Қозоқ банкноти учинчи бор дунёда энг яхши деб тан олинди

Image caption Қозоғистон "Йилнинг энг яхши банкноти" мукофотини кетма-кет уч марта қўлга киритган ягона давлат бўлди.

Қозоғистон Республикаси Миллий банки "Дунёнинг энг яхши банкноти" номинациясидаги мукофотни қўлга киритган.

Халқаро банкнот ташкилоти(IBNS) 2013 йил якунларига кўра, Қултегин ёзувига бағишланган 1 000 тенгелик хотира банкнотни "энг яхши" деб топган.

IBNS - бутун дунё банкнот коллекционерлари мустақил бирлашмаси ҳар йили интернет орқали овоз бериш натижасида йилнинг муваффақиятли банкнотини танлаб олади.

Ушбу нотижорий ташкилот 1961 йил ташкил этилган ва бугунга келиб дунёнинг 91 мамлакатида икки мингдан ортиқ аъзолари бор.

Қозоғистон IBNSнинг биринчи мукофотини 2011 йилда Мустақилликнинг 20 йиллигига атаб чиқарилган пули учун олган. Сўнгра "Қозоқ Эли" туркумидаги 5000 тенгега "2012 йилнинг энг яхши банкноти" мукофоти топширилган.

Қозоғистон "2013 йилнинг энг яхши банкноти" мукофотини олиш билан кетма-кет уч марта ушбу мукофотни қўлга киритган ягона давлат бўлди.

"Йилнинг энг яхши банкноти" мукофоти учун 12 мамлакатнинг пул бирликлари қўйилган. АҚШнинг 100 доллари, 5 евро, Россиянинг Сочи олимпиадасига бағишлаб чиқарилган ёдгорлик 100 рубли шулар қаторида.

Қозоғистон Миллий банкининг хорижий шериклар билан ҳамкорлиги 1 000 тенгелик банкнотнинг юқори сифатини таъминлаган.

Ушбу банкнот барча турк халқлари ва турк тамаддунининг буюклигига бағишланади. Ёдгорлик тенге 2013 йил 12 декабрда чекланган тиражда 10 млн дона чиқарилган.

"Бу мукофот бизнинг мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Яъни ғолиб банкнот дизайнининг эстетик кўриниши, чоп қилиш сифати ва сохталаштиришдан ҳимоя воситаларига асосланиб аниқланиши албатта мамлакатимиз юзини ҳам кўрсатади", дея билдирган Қозоғистон Миллий банки.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