маҳсулот етказиб бериш ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу ернинг ўзида анжирдан мураббо тайёрланиб, қадоқланади. Шакли, таъми ва мазасига кўра Ўзбекистонда етиштириладиган анжирнинг эски навининг худди ўзи.

Бундан бошқа нарсалар йўқ эканда, деган тасаввур уйғонмасин. Нафақат ўлканинг, балки Хитойнинг энг ғарбидаги Ғулжа ўрик ва олмалари билан ном қозонган. Айниқса олманинг турфа навларидан кўзларингиз қувнайди. Уйғур ҳамроҳларидан бирига айтаман:

-Ўзимизда ҳам олманинг тури кўп...

У кулиб олиб, машҳур қўшиқнинг сўзларини куйга солиб айтади:

-Наманганнинг олмаси...

Кулишиб қўйдик.

Шунингдек, Ёркент бодоми, Қашғар анори билан тилларга тушган. Шинжонга Хитойнинг бошқа шаҳарлари – Бейжинг, Шанхай, Гуанжоудан келаётган сайёҳларнинг кети узилмайди. Улар учун бу ўлка ҳамон сирли, тасаввурда унча-бунчага ростакамига бўй беравермайдиган замин. Гўёки бир тамаддундан чиққанларда бошқа, ўзлари учун номаълум ҳазора орасига тушиб қолгандек.

Давоми бор

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002