Хоруғда ким Достоевскийни инглиз тилида ўқишни билмайди?

Сиз Хоруғда Достоевскийни инглиз тилида ўқиганларни ҳам, инглиз тилида зўрға гапирадиган одамни ҳам учратасиз. Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликдаги Хоруғ шаҳрида тахминан 30 минг аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг аксари учун Шуғни тили она тили ҳисобланади. Тожик ва Рус тилларидан ҳам расмий тил сифатида фойдаланиб келинган. Президент Имомали Раҳмон 2009 йилда қабул қилган “Тожикистон республикасидаги давлат тили тўғрисида”ги қонунга биноан Тожик тили асосий тил бўлиб, расмий идораларда Рус тилини сиқиб чиқаргани кузатилади.

Мен бир ой давомида Хоруғда Инглиз тилидан фойдаланиш аҳволи қандайлигини ўргандим. Ва бу ерда яшайдиган инсонларнинг тилга нисбатан муносабатлари нақадар турфа хил эканининг гувоҳи бўлдим. Аксарият Помири Шуғни тилини асосий тил деб билади, бу нарса айрим миллий озчилик вакиллари, хусусан, Мурғобдаги Қирғиз тилида сўзлашадиганлар учун тўсиқ ҳам пайдо қилади. Тожик ва Рус тилларига муносабат эса янада мураккаб ва аралаш эканини кўриш мумкин. Маҳаллий помирликлар билан суҳбатлашиш жараёнида кўпчилик учун Тожик тилини ўрганиш осон кечмаётганини илғаш мумкин. Тожик тилидаги мулоқотда ўзига ишонмаган одамлар дарҳол Рус тилига ўтишни маъқул кўрадилар. Айни пайтда Тожик тили мамлакат аҳолиси учун миллий бирлик тили сифатида кўрилаётгани сезилади, мактаб ва оммавий ахборот воситаларида давлат тили мақоми кучли экани кузатилади. Мен Хоруғда Тожик тилида мулоқот қила олганим йўқ, шундай бўлса-да, бу ерда Рус тилидан кўра Тожик тилини устун қўядилар, деган хулосага келиш мумкин.

Хўш, Хоруғда Инглиз тилининг ўрни қандай? Бир пайтлар – “Совуқ Уруш” замонида Инглиз тили душман тилига айланган, ҳозирга келиб эса имкониятлар очувчи тил сифатида кўрилмоқда. Бунга бутун дунё Исмоилийлар жамоасининг ҳудудга таъсири туртки берган. Инглиз тилининг муҳимлигини Исмоилийлар руҳоний раҳбари Оға Хон IV доим урғулаб келади. Бугунги кунда жаҳоннинг 25 мамлакатида 10 билан 15 миллион атрофида деб кўриладиган Исмоилийлар истиқомат қилади. Хорог маркази ҳисобланадиган Тоғли Бадахшоннинг аҳолиси Исмоилия мусулмон диний оқимига эътиқод қилади. Ҳозирги Оға Хоннинг бобоси Сэр Султон Муҳаммад Шоҳ исмоилийларни Инглиз тилини ўрганишга даъват қилган илк руҳоний раҳбар бўлган. Бу ҳақда Исмоилийлар диний фармони чиқарилган, бу фармон 1940 йилда Деҳлидаги радио орқали эълон қилинган. Эълон эса ҳозирги Шимолий Покистондаги Ҳунза минтақасидаги аҳолига мўлжалланган. Ўша пайтда бу ҳудудларда атиги иккита радио бўлган. Ўз фармонида Сэр Султон Муҳаммад исмоилийларни Оврўпо тиллари ва Инглиз тилини ўрганишга даъват қилган. Бугунга келиб Инглиз тили исмоилийларнинг расмий тили ҳисобланади. Бироқ маҳаллий аҳоли бу тилни нақадар чуқур ўрганганлари борасида тадқиқот ўтказилмаган.

Чегаранинг нариги томонида – Ҳунза водийсидаги исмоилийлар Инглиз тилини билишга рағбатлантирилар эканлар, Тоғли Бадахшон ва Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларидаги исмоилийлар Совет Иттифоқининг тикан сим тўрлари ўртасида қолдилар ва уларга Рус тилининг таъсири кучли бўлди. Бундан ташқари Оға Хон билан Марказий Осиёдаги исмоилийлар ўртасида ҳам алоқа бўлмаган, бу алоқаларни Шўролар Иттифоқи парчаланганидан кейингина йўлга қўйиш имконияти туғилди. Тоғли Бадахшонга Оға Хон илк бор 1995 йилда ташриф буюрди. Шундан кейингина Исмоилиянинг биринчи расмий идора-ташкилотлари фаолияти бошланди. 1995 йилдаги сафари пайти Оға Хон Тоғли Бадахшондаги исмоилийларни ҳам Инглиз тилини ўрганишга чақирди. Мен Хоруғда бўлган пайтим учрашган ва Инглиз тилида мулоқот қилган кишиларнинг анчаси Оға Хоннинг ўша илк ташрифидан таъсирланганлари ёки бу ҳақда ўзларига ҳикоя қилиб берганларини айтишди.

Бугун биз минтақада Тожик тилига алоҳида эътибор қаратилаётгани билан бир сафда Инглиз тилига ҳам эътибор кучайтирилаётганининг гувоҳи бўламиз. Бу, албатта, Оға Хон ва унинг институтлари фаолиятининг ҳамда Инглиз тилининг бутун дунёдаги мулоқот ва бозордаги роли ошганининг таъсири. Бу ердаги Достоевский асарларининг ёш мухлиси ўз орзусини шундай тушунтиради: Унинг Инглиз тилини ўрганишдан кўзлаган мақсади, чет элга чиқиш ва ўзининг исмоилийлар жамоасига ёрдам бериш. У Инглиз тили кўплаб имкониятлар очишига ишонади.

Инглиз тили аҳамияти ортиб бораётганига қарамасдан, Хоруғдаги кўплаб одамлар учун Рус ва Тожик тиллари янада муҳимроқ кўринади. Россияда иш қидириб топиш истагидаги ёшлар учун Рус тили асосий тил бўлиб қолиши тайин. Тожикистондаги бошқарув ишларида ўз келажагини кўрадиганлар эса Тожик тилини ўрганиш ва билишни хоҳлайдилар.

Вақти келиб Инглиз тили кам сондаги маҳаллий элитанинг – на Тожикистон давлат идораларида, на Россияда иш топа олган помирликларнинг тили бўлиб қолиши мумкин. Бироқ улар Инглиз тилида сабоқ берадиган университетлар талабаларига айланишлари, бу ўқув даргоҳларини якунлаганларидан кейин ўз ватанига қайтишни исташлари ҳам, истамасликлари ҳам мумкин.

Муаллиф ҳақида маълумот: Брук Боландер Швейцариянинг Цюрих университети Инглиз тили бўлимининг докторлик диссертациясидан кейин тадқиқот олиб бораётган ўқитувчиси. Унинг тадқиқот мавзуси Инглиз тилининг глобал тил сифатидаги ролига, хусусан, Инглиз тилининг миллий ва миллатлар, ўзлик ва ҳокимият масалаларига боғлиқлигини ўрганишга бағишланган. Ҳозирги пайтда у Инглиз тилининг Шимолий Покистон ва Шарқий Тожикистондаги ролини ўрганиш билан боғлиқ.

Бу мавзуда батафсилроқ