Тожик президентининг қизи ва куёви нуфузли лавозимларга кўтарилди

Image caption Имомали Раҳмон 1992 йилдан бери давлатни бошқаради

Тожикистон президентининг қизи Озода Раҳмон Ташқи ишлар вазирининг биринчи муовини этиб тайинланган. Айни дамда, президентнинг куёви Тожикистоннинг Россиядаги консули этиб тайинланган.

Би-би-си тожик хизмати хабар қилишича, 2009 йилдан бери Ташқи ишлар вазирининг муовини вазифасини ўтаб келаётган Раҳмон хоним яна бир поғонага кўтарилган.

Озода Раҳмон Тожикистонда халқаро муносабатлар мутахассислиги бўйича университетни тамомлаган. У, шунингдек, АҚШнинг Жоржтаун Университетида таҳсил олган.

2007 йилда у Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бўлимига раҳбар этиб тайинланганди. Озода Раҳмоннинг турмуш ўртоғи Жамолиддин Нуралиев Тожикистон Молия вазирининг ўринбосаридир.

Озода Раҳмон Президент Имомали Раҳмоннинг иккинчи қизидир. Президент Раҳмон етти қиз ва икки ўғилнинг отасидир.

Президентнинг тўнғич ўғли Рустам ўтган йили Солиқ қўмитасининг раҳбари этиб тайинланганди.

Айни дамда тожик ҳукуматига яқин Asia-Plus хабар агентлиги Президент Раҳмоннинг куёви Ашраф Гулов Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасининг Консуллик хизмати раҳбари этиб тайинлаганини хабар қилди.

Ашраф Гулов Президент Раҳмоннинг қизи Парвинага уйланган.

61 ёшли президент мамлакатни 1992 йилдан бери бошқариб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer