Ўзбекларнинг гази энди ўзига қоладими?

  • 22 Май 2014
  • изоҳлар

Россия ва Хитой чоршанба куни имзолаган газ битими ҳозирнинг ўзида "аср шартномаси" дея таърифланмоқда. 30 йилга мўлжалланган шартноманинг умумий қиймати 400 миллиард долларга тенг.

Россия йилига Хитойга 38 миллиард кубометр газ етказиб бериши кутилади.

Бу Хитой ҳозирнинг ўзида Туркманистон ва Ўзбекистондан сотиб олаётгани газ миқдоридан анча кам.

Аммо мутахассислар келишув Хитойнинг суръат билан ривожланаётган иқтисодининг газга бўлган чанқоғини бир қадар қондириш билан бирга, Пекиннинг газ музокараларидаги мавқейини ҳам мустаҳкамлашини айтишмоқда.

Айримлар Россия гази сабаб ўзбек гази ўзбекларнинг ўзига қолса ажаб эмас, деган фикрда.

Хўш, Россия ва Хитойнинг йирик газ келишуви Ўзбекистон ва минтақага қандай таъсир кўрсатиши мумкин?.

Би-би-си ушбу саволни Британиядаги етакчи газ ва нефт экпертларидан Жон Робертсга берган.

Жон Робертс: Ушбу битим ҳозирнинг ўзида Марказий Осиёдан Хитойга етказиб берилаётган газ ҳажмига таъсир кўрсатмайди. Ҳозирда Туркманистон 65 миллиард кубометр, Ўзбекистон эса тақрибан 5 билан 10 миллиард кубометр орасида Хитойга газ сотишмоқда. Бу ерда муҳим бўлган нарса газнинг нархи устидаги босимдир. Агар Хитой биз гумон қилаётганимиз каби, аввалдан ҳақ тўлаш эвазига Россия газининг нархини сезиларли даражада туширишга эришган бўлса, у ҳолда Марказий Осиёдан келадиган газнинг нархини янада кўпроқ назорат қилиш имконига эга бўлади.

Би-би-си: Ҳозир Хитой ўзбек ва туркман гази учун қанча ҳақ тўлайди?

Жон Робертс: Бу худди Россия билан бўлгани каби тижорий сир ҳисобланади. Аммо мен билган дипломатик манбаънинг айтишича, Хитой, хусусан туркман гази учун Туркманистон чегарасида ҳар минг кубометрига 195 доллар ҳақ тўлайди. Агар туркман ва ўзбек газини Хитойгача етказиш учун кетадиган ҳаражатлар ҳисобга олинса, бу анчайин ҳаққоний нархдир. Аммо ҳақиқий нархнинг қанча эканлигини CNPC (Хитой давлат газ ширкати-таҳр.)дагилардан бўлак ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Чунки масалан, туркман газини қазиб олишдан тортиб, Хитойга етказишгача бўлган барча амалиётларни хитой ширкати назорат қилади. Тожикистондаги газ конларини тадқиқ қилишда ҳам CNPC етакчи рол ўйнамоқда. Яъни Марказий Осиё газини қазиб олаётган ҳам, бозорга олиб чиқаётган, сотаётган ва сотиб олаётган ҳам Хитойнинг ўзи.

Би-би-си: Яъни сизнинг-ча, Ўзбекистон ва Туркманистон энди Хитой бизнинг газимизни олмай қўяди, деб хавотирланишига асос йўқ, шундайми?.

Жон Робертс: Асос бор. Энди улар Хитойдан газ учун ўзлари истаган ҳақни талаб қилишолмайди. Яъни уларнинг ишлаб чиқарувчи сифатидаги мавқеълари заифлашади. Сабаби уларнинг Хитойдан бошқа мижозлари йўқ. Хитойда эса танлов бор. Бу маънода Марказий Осиё ҳукуматларининг газ нархини белгилашдаги имкониятлари чекланган. Улар Хитой нима таклиф қилса, шуни қабул қилишга мажбурлар.

Би-би-си: Сўнгги йилларда Ўзбекистон газнинг катта қисмини Хитойга сотгани учун аҳоли қиш мавсумида газ тақчиллигидан қийналиб келади. Эндиликда Хитой Россиядан ҳам газ сотиб олишни бошласа, оддий ўзбеклар кўпроқ газга умид қилишса бўладими?

Жон Робертс: Россия ва Хитой ўртасидаги газ битими энг кўп таъсир кўрсатадиган давлат Ўзбекистондир. Ўзбекистон Хитой олдида олган мажбуриятларини бажариш учун етарли даражада газ ишлаб чиқаришга қийналаяпти. Ички бозорда сотилаётган газ нархи жуда паст бўлгани учун у кўп исроф ҳам қилинади. Аммо аҳоли учун газ нархини кўтариш ҳар доим ҳам сиёсий жиҳатдан нозик масала. Ўзбек ҳукумати аҳолига газни Хитой ёки Россияга сотилаётган нархда сотишни истайди. Аммо одамларнинг бунга қурби йўқ табиийки. Ҳозир ҳукумат буни қандай амалга оширишга боши қотган. Аммо ички истеъмол билан экспорт ўртасида мувозанатни сақлаш Ўзбекистоннинг ўзи учун ҳам, унинг ташқаридаги мижозлари учун ҳам муҳим.

Би-би-си: Россия ва Хитой келишган газ нархи борасида турли тахминлар айтилаяпти. Сизнинг бу борадаги ҳисоб-китобингиз қандай?

Жон Робертс: Мен аниқ бир рақамни билмайман. Аммо Хитой газ нархи масаласида анчадан буён Россияга босим ўтказаётганди. Шартномани имзолаш учун 10 йил кетгани инобатга олинса, Россия газ нархи ва олдиндан тўлов борасида қаттиқ турганини тахмин қилишимиз мумкин. Бунинг сабаби аён-Россия ўз газини Хитойга етказиш учун зарур бўлган инфратузилмани яратиш учун маблағга муҳтож. Россия Сибир газини олиб ўтувчи тармоқ устидаги ишларни бошлаганига анча бўлган, аммо ҳозиргача унинг аниқ бюджетини ишлаб чиқмаганди. Фақат ҳозирга келиб, яъни Хитой билан олдиндан тўловларни ҳал қилганидан кейингина Россия газ қувурларини қуришни бошлай олади. Менинг тахминимча, Россия Хитой билан олдиндан тўловларни ҳал қилиш учун газ нархини сезиларли даражада туширган бўлиши керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.