Тожик уламоси: Биз Россияни қувватлашимиз керак

Тожикистонлик таниқли диний уламо Ҳожи Акбар Тўражонзода Би-би-си Рус хизматига интервью бериб, расмий Душанбе Украина масаласи бўйича Россияни қувватлашини билдириши кераклигини айтган.

Нуфузли мусулмон руҳонийси фикрича, Москва Қримни Россияга қўшиб олиб, тарихий адолатни тиклаган ва Украинанинг янги ҳукуматининг қон тўкилишига олиб келган ҳаракатлари катта хато бўлган.

У шунингдек, замонавий дунёда ҳудудий масалаларни ҳал қилишда Россия ўзининг таъсири ва қудратидан фойдаланган ягона давлат эмас деб билади.

Ҳози Акбар Тўражонзода Тожикистон ва ундан ташқарида нафақат диний уламо, балки сиёсатчи сифатида ҳам таниқли. Мамлакатда (1992-1997) йилларда кечган фуқаролар урушида Тўражонзода бирлашган тожик мухолифатининг раҳбарларидан бири бўлган ва унинг исломий қанотини бошқарган.

Диний уламо 1997 йил Москвада тинчлик келишуви имзолангандан сўнг ватанига қайтган. У Раҳмон бир муддат Раҳмон ҳукуматида ҳам ишлади, истеъфога чиққандан сўнг яна диний фаолиятга қайтди.

Ҳожи Акбар Тўражонзода билан Би-би-си мухбири Анора Саркорова суҳбатлашган.

Би-би-си: Май ойи бошида Тожик давлат телеканалларида намойиш этилган лавҳада, ака-ука Тўражонзодалар Сурия мухолифати билан алоқадорликда ва у ердаги аксилҳукумат ҳаракатларга тожик ёшларини юбораётганликда айбланган. Сизнинг шогирдларингиз ҳақиқатдан Сурияда бўлишганми?

Ҳожи Акбар Тўражонзода: Бу яққол ташвиқот лавҳа. Махсус хизматлар томонидан ушланган ёш йигитлар камера қаршисида кўрсатма берганлар. Биз ҳаммамиз жуда яхши биламиз, бизнинг кучишлатар тизимларимизда одамлардан кўрсатма беришга мажбурлаш учун турли усулларни қўллашларини. Балки, уларни бизга қарши кўрсатма беришга мажбурлашгандир. Мен таъкидлайман, бу ёш йигитлар билан таниш эмасман. Улар ҳеч қачон мен ва укаларимда ўқишмаган. Бизнинг оиламиздаги бирор киши бу одамлар қандай қилиб Сурияга бориб қолганларига алоқалари йўқ.

Би-би-си: Расмий Душанбе Суриядаги урушда қанча тожик фуқаролари борлигини келтиршга қийналади. У ерда тожиклар нима қилишади? Бу жиҳодми, пулми ёки ғоя?

Ҳожи Акбар Тўражонзода: Суриядаги жангларда қатнашаётган тожикларнинг аксарияти салафитлар. Салафизмнинг ғоявий тарафдорлари ёки шунчаки салафий оқими гуруҳлари таъсирига тушиб қолганлар Эронга қаршилар, шиаларга қарши курашаётганлар. Улар Сурия мухолифати томонида туриб уруш қилмоқдалар. Бу мухолифатни Ғарб дастаклаб келяпти. Мен ишонаманки, Ғарбнинг норозилига асосий сабаб Ассад режими эмас. Шу билан бирга мен Сурия халқининг талаби тўғрилигини тан оламан - бир оила 40 йилдан буён қудратда.

Ҳокимият эркин сайловлар орқали алмашиши керак. Шу билан бирга бугун дунёда диктаторлар бошқараётган давлатлар оз эмас, бироқ Ғарб улар билан мулоқот қилмоқда. Ғарбнинг Сурия масаласида хавотири нимада? Бундай олиб қаралса, Башар Ассад ва унинг отаси ҳеч қачон Ғарбга, АҚШ ва Исроилга қарши чиқмаган. Бунинг асосий сабаби Дамашқнинг Теҳрон билан яқин алоқаларига бориб тақалади. Сурия Эрон ва Ливаннинг шиа Ҳезболлоҳ ҳаракатининг ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.Ҳезболлоҳ Исроилнинг асосий бош оғриғи саналади. Ғарбнинг мақсади- Эронга яқин Башар Ассад ҳукуматини ағдариб, Теҳронга қаршиларни ҳокимиятга келтириш. Бу Эрон ва Ҳезболлоҳ алоқаларини заифлаштиришга имкон беради.

Сурияда жанг қилаётган тожиклар у ерга пул учун кетишмайди. Улар жиҳод ҳақида гапирашади. Лекин шуни унутмаслик лозимки, ўз ҳукуматига қарши жиҳодни энг аввало сурияликларнинг ўзи эълон қилиши керак. Бегоналарга бу нима учун керак? Ташвиқот машинаси яхши ишлайди. Салафитлар Тожикистонда расман тақиқланган. Лекин ҳукумат салафийлик асосий ғоя бўлган араб давлатлари билан алоқани бузмаслик учун бунга кўз юмади.

Би-би-си: Сизнинг охирги баёнотингиз анча кескин оҳангда янгради. Сиз Душанбедан оилангизни таъқиб ва таҳдид қилишни тўхтатишни талаб қилдингиз.

Ҳожи Акбар Тўражонзода: Охирги йиллар биз ҳукумат томонидан катта босимларни ҳис қилмоқдамиз. Буни давлат оммавий ахборот воситалари орқали кўриш, эшитиш ва ўқиш мумкин. Бизни қоралаш, ҳақорат қилиш, диндорлар орасида мавқеимизни кучсизлантириш учун бутун бир фабрика ишлаяпти.

Биз ватанимизни, халқимизни ва давлатимизни севамиз. Шу билан бирга бизнинг динга ва инсон ҳақларига талуқли масалаларда бизнинг қарашларимиз расмий Душанбе билан тўғри келмаяпти.

Масалан биз 18 ёшгача бўлган ёшларнинг масжидларга қатнашини тақиқлайдиган қонунни қаршимиз. Биз давлат идоралари, мактаб ва олий ўқув юртларида ҳижоб кийишни тақиқлашга қарши чиқамиз. Бу ислом талаби. Қандай қилиб Аллоҳнинг талабини тақиқлаш мумкин. Биз масжидларга бориш ва ҳижоб ўраш нега тақиқланганинг асл сабабини билишни истаймиз. Биз ахир мусулмонмизку.

Би-би-си: Сизнингча, ҳукумат нимадан қўрқаяпти?

Хожи Акбар Тўражонзода: Мен ўйлашимча, бизни ёқтирмаслигининг асосий сабаби ҳукумат бизда сиёсий амбициялар бор деб билади. Мен яна бир марта такрорлайман, на мен, на укаларим ҳокимият учун курашмоқчи эмасмиз, давлатнинг ҳеч бир лавозими бизга керак эмас.

Албатта, биз тез-тез ҳукуматни танқид қилиб, ўз фикрларимизни билдириб келамиз.Бу ҳуқуқни бизга конституция беради.Бироқ бизнинг танқидимиз бизни мухолифат эканимизни англатмайди. Ҳукумат ўзгаради ва сайловлар тўғрисида мамлакат қонунларига асосан, лекин давлат доимо қолади.

Мен инқилобга қаршиман, ҳукуматни куч билан ағдариш тарафдори эмасман. Шу сабабли мен Майдон тарафдори эмасман.. Бизнинг оиламиз Януковичнинг ағдарилишини ноқонуний деб билади. Шунинг учун мен Украина масаласида Россия мавқеини қувватлайман. Айни пайтда Ғарб қонун, ҳуқуқлар таъминланиши кераклигини айтадиган Ғарб Украина мисолида Украина конституцияси бузилишига яққол кўз юмди.

Шу билан бирга мен шахсан Янукович ва унинг бошқариш усули тарафдори бўлган эмасман. Лекин аминманки, мухолифат Януковичнинг президентлик муддати тугагунича кутганида эди, мамлакатни парчаланишдан ва қон тўкилишдан сақлаб қолиш мумкин эди. Ана ўшанда Украина мухолифати янги президентлик сайловларида ғалабага эришар эди.

Украинадаги воқеалар менга 1992 йилда Тожикистондаги воқеаларни эслатди. Ўшанда қонуний сайланган президент Раҳмон Набиев қудратдан кетказилган эди. Сиз биласиз, бу нимага олиб келганини- кўп йиллик фуқаролик уруши, минглаб қурбонларга олиб келди.

Би-би-си: Россиянинг Қримдаги ҳаракати аннексия эмасми?

Ҳожи Акбар Тўражонзода: Мен Қримда референдум ўтказилиши ва уни Россияга қўшиб олинишини аннексия деб ҳисобламайман. Бу ҳудуд 300 йил олдин Россия империясига қўшилган эди. Бунгача Қрим Усмонли подшоҳлигига тегишли эди. Қрим ҳеч қачон Украина ери бўлмаган. Бу фақат қоғозда Совет даврида Россия томонидан Украинага берилган эди. Йилда икки марта мен Қримда бўламан ва у ердаги аҳолининг аксарияти русийзабонлар эканини, кўпроқ Россияга яқинлигини кўраман.

Би-би-си: Сизнинг фикрингиз бўйича, Қримда русийзабонлар кўп бўлса, бу бегона ҳудудни босиб олишга имкон берар эканда, шундайми? Қримнинг туб аҳолиси бўлган Қрим татарлар билан қандай йўл тутиш керак унда?

Ҳожи Акбар Тўражонзода: Бу Қрим халқининг иродаси бўлди. Уларни Россияга қўшилишга овоз беришга мажбур қилишдими? Йўқ. Референдум бўлдими? Ҳа. Албатта вақт кўрсатади, бу хато бўлдими ёки тўғрилигини. Қрим татарларини ҳуқуқлари бузилаётганига келсак, биласизми бу ерда холис баҳо бериш қийин. Россия оммавий ахборот воситалари ва халқаро матбуот қарама-қарши ахборотларни тарқатяпти.

Би-би-си: Қримнинг Россияга қўшилиш тарихини хавфли ҳодиса деб билмайсизми? Собиқ Иттифоқнинг ҳудудида кўпгина тақдири ҳал қилинмаган баҳсли ҳудудлар бор. Энди Россиядан ўрнак олган бошқа давлатлар ҳам ўзларининг тарихий ҳақиқат нуқтаи назаридан ҳуқуқларини талаб қила бошлайди деб ўйламайсизми?

Ҳожи Акбар Тўражонзода: Афсуски, қудратли давлатлар доим шундай йўл тутиб келганлар. АҚШ, Британия Фолклед ороллари билан, Хитой Япония ўзиники деб биладиган оролларни эгаллаб олиши. Шу ерда ҳақли савол туғилади. АҚШ, Британия ва бошқа қудратли давлатларга мумкин бўлган нарса Россияга нега мумкин эмас? Дунё ҳозир зўрларнинг ҳуқуқига тузилган. Сиёсат ҳеч қачон адолат, ахлоқ ва қадриятлар шартлари бўйича ҳаракат қилмаган. Бу ерда миллий масала ва геополитика рол ўйнайди. Мен Украина масаласида Россия тутган мавқеъни ёқламаётган тожик зиёлилари билан бир фикрда эмасман. Агар биз Россияни ўзимизга дўст давлат ва асосий стратегик ҳамкор деб билсак уни очиқчасига қувватлашимиз керак. Бу худди Оврўпо давлатлари АҚШни ва унинг режаларини қувватлагани каби. Тожикистон халқи ва ҳукумати Россия томонида бўлиши керак ва буни очиқ эълон қилиши керак. Бизни стратегик ҳамкорлик ҳақидаги келишув, икки фуқаролик ва муҳожирлар боғлаб туради.

Бу мавзуда батафсилроқ