Қирғизистон ва Тожикистон: Чегарадаги муаммолар сақланиб қолмоқда

Image caption Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг каттагина қисми демаркация қилиниши керак.

Тожик-қирғиз чегарасидаги Тожикистоннинг Сўғд вилоятида жойлашган Чоркўҳ тумани ва Ворух анклавига сафар қилиш олди маҳаллий ҳукумат Би-би-си журналистларини провакация тарқалиши хавфи боис минтақани тарк этиш муҳимлигидан огоҳлантиришди.

Чоркўҳ-Ворух автомобил йўлида қатнайдиганларнинг хавфсизлигини таъминлаш анча қийинлигини бизга кечқурун тушунтиришди.

Бундан ташқари бизга видео ва суратга олиш, ҳамда минтақани қўриқлаб турган ҳарбийлар билан гаплашмаслик тақиқланди.

Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият 7 майда бир неча кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳодисадан кейин таранглигича қолмоқда.

Тортишувлар

Хўжа Аъло тожик қишлоғи ва қўшни Оқсой қирғиз овулида маҳаллий ҳукумат ёндирилган машиналарни йиғиштириб олишга улгуришмаган.

Номаълум кишилар томонидан маҳаллий дўкон ва бензин қуйиш станцияси нега ёқиб юборилгани ҳам ўрганилмаган.

Томонлар бир-бирларини ёнғинда айблашмоқда. Маълумки, ёниб кетган мулк қирғиз фуқароларига тегишли бўлган.

Тожик қишлоқидагилар ёнғинни бир-бири билан душман бизнес рақиблар қилганини тахмин қилади.

Image caption Май ойидаги тартибсизликларда номаълум кишилар ёқилғи қуйиш шаҳобчасига ўт қўйишган.

Икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги охирги можаро шундоқ ҳам ер, сув ва яёловлар устидан доимий жанжалли муносабатларни мураккаблаштирган. Одамлар бир-бирларига тошлар отишган.

Баҳслашаётган одамларни тинчитиш учун хавфсизлик ходимлари аралашишига тўғри келган. Шунингдек минтақага қўшимча ҳарбийлар юборилган.

Кузатувчилар фикрича, тожик-қирғиз чегарасидаги таранглик икки мамлакат ўртасидаги давлат чегаралари демаркация ва делимитация қилинганидан кейингина босилиши мумкин.

"Жуда хавфли вазият юзага келди. Бир ёки икки ойда чегара масалаларини ечиш ва чегара чизиқларини аниқлаштириш имконсиз эканлиги тушунарли. Лекин, чегара муаммолари билан музокаралар 2000 йилдан буён давом этаётгани ҳисобга олинса, бу жараённи яна чўзиб юриш мумкин эмас. Одамлар ҳудуд кимга тегишли эканини билишлари учун чегара чизиқлари аниқлаштирилиши керак", дейди тожикистонлик таҳлилчи Неъматулло Мирсаидов.

Баҳсли ҳудуд

Image caption Бибиойша Қурбонова болаларининг келажагидан хавотирланади.

Тожик-қирғиз чегараси Тожикистон шимолда Сўғд вилоятида жойлашган. Бу аҳоли зич яшайдиган туманда тожиклар ва қирғизлар бир неча асрлардан буён биргаликда яшаб келадилар. Тожик қишлоқлари бу ерда қирғиз овуллари билан ёнма-ён.

Мисол учун, тожик деҳқони ўзининг даласига ўтиши учун қирғиз қишлоғини кесиб ўтиши керак, ва аксинча, шу қишлоқлик қирғиз уйига етиб олиши учун тожик томонига тегишли йўлдан юриб ўтиши лозим.

"Биз ўнлаб йиллар тожиклар билан бирга яшаймиз. Ме улар билан мулоқотда муаммо сезмайман, шу билан бирга биз болаларимиз келажагини ўйлаб, доимий қўрқувда яшаймиз. Биз эртага нима бўлишини билмаймиз",- деб айтади чегара қишлоқлардан бирида яшовчи қирғиз аёл Бибиойша Қурбонова.

"Душанбе ва Бишкек ўртасидаги 2002 йилги келишувга кўра, баҳсли ҳудудлар биргаликдаги чегара, экология ва милиция постлари томонидан назорат қилиниши керак. Бироқ бу қилинмаган", дейди тожикистонлик таҳлилчи Неъматулло Мирсаидов.

Баҳсли ҳудуд боис тожик - қирғиз чегарасида келиб чиққан тўқнашувда ҳар икки томон ўзини ҳақ деб билади. Ҳудуд ўзларига тегишли эканини айтадилар.

Қўшниларнинг душманлиги кимга фойда?

Image caption Субхон Бобоев молларини қаерда боқишни билмаслигини айтади.

"Мен қирғиз тилини биламан, менинг кўп қирғиз қўшниларим тожик тилини билишади. Шу пайтгача йўл ва яйловлардан фойдаланиш бўйича пайдо бўладиган саволларни ҳал қилиб келганмиз. Бироқ ҳозир вазият ўзгарди", деб таъкидлайди Хўжа Аъло тожик қишлоғилик тадбиркор Умар Аъзамов.

Гуруч тозалайдиган кичик тегирмонга қирғизлар Оқсой қишлоғидан келишади. У минтақада қўшниларнинг душманлигидан манфаатдор бузғунчилар борлигини айтади.

