Тожик уламолари: Биз Сурия мухолифати билан алоқада эмасмиз

Image caption Ҳожи Акбар Тўражонзода ва унинг укалари ҳукуматни "душман қидирмасликка"чақирганлар.

Тожикистонда таниқли диний уламолар ака-ука Тўражонзодалар Тожик ҳукуматидан уларнинг оиласига таъқиб ва таҳдидларни бас қилишни сўраган.

Нуфузли тожик уламолари - Эшон Нуриддинжон, Эшон Махмуджон ва Хожи Акбар Туражонзоданинг бундай кескин норозилигига сабаб Тожикистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан тайёрланиб кўрсатилган олти дақиқалик телелавҳа бўлган.

Унда Сурияда Башар Ассад ҳукуматига қарши курашаётган тожик фуқаролари ва ака-ука Тўражонзодалар орасида гўёки боғлиқлик борлиги айтилади.

Тўражонзодаларнинг расмий сайтига жойлаштирилган мурожаатда уламолар расмий Душанбени "душман образи яратиш ва душман қидириш"ни тўхтатишга чақирганлар.

Улар шунингдек, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим масалаларнинг ечими бўйича турлича қарашлар бўлишига қарамасдан, диний уламолар ҳеч қачон давлат ва ҳукуматга қарши чиқмаганларини қайд этишган.

"Биз оиламизга нисбатан таъқиб, қўрқитув ва ҳақоратлар тўхтатилишини қатъий талаб қиламиз. Диний муаммолар ва инсон ҳуқуқларига таълуқли бир қанча масалаларда биз расмий мавқедан ўзгача қарашга эга бўлишимиз мумкин. Бироқ бошқача фикрга эга бўлиш жиноят эмаску Коеституция бизга ўз фикрларимизни эркин айтиш ҳуқуқини беради", дейилади ака-укалар чиқарган мурожаатда.

Ҳибсга олинганлар мурожаати

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tajik National TV
Image caption Мехрож Пирзода телелавҳада Сурия исёнчилари томонида туриб жанг қилганини айтган.

Тарғибот мазмунидаги телерепортаж май ойининг бошида давлатнинг барча телеканалларида намойиш этилган.

Кадр ортидаги матнда муаллиф Сурияда ушланган тожик фуқаролари- у ердаги диний билим юртларнинг собиқ талабалари ҳақида ҳикоя қилади.

Тожик томонининг расмий маълумотларига кўра, бу одамлар Сурияда аксилҳукумат кучлар тарафида туриб уришганлар.

Қўлга олинганлар интервюда тан олишича, 2011 йилда улар гўёки "Жабҳа Нусра" террористик гуруҳи томонидан ёлланиб, Башар Ассад ҳукуматини ағдариш мақсадидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашганлар.

Ҳибсга олинганлардан бири Ваҳдат тумани фуқароси Меҳрож Пирзода ислом илмини Ваҳдатда яшовчи ака-ука Тўражонзодалар мадрасасида олганини айтади.

Унга кўра, ака-укалар ўзининг Сурияга бориб диний билим олишни давом эттиришга кўмаклашганлар.

"Биз 40-50 киши эдик. Биз Тўражонзода мадрасасида ўқидик, сўнгра уламолар бизга Сурияга бориб, диний ўқув юртларидан бирида ўқишимизга кўмаклашдилар", деб айтади Пирзода.

Қўлга олинган талабалар муқаддам террористик жамлоғлардан бирида ҳарбий машқлардан ўтганларини таъкидлайдилар. Аксилҳукумат жангларида қатнашиш учун улар 1500 Сурия лираси (50 долларга яқин) олишган.

Телерепортажда жангларда ҳалок бўлган тожик фуқаролари ҳақида ҳам гап боради.

Кўрсатмалар ростми?

Ўз расмий сайтига қўйган мурожаатда ака-ука Тўражонзодалар бу йигитлар билан танишлигини инкор қилиб, лавҳадаги йигитлар ўзларида ўқимаганлигини айтади.

Ёш йигитлар 2008 йилда Сурияга ўқишга кетганларини айтадилар. У пайтда Сурия тинч эди, тожикларга мусулмон Шарқ мамлакатларига бориб таълим олиш таъқиқланмаган эди. Диний ўқув юртлардаги тожик талабларнинг мамлакатга тўлиқ қайтиши 2012 йилда қабул қилинди. Бундан ташқари қўлга олинганлар ҳеч бир жойда бизнинг аксилҳукумат кучлари билан алоқаларимизни тилга олмайди, улар ўзларини ёллаган суриялик раҳнамолари ҳақида гапиришади", деб келтиради диний уламолар ўз мурожаатида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Turajonzoda brothers site
Image caption Ака-ука Туражонзодалар мурожаатни ўз веб-сайтларида чоп этишган.

Диний уламолар ҳам ҳибсга олинганларнинг ҳикоялари ҳаққонийлигини шубҳа остига олишган ва бу кўрсатмалар босим остида берилгани мумкинлигини қайд этишади.

Ака ука Тўражонзодалар мамлакатда таниқли диний арбоблар саналади. Улардан бири - Ҳожи Акбар муқаддам тожик мухолифатини бошқарган, шунингдек мамлакат бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Диний уламолар расмий диний арбоблардан фарқли ўлароқ, минглаб мусулмонлар, айниқса ёшлар орасида катта ҳурматга эга.

Улар шунингдек тожик ҳукумати ва унинг назоратидаги диний қўмитага қарши танқидий чиқишлари билан машҳур.

Дипломат Сарвар Бахти хорижий диний гуруҳларнинг ёшларга таъсири ҳақида гапиради.

Тожик ҳукумати ўз фуқаролари Суриядаги ҳарбий можароларда Башар Ассад мухолифати томонида туриб уришганини тан олган. Таҳлилчилар буни тожиклар суннийлар экани, Сурия раҳбари тарафдорлари шиа-алавитлар экани билан боғлайдилар.

Шу билан бирга Тожикистон Ички Ишлар вазирлиги Суриядаги тўқнашувларда қатнашаётган тожик фуқаролари сони қанчалигини келтира олмайди. Шунингдек, уларнинг турли диний террористик гуруҳлар томонидан қай тарзда ёлланиши ҳам маълум эмас.

"Бизнинг фуқароларимиз ҳақидаги барча маълумотлар Сурия Ташқи Ишлар вазирлиги томонидан Мисрдаги элчихонамизга тушади. Дамашқнинг ўзида бизнинг ваколатхонамиз йўқ. Шуниси маълумки, бизнинг кўп фуқароларимиз Яқин Шарқдаги мусулмон давлатларига учинчи мамлакат орқали чиқиб кетишади", деб айтади Тожикистон Ташқи Ишлар вазирлиги вакили Сарвар Бахтий.

Яқин Шарқдаги диний таълим масканларида минглаб тожик талабалари бепул ўқишган.

Мамлакатдан чиқаётиб Тожикистон фуқаролари виза ва бир томонга чиптага тўлашади. Ўқиш ва турар жой учун ҳақни Араб давлатлари ёки нодавлат ислом ташкилотлари зиммасига олади. ўртача маош 80 долларга яқин бўлган Тожикистон фуқаролари учун бундай моддий ёрдам ота-оналарнинг болаларини қаерда ўқитишда қарор беришнинг ҳал қилувчи омили ҳисобланади.

Талабаларнинг қайтиши

Таҳлилчи Фаррух Умаровнинг фикрича, ёшларнинг мамлакатдан чиқиб кетишининг асосий сабабларидан бири Тожикистон маориф тизимининг коррупциялашганидир.

"Аҳолининг катта қисми, айниқса ёшлар мамлакат олий ўқув юртларига кириш учун 5 мингдан 20 минггача доллар керак бўлади. Шунинг учун кўпчилик хориждаги арзон ўқув юртларини топиб ноқонуний ўқишга кетишни маъқул кўради", дейди у.

"Баъзи хусусий мактаблар, масалан афғон талабалари ўқитиладиган билим юртлар талабаларни бепул қабул қилиб, турар-жой, кийим ва овқат билан таъминлайди, сўнгра уларни келажакда ўз мақсадлари учун ишлатади", деб тушунтиради Умаров.

2012 йилда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кўп исломий марказлар экстремистик йўналишда эканини айтган. Шундан кейин хорижда диний ўқув юртларида ўқийдиган тожик талабаларни оммавий тарзда ватанларига қайтариш бошланган.

Image caption Душанбедаги бош масжид доим гавжум.

Мамлакатга жами икки мингга яқин талаба мажбурий тарзда қайтарилди.

Тожикистон исломшунослик маркази маълумотларига кўра, ватанида бир неча юз киши ишга жойлаша олди холос, қолганлари учинчи мамлакатга чиқиб кетишди.

Уларнинг кўпчилиги махсус хизматларнинг ҳаддан ташқари кузатувларидан қочиб мамлакатга чиқиб кетишига тўғри келган. Шу билан бирга, диний таълим олган собиқ талабаларнинг сўзларига кўра, давлат идоралари уларни ишга олишдан эҳтиёт бўлишади.

Кузатувчилар шунингдек, кўп тожик толиблари Россияга фуқаролик олиш орзусида равона бўлишган, сўнгра янги паспорт билан Шарқ мамлакатларига ўқишга боришни исташади.

Россия фуқаролиги нафақат исломий мамлакатларга чиқиш ҳужжатларини соддалаштиради, балки фуқароларни Тожик махсус хизматларининг қаттиқ таъқибидан ҳам халос қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002