Хоруғда яна отишма, вазият нотинч

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Норозилик намойиши давом этмоқда

Жумадан шанбага ўтар кечаси Хоруғ шаҳрида яна отишма рўй берган.

Баъзи хабарларга кўра, тунда номаълум қуролли шахслар Давлат Хавфсизлик қўмитасининг биносига ҳужум қилганлар.

Расмий маълумотларда номаълум шахслар икки енгил машинада келишиб хавфсизлик қўмитасининг биносига граната ирғитишган, кейин бир неча бор ўқ узганлар.

Айни ҳодисада ёши йигирмада бўлган Азамат Паллаев қурбон бўлган, яна икки ёш йигит Аслишо Ноёбшоев ва Наврўз Айдарбековлар ўқ еганлар.

Душанбедаги Би-би-си мухбири Анора Саркаровага кўра, Давлат Хавфсизлик қўмитасидагилар айнан шу йигитларни ҳужум уюштирган деб ишонадилар.

Қўмитанинг шанба куни тарқатган баёнотида бу ҳодиса "аввалдан режалаштирилган террорчилик амали" дейилади.

"Биз хоруғликларни минтақада вазиятни издан чиқариши мумкин бўлган ноқонуний амаллардан тийилишга чақирамиз. Бундан ташқари, биз Давлат Хавфсизлик қўмитасига, жамиятга ва давлат иншоотларига зарар етказиш йўлида ҳар қандай ҳаракатларга жиддий жавоб берамиз", дейилади баёнотда.

Памирдаги норозилик амалларининг раҳбарларига кўра, Давлат Хавфсизлик қўмитасига уюштирилган ҳужум иғвогарлик амалидир.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган шаҳарликларнинг айтишича, соат 1 дан ўтиб қаттиқ портлаш ва отишма овозлари янграган.

21 майда рўй берган отишмада яраланган яна бир ёш йигит ҳам вафот этгани хабар қилинмоқда.

Ҳозирга қадар, Хоруғдаги сўнгги воқеаларда қурбонлар сони камида беш киши экани айтилади.

Шаҳарда вазият қалтис

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Хоруғдаги сўнгги манзаралардан бири

Би-би-сининг минтақадаги мухбирига кўра, Хоруғ марказидаги майдонда ҳамон асосан ёшларнинг норозилик намойиши давом этмоқда.

Бозорда савдо қисман тўхтатилган.

Шаҳарликларнинг айтишича, кўпчилик одамлар ўз уйларидан ташқарига чиқишга қўрқишмоқда.

Кеча майдонда бўлган ёшлардан бири Би-би-си билан суҳбатда намойишчилар майдонга чодирлар тикканликларини айтган эди.

Унга кўра, намойишчилар икки кун муқаддам Хоруғ марказида юз берган отишмада қатнашганларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилганлар.

Намойиш чоршанба куни Хоруғ шаҳри марказида юз берган отишма ортидан бошланган.

Чоршанба куни полиция кучлари ва бир неча хоруғлик ўртасида бўлиб ўтган жанжалда бир полиция зобити дохил уч киши ҳалок бўлган ва беш киши яраланган.

Намойишчилар аҳоли гавжум бўлган шаҳар марказида ўқ узган полиция зобитларини жазога тортишни талаб қилмоқдалар.

Улар полициячиларни енгил машинада бораётган ёшларга қарата ўт очиб, икки кишини ўлдирганликда айблашади.

Бироқ, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, чоршанба кунги отишма наркотиклар контрабандаси билан шуғулланувчи шахслар томонидан бошлатилган.

Вазирликка кўра, Мунаввар Шанбиев исмли шахс ва унинг шериклари полиция ходимларига қаршилик кўрсатиб, уларга ўқ узишлари натижасида тўрт нафар полиция зобити яраланган ва "шунинг учун полиция ходимлари қуролдан ўт очганлар."

Тожикистон расмийлари сўнгги воқеа юзасидан ҳали расмий муносабат билдиришгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.