"Ҳар икки томоннинг ўз гуруҳлари бор, уларнинг эса ўз бизнес манфаатлари бор. Бу манфаатлар тўқнашганда- ёнғинлар, зўравонликлар келиб чиқади. Шуниси ачинарлики, қирғиз хавфсизлик идоралари вазиятни ўрганмасдан, ҳамма нарсада тожик томонини айблашди", деб айтади Умар Азимов.

Икки минг аҳолиси бор Оқсой қирғиз қишлоғи нисбатан яқинда пайдо бўлган. Оқсой майдони совет йилларида 20 йилга ижарага берилган. Бироқ энди Бишкек уни қайтаришни хоҳламаяпти.

"Менинг оилам доим чорвачилик билан шуғулланиб келган. Бироқ бизнинг ота-боболаримиз ўнлаб йиллар фойдаланган яёловларни биздан олиб қўйишди. Қирғиз чегарачилари у ерларда мол боқишга рухсат беришмайди. Мен яйдоқ адирларга мол ҳайдаб боришга мажбурман. Агар биз ўз еримиз орқали ўтмоқчи бўлсак, чегарачилар бизга автомат билан ўқталишади", дейди Хўжа Аъло қишлоғи фуқароси Субҳон Бобоев.

Сув муаммоси

Image caption Ворухликларни Тожикистон билан битта йўл боғлайди.

35 минг аҳолилик энг катта тожик анклави Ворух атрофи қирғиз қишлоқлари билан ўралган. Қирғизлар бу ерларни ўзлаштиришда ўта фаол.

Ворух харитада анклав сифатида 1959 йилда пайдо бўлган, бироқ тожик томони буни тан олмайди.

Чегара масалалалари таранглашган паллада қирғизлар ворухликларни тожикистон ҳудудига ўтиши учун ягона йўлни ёпиб, ворухликларни озиқ-овқатс ва ватани билан алоқадан маҳрум қилади.

"Ворух аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлаш учун биз қирғизлар ўзини деб ҳисоблайдиган бир чақиримча ҳудуд орқали водопровод қувурларини ўтказишимиз керак. Қўшниларимиз ҳозирча ишни тугатишимиз учун розилик беришмаяпти. Мингалб одамлар сувсизликдан қийналишади. Чегарани аниқлаштириб олиш жуда зарур", деб ҳисоблайди Ворух анклави маъмурияти раҳбари Лойиқ Маҳкамов.

Image caption Натижасиз музокаралар чегаранинг икки томонидаги оддий одамларнинг ҳаётларини қийинлаштириб юборди.

Тожикистан Қирғизистон сув тақсимланадиган ҳудудни ўзиники қилиб олган, деб билади. Суғориш мавсумида ҳам қирғиз, ҳам тожик томони сув тақчиллигидан қийналади.

Қирғизистон эса Тожикистоннинг иддаоларини асоссиз деб атайди.

"Қирғизистоннинг баъзи сиёсатчилари минтақадаги оддий бўлмаган вазиятдан сиёсий очко йиғиш учун фойдаланадилар. Тез-тез айтиладиган учинчи кучлар бор, лекин улар ташқарида эмас, мамлакатнинг ўзида. Чегараолди ҳудудлар аҳолиси тез-тез ана шу сиёсий курашларнинг тутқунлари бўлиб қолишади. Афсуски, раҳбарлар манфаатлари оддий фуқаролар истаклари билан ҳар доим ҳам тўғри келавермайди", дея фикр билдиради "Ворух жамоатини дастаклаш маркази" жамоатчилик ташкилоти маслаҳатчиси Ғолиб Ўринов.

Турли хариталар

Image caption Исфара расмийси Иқбол Тешаев келишувга келиш осон эмас дейди.

Тожикистон ва Қирғизистонни 900 чақиримдан ортиқ давлат чегаралари ажратади, улардан 333 чақирими ҳанузгача демаркация қилинмаган. Чегара чизиқлари шартли ва кўпинча аҳоли масканлари орасидан ёки йўл ёқалаб ўтган.

Таҳлилчилар фикрича, бу ерда энг катта муаммо мамлакатлар чегараларни кўрсатадиган турли йилларда чиқарилган хариталардан фойдаланишади.

Душанбе чегараларни 1924-1939 йиллардаги харита асосида кўриб чиқишни талаб қилади, Қирғизистон эса 1958-1959 йил харитасига асосланишини айтади.

Исфара ҳокимияти матбуот котиби Иқбол Тешаев айтишича, қирғизлар ҳозир бутунлай янги талабларни илгари суришмоқда. Тожикистон буни кўриб чиқишни қатъий рад қилади.

"Душанбе чегарани кейинги харита бўйича кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган. Бироқ қирғиз томони делимитация ва демаркация Тожикистон бир пайтлар Қирғизистонга ижарага берган ердан фойдаланиш ва у ерда яшаш факти асосида бўлишини талаб қилмоқда. Келишувга биноан баҳсли ҳудудларда қурилиш бўлиши тақиқланган бўлса ҳам, айнан мана шу ҳудудларда қирғизлар кўчиб келиб ўрнашишда давом этмоқда",- деб ҳикоя қилади Иқбол Тешаев.

Бу мавзуда батафсилроқ