Тожикистон жанубида сел юзлаб уйларни вайрон қилди

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида ўтган дам олиш кунлари юз берган сел оқибатида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган хабарда айтилишича, сел вилоятнинг Ёвон ва Ваҳдат туманларидаги автомобил йўллари, ичимлик суви қувурлари ва экинзорларга зарар етказган.

500 та уй бутунлай ёки қисман вайрон бўлгани хабар қилинади.

Кучли ёмғир лой ва балчиқ оқимига сабаб бўлган.

Ҳозирда минтақада ҳукумат комиссияси табиий офат етказган зарар миқёсини ўрганаётгани айтилади.

Ўтган ой Хатлон вилояти қатор туманларида юз берган сел ва кўчки 17 инсоннинг ҳаётига зомин бўлган эди.

Табиий офат юз берган минтақадаги ёмон санитар-гигиеник шароитларда ич терлама, безгак каби касалликларнинг тарқалиши хавфи жуда юқори эканида хавотир билдирилган.

Ҳудудининг 90 фоизи тоғлардан иборат бўлган Тожикистонда кучли ёмғир ва селлар бот-бот юз беради.

Бу мавзуда батафсилроқ